Солиқ кодекси 145-моддасининг 11-банди бошқа харажатлар жумласига кирадиган вакиллик харажатлари тушунчасини беради. Ушбу банднинг меъёрлари доимий муассаса ва хорижий корхонанинг вакиллик харажатларига кирадими?
– Хорижий тижорат ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисида низом1 (бундан кейин – 410-сон Низом) билан белгиланишича, ваколатхона ўз эҳтиёжлари учун қилинган харажатларни қоплаш билан боғлиқ ҳисоб-китобларни амалга оширишга ҳақлидир. Бундай харажатларга қуйидагилар киради:
ваколатни амалга ошириш харажатлари;
ваколатхона эҳтиёжлари учун товар-моддий бойликлар харид қилиш бўйича сарф-харажатлар;
ваколатхона ходимларининг иш ҳақи бўйича ҳисоб-китоблар;
хизмат сафари харажатлари;
ижара, коммунал тўловлар ва бошқалар.
410-сон Низом матнидан келиб чиқишича, ваколатхона харажатларини белгилашнинг асосий жиҳати бўлиб уларнинг ўз эҳтиёжлари учун мўлжалланганлиги ҳисобланади.
Қонун ҳужжатларида бериладиган «вакиллик харажатлари» тушунчасини кўриб чиқамиз.
l Вакиллик харажатларига солиқ тўловчининг ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ёки уни сақлаб туриш, шунингдек солиқ тўловчининг бошқарув ва назорат органлари мажлисларига келган иштирокчиларни қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш мақсадларида қиладиган харажатлари киради. Бу харажатлар мазкур шахсларнинг расмий қабулини ўтказиш, транспорт таъминоти, овқатланиши ва турар жойи, солиқ тўловчининг штатида турмаган таржимонлар хизматига ҳақ тўлаш харажатларидир (Солиқ кодексининг 145-моддаси).
l Биржа ҲКП ҳисобрақамидан миллий валютадаги маблағларни ҳисобдан чиқариш вакиллик харажатларига тўлаш учун амалга оширилади (агар ҲКП мижозида Ўзбекистон Республикасидаги ваколатли ваколатхона аккредитация қилинган бўлса) (Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасининг ҳисоб-китоб-клиринг палатаси томонидан ҳисоб-китоб-клиринг хизмати кўрсатилишини ташкил этиш тартибининг2 42-банди).
l Вакиллик харажатларига вакилларнинг (қатнашчиларнинг) расмий қабули (нонушта, тушлик ёки шунга ўхшаш тадбирлар)ни ўтказиш, уларнинг транспорт таъминоти, маданий-кўнгилочар тадбирларга қатнашиши, музокаралар вақтида буфет хизматли ва маданий дастур тадбирларини кўрсатиш, ташкилот штатида бўлмаган таржимон хизматига ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар киради.
Вакиллик харажатлари тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар бўлганда, белгиланган тартибда давр харажатларига киритилиб, уларда учрашув (қабул)ни ўтказиш санаси ва жойи, дастури, таклиф қилинган шахслар, ташкилот томонидан иштирок этувчилар, харажатлар миқдори кўрсатилган бўлиши лозим (Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби3).
Кўрамизки, миллий қонунчилик меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларининг таърифлари қуйидагиларни вакиллик харажатларига киритади:
солиқ тўловчининг ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ёки сақлаб туриш мақсадларида шахсни қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш харажатлари;
кўрсатилган шахсларни расмий қабул қилиш, транспорт таъминоти, уларнинг овқатланиш ва турар жойи бўйича харажатлар;
штатда турмаган таржимонлар хизматига ҳақ тўлаш.
Агар сўз ваколатхона эҳтиёжлари учун товар-моддий бойликларни сотиб олиш харажатлари тўғрисида борса, 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»4 бунга қуйидагича таъриф берганлигини эътиборга олиш керак: товар-моддий захиралар – кейинчалик сотиш мақсадида нормал фаолият юритиш жараёнида тутиб туриладиган ва ишлаб чиқариш жараёнида мавжуд бўлган, шунингдек маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиладиган моддий активлар.
Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 142-«Моддий харажатлар» моддаси моддий харажатларга қуйидагиларни киритади:
1) хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва ярим тайёр маҳсулотлар;
2) ишлаб чиқарилган ва (ёки) реализация қилинадиган товарларни ўраш ва бошқача тайёрлаш учун, шу жумладан сотув олдидан тайёрлаш учун, бошқа ишлаб чиқариш ва хўжалик эҳтиёжлари учун материаллар, ускуналар ҳамда бошқа мол-мулкни таъмирлаш учун материаллар ва эҳтиёт қисмлар;
3) инвентарь, хўжалик анжомлари, амортизация қилинадиган мол-мулк бўлмаган бошқа мол-мулк;
4) солиқ тўловчининг технологик, транспорт, бошқа ишлаб чиқариш ва хўжалик эҳтиёжлари учун сарфланадиган барча турдаги ёқилғи, энергия, шу жумладан солиқ тўловчининг ўзи томонидан ишлаб чиқариш ҳамда хўжалик эҳтиёжлари учун барча турдаги энергияни ҳосил қилиш, биноларни иситиш, шунингдек энергияни бир шаклдан ўзга шаклга ўтказиш ва узатиш харажатлари.
Моддий харажатларга киритиладиган товар-моддий захираларнинг қиймати бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Юқорида келтирилган таърифлардан кўрамизки, реклама лифлетлари, журналлари ва бошқа моддий активларнинг харид қилиниши «ваколатхона эҳтиёжлари учун товар-моддий бойликларни харид қилиш харажатлари» деб ҳисобланади.
Бунинг устига, шунга эътибор қаратиш лозимки, 410-сон Низомда ваколатхона «...ижара, коммунал тўловлар ва бошқалар» бўйича ҳисоб-китоблар қила оладиган харажатларнинг ёпиқ бўлмаган рўйхати келтирилган. Шу сабабли у амалга ошира оладиган харажатларни белгилашда хорижий шахснинг ЎзР ҳудудидаги ваколатхонаси маъносидан келиб чиқиш
керак – у нотижорат тусида бўлиши лозим.
1ВМнинг 23.10.2000 йилдаги 410-сон қарори билан тасдиқланган.
2«ЎзРТХБ» ОАЖ бошқарувининг 27.08.2004 йилдаги 16-сон баённомаси билан тасдиқланган.
3МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 5.06.2000 йилда 932-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
4Молия вазирининг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Гўзал ИСЛОМОВА,
«BAKER TILLY Tashkent» МЧЖ бошқаруви раиси.