Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 24 / Бизнинг маслаҳатлар

ПЕНСИОНЕРНИНГ ОЛГАН ПЕНСИЯСИ ЧЕГИРИЛИШИ МУМКИН, ЛЕКИН ҚАЙТАРИЛМАЙДИ

Мен ҳозирда пенсиядаман. Яқинда вилоят Пенсия жамғармаси назорат бўлимидан мутахассислар келиб, олаётган пенсия пулимни текширишдан ўтказишди ва менга пенсия ҳисоблашда иш ҳақи тарзида олган даромадларимга овқат пулларини ҳам қўшиб юборишганини, пенсия пулини ҳисоблашда эса овқат пуллари ҳисобга олинмаслигини, бунинг оқибатида менга ортиқча пенсия тўланганлигини ва энди бу суммани қайтаришим лозимлигини айтишди.

Вилоят Пенсия жамғармаси мутахассисларининг талаби тўғрими? Ахир бизга берилган овқат пуллари иш ҳақига қўшилиб, ундан даромад солиғи ва Пенсия жамғармасига ажратмалар ушлаб қолинган-ку?

Пенсия миқдорини белгилашда қайси даромадлар ҳисобга олинади? Тўланган овқат пуллари пенсияни ҳисоблашда инобатга олинмайдими?

Мукаррамхон Сотволдиева.

 

– Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – Низом) пенсияни ҳисоблаш тартиби белгиланган бўлиб, унинг 84-бандига мувофиқ қонунда назарда тутилган ҳолларда пенсияни ҳисоблаш учун Ўзбекистон Республикасида тегишли касб ва малака ходимининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномалар асос қилиб олинади. Иш ҳақи жисмоний шахсга ҳисобланган иш ҳақи суммасидан олинади.

Низомнинг 90-бандида иш ҳақи таркибига суғурта бадаллари ҳисобланган, СКнинг 172-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар киритилиши белгиланган бўлиб, бу даромадлар ягона ижтимоий тўловнинг ва суғурта бадалларининг солиқ солиш объекти ҳисобланади.

2012 йилга қадар корхона томонидан ходимга тўланадиган озиқ-овқат пуллари қиймати СКнинг 177-моддасига асосан моддий наф тарзидаги даромадлар таркибига киритилиб, улар учун ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари ҳисобланмаган.

Шунинг учун 2012 йилга қадар пенсия ҳисоблашда тўланган озиқ-овқат пуллари иш ҳақи таркибига киритилмаган. 2012 йил 1 январдан бошлаб мазкур тўлов СКнинг 174-моддасига асосан компенсация тўловларига киради. Ўз навбатида, СКнинг 173, 174 ва 175-моддаларида кўрсатилган даромадлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар таркибига киритилиб, уларга ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари ҳисобланади. Демак 2012 йилдан бошлаб тўланган бу тўловлар пенсия ҳисоблашда иш ҳақи таркибига киритилган ҳолда ҳисобланади.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон, кейинги ўринларда – 938-XII-сон Қонун) 65-моддасига мувофиқ фақатгина қуйидаги ҳоллардагина пенсиялардан чегирмалар қилиш мумкин:

а) суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундиришлар борасида), нотариал идораларнинг ижро варақалари ҳамда Ўзбекистон Респуб­ликасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ижроси суд ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳал қилув қарорлари ва қарорлар асосида;

б) Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда.

Пенсиядан чегирмалар қилиш миқдори пенсионерга тўланиши лозим бўлган пулдан ҳисоблаб чиқарилиб, унинг ҳар ойлик миқдори пенсиянинг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас.

Фуқаролик кодексининг 149-моддасига кўра, даъво муддати – шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини судда даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Даъвонинг умумий муддати 3 йилни ташкил қилади.

Юқорида айтганимиздек, пенсия пулини ҳисоблашдаги хато пенсионер томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида юзага келган бўлса, пенсия миқдоридан ортиқча пулларни пенсионернинг пенсиясидан чегирма қилинади. Лекин ортиқча тўлов Пенсия жамғармаси бўлими инспекторининг ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хатоси оқибатида юзага келса, ортиқча тўланган суммаларни пенсионернинг ҳисобидан чегиришни талаб қилиш давлатимиз томонидан олиб борилаётган ижтимоий ҳимоялаш сиёсатига ҳам мувофиқ келмайди, қолаверса, пенсионерларда Пенсия жамғармасига нисбатан ишончсизлик туйғусини келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, Пенсия жамғармасига тўғридан-тўғри, судга мурожаат қилмасдан пенсиядан чегирмалар қилиш ҳуқуқи берилган. Бу эса, ўз навбатида, даъво муддати тушунчасини бекор қилади. Амалиётда 5-10 йил, ҳатто 15 йил ўтгач ҳам инспекторнинг ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хатоси оқибатида ортиқча тўланган суммаларни пенсионерларнинг пенсиясидан чегириш ҳоллари учраб туради.

Пенсия чегирилиши натижасида пенсионерга ортиқча берилган пенсияни қайтаришни талаб қилиш ғайриқонуний ҳаракатдир. Чунки қонунчиликка мувофиқ ортиқча тўланган пенсия пули бўйича қарздорлик тўлиқ узилгунга қадар, пенсия тўлаш тўхтатилган ҳолларда (масалан, меҳнат қобилияти тикланганлиги туфайли) қолган қарз суд тартибида ундирилади.

Шу ўринда қонун ижодкорларининг эътиборини аҳолининг пенсия олувчи қатламини янада кучли ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ва Пенсия жамғармаси масъул шахсларининг ҳисоблашдаги ёк и бошқа техник хатоси оқибатида юзага келган ортиқча тўланган пенсияни чегириш муддатини чеклаш, бундай қилмиш учун Пенсия жамғармаси масъул шахсларининг жавобгарлигини оширишга қаратишларини сўраган бўлар эдик.

Прочитано: 2330 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика