Фирмамиз бизнесни ривожлантириш мақсадида жисмоний шахслар билан агентлик битимлари тузди. Аввал-бошдан ҳар бир битимдан 15% миқдорида ҳақ белгиланди. Кейинроқ қўшимча келишувлар билан 5 фоизлик ҳақ тўғрисида аҳдлашувга эришилди. Агент билан фирма ўртасидаги шартномада агентлик келишуви бўйича барча солиқларни фирма тўлаши ва агентга шартномадаги ҳақ суммасини тўлиқ тўлаши назарда тутилган. Бу ҳолда жисмоний шахс сифатида агент учун солиқларни тўлаш тартиби қандай? Агар унинг агентлик ҳақи 15% ва 5%ни ташкил қилса, уларнинг ҳисоб-китобларини (масалан, битим базаси 16 000 000 сўмни ташкил қилади) қандай амалга ошириш керак?
– Сизнинг агентларингиз меҳнат ҳақи тарзида даромад оладилар, унга нафақат жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС), шунингдек ягона ижтимоий тўлов (ЯИТ) ва суғурта бадаллари ҳам солинади.
Солиқ кодексига кўра, даромад олувчи жисмоний шахслар ЖШДС ва фуқароларнинг суғурта бадалларини тўловчилар ҳисобланадилар. Агентлар билан тузиладиган шартномаларга солиқларни фирма тўлаши тўғрисидаги қоидаларни ёзиб қўйиш амалдаги солиқ қонунчилигига зиддир. Солиқ текшируви ҳолатида ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий ва жиноий санкцияларга олиб келиши мумкин.
Бошқача айтганда, сиз шартномаларда ким жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашини белгилай олмайсиз, чунки бу Солиқ кодексида аниқ қайд этилган. Сизнинг агентингиз ҳам солиқ тўловчи ҳисобланади ва сиз унинг ҳақидан ЖШДС ва суғурта бадалларининг тегишли суммасини ушлашингиз ҳамда ушбу суммани бюджетга ўтказишингиз шарт. Шу боис келишувда бутун солиқ солинадиган даромадни назарда тутиш керак. Дарвоқе, солиқ ҳисоботида ҳам, агентга декларациялаши учун бериладиган унинг даромадлари тўғрисидаги маълумотномада ҳам айни уни кўрсатиш керак.
Бу аниқ рақамларда қуйидаги кўринишга эга бўлади (ҳисоб-китобда ЖШДС энг юқори ставкада – 22% ушланади деб тахмин қилинади):
16 000 000 х 5% = 800 000 сўм.
Агентингиз ўз қўлига айни шу суммани олиши учун унинг даромади шундай тарзда ҳисобланиши керакки, токи суммадан ЖШДС ва фуқароларнинг суғурта бадаллари ушланганидан кейин 800 000 сўм суммаси қолсин. Бу ҳолда унинг ҳақ ставкасини 5%дан 6,95%га ўзгартириш мумкин – айни шуни келишувда кўрсатиш лозим. Агентнинг солиқ солинадиган даромади суммаси қуйидагини ташкил қилади:
16 000 000 х 6,95% = 1 112 000 сўм.
Ушбу суммадан 22% (244 640 сўм) бюджетга ЖШДС сифатида, 6% (66 720 сўм) эса фуқароларнинг суғурта бадаллари сифатида ўтказилади. Қолган сумма (800 640 сўм) агентга тўланади. Бундан ташқари, агент даромади суммасининг 25%ига тенг миқдорда (278 000 сўм) бюджетга ЯИТ тўланиши керак.
Агар ставка аввал-бошдан 15%ни ташкил қилган бўлса, олиш учун тахмин қилинаётган сумма 2 400 000 сўмни (16 000 000 х 15%) ташкил қилади. Агент уни қўлга олиши учун шартномада ҳақ суммаси – 20,84% қайд этилиши лозим.
Бу ҳолда унинг даромади суммаси 3 334 400 сўмни (16 000 000 х 20,84%) ташкил қилади.
Ундан 22% (733 568 сўм) бюджетга ЖШДС сифатида, 6% (200 064 сўм) эса фуқароларнинг суғурта бадаллари сифатида ўтказилади. Қолган сумма (2 400 768 сўм) агентга тўланади. Бундан ташқари, агент даромади суммасининг 25%и миқдорида
(833 600 сўм) бюджетга ЯИТ ўтказиш керак.
Игорь АИПКИН,
эксперт-иқтисодчимиз.