Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 24 / Солиқ тўловчига ёрдам

ИШОНЧНОМАни НОТАРИУС тасдиқлаши ШАРТМИ?

Газетамиз таҳририятига ўқувчимиз   Р.Султонов  тижорат банкларининг нотариал тасдиқланмаган ишончномаларни қабул қилишдан бош тортишлари қанчалик қонунийлигини тушунтириб беришимизни сўраб мурожаат қилди. Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси фуқаронинг хатига тезда муносабат билдириб, амалдаги қонунчиликка асосланган аниқ жавоб берди. Бу республиканинг кўп фуқароларига тааллуқли эканлиги боис, биз уни газетамиз саҳифаларида чоп этишга қарор қилдик.

 

Ҳурматли таҳририят!

Фуқаролик кодексининг 137-моддаси амалиётда қандай қўлланиши тартибини тушунтириб берсангиз, унга кўра банк муассасаларидан суммаларни олиш ҳақидаги ишончнома ваколат берувчи ишлайдиган ёки ўқийдиган ташкилот, у яшайдиган уйга хизмат кўрсатувчи уй-жойдан фойдаланиш ташкилоти, ўзининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёхуд фуқаро даволанишда бўлган даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин.

Ушбу масала «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг (янги таҳрири) 15-моддасида янада аниқлаштирилган, унга мувофиқ фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банклардан суммаларни олишга ишончномаларни белгиланган тартибда тасдиқлаши мумкин.

Бироқ кундалик ҳаётимизда, қонуний асос бўлишига қарамай, мен жорий йил мобайнида мурожаат қилган барча банкларда ходимлар юқорида кўрсатилган тартибда расмийлаштирилган ишончномалари бўлган мижозларга хизмат кўрсатмай, нотариал расмийлаштирилган ишончномалар тақдим этилишини талаб этдилар. Бунда ҳамма жойда Марказий банк кўрсатмасини рўкач қилдилар. Шу ўринда кўп мамлакатларда мижозлари учун ишончномани банкларнинг ўзлари тасдиқлашлари амалиёти мавжудлигини айтиб ўтмоқчиман.

ФКнинг 137-моддаси ва «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонун 15-моддасининг амал қилиши хусусида батафсил тушунтириш берсангиз.

Р.Султанов.

Фуқаро Р.А.Султановга

 

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига

 

Барча тижорат банклари бошқарувчиларига

(ижроси назоратга олинсин ва ҳудудий филиалларга

етказилсин)

 

Барча тижорат банклари филиалларига

(масъул ходимлар ва юридик хизматлар ходимлари эътиборига етказилсин ҳамда риоя этилсин)

 

– Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Сизнинг нотариал тартибда тасдиқланмаган ишончномалар орқали банк операцияларини амалга ошириш давлат ва хусусий тижорат банклари томонидан ноқонуний равишда рад этилаётганлиги ҳақидаги мурожаатингизни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Бош бошқарма ходимлари Сиз билан телефон орқали боғланишганда, мурожаатингизни ёзишга сабаб, ТИФ Миллий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Амалиёт бошқармаси ва Марказий амалиёт бўлими, ДТ «Халқ банки» Шайхонтоҳур ва Чилонзор филиали, АТИБ «Ипотекабанк» Тошкент шаҳар филиали, «Ўзсаноатқурилишбанк» Бош офиси ва Тошкент вилоят минтақавий филиали, ДАТ «Асакабанк» Тошкент вилоят фи-лиали ва бошқа бир қатор банклар томонидан нотариал тартибда тасдиқланмаган, лекин қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган бошқа ишончномаларни қабул қилиш рад этилганлиги аниқланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 134-моддасига асосан бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади.

Мазкур Кодекснинг 135-моддасида ишончнома оддий ёзма шакл­да ёки нотариал шаклда расмийлаштирилиши, нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак, ушбу Кодекснинг 136, 137, 138-моддаларида назарда тутилган ҳоллар ва қонун ҳужжатлари билан ишончноманинг ўзгача шакли белгилаб қўйилган бошқа ҳоллар бундан мустаснолиги белгиланган.

Кодекснинг 137-моддасига асосан хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банк муассасаларидан суммаларни олиш ҳақидаги ишончнома ваколат берувчи ишлайдиган ёки ўқийдиган ташкилот, у яшайдиган уйга хизмат кўрсатувчи уй-жойдан фойдаланиш ташкилоти, ўзининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёхуд фуқаро даволанишда бўлган даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин.

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) хат-хабарни, шу жумладан пул ва жўнатмани олиш учун, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бошқа тўловларни олиш учун, муаллифлар ва ихтирочиларнинг ҳақларини, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банклардан суммаларни олиш учун ишончномаларни белгиланган тартибда тасдиқлаши мумкинлиги қайд этилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви томонидан чиқарилган банк операцияларини амалга оширишга доир идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда банкларга ишончли вакил фақатгина нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома асосида банк операцияларини амалга оширишига доир кўрсатма мавжуд эмас.

Фуқаролик кодексининг 139-моддасига асосан ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, банкларда сақланаётган ўз номингиздаги пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқини ўзингиз маъқул топган ишончли вакилга бевосита иш жойингиздаги раҳбарингиз ёки маҳалла фуқаролар йиғини раисининг олдига шахсан ташриф буюрган ҳолда ишончнома расмийлаштирган ҳолда ишониб топширишингиз мумкин.

Бунда, ишончномада унинг берилган санаси, ишлайдиган ташкилот ёки маҳалла фуқаролар йиғинининг думалоқ муҳри қўйилган бўлиши, шунингдек иш юритиш қоидаларига мувофиқ ҳужжатнинг чиқиш санаси ва тартиб рақами кўрсатилган бўлишига эътибор бериш лозим бўлади.

Ш.МАҚСУМОВ,

Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи.

Прочитано: 2968 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика