Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 24 / Аудит

МАЖБУРИЯТЛАРСИЗ, БИРОҚ ОҚИБАТЛАРИ БИЛАН

Хорижий инвестор (юридик шахс) корхонамиз акцияларининг давлатга тегишли бўлган бир қисмини сотиб олди. Ваколатли давлат органи билан акцияларнинг олди-сотди шартномасини тузиб, ўзининг инвестициявий мажбуриятларини бажариш учун у валюта ҳисобрақамимизга пул ўтказди, шунингдек технологик жиҳозлар етказиб берди. Мажбуриятларнинг бошқа қисми 2 йил мобайнида ишлаб чиқариш биноларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш шаклида бажарилиши керак. Бундай ҳолда корхонамизда қандай солиқ мажбуриятлари юзага келади?

 

Х

ОРИЖИЙ инвесторингиз жисмоний ёки юридик шахс ҳисобланишидан қатъи назар, давлат активлари (акциялар ёки улушлар) харид қилингандан кейин инвестициявий мажбуриятларни бажариш тартибида валюта пул маблағлари ёки технологик жиҳозлар киритилганда, агар инвестициялаш шартлари, шакллари ва муддатларига риоя этилган тақдирда, сизда солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Агар сизнинг корхонангиз ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлса, инвестор билан давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ инвестиция мажбуриятлари сифатида киритилаётган мол-мулк Солиқ кодекси (СК)нинг 355-моддасига асосан солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди.

Агар корхонангиз солиқ солишнинг умумий тизимида бўлса, инвестиция мажбуриятлари сифатида киритилаётган мол-мулк ҳам жами даромад таркибига киритилмайди (СКнинг 129-моддаси). Мол-мулкни киритишга ҚҚС ҳам солинмайди (CКнинг 208, 211-моддалари). Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини хусусийлаштиришда хорижий сармояларни жалб қилишни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори (18.11.1998 йилдаги 477-сон) билан белгиланишича, хусусийлаштириладиган корхона томонидан хорижий инвесторнинг инвестиция мажбуриятлари ҳисобига олинган пул маблағлари ва технология асбоб-ускуналари фойда солиғи ва қўшилган қиймат солиғи солинадиган объектлар бўлиб ҳисобланмайди.

 

Б

ИРОҚ шунга эътибор қаратамизки, Солиқ кодекси ва ВМнинг 477-сон қарорининг санаб ўтилган меъёрларида сўз инвестициявий мажбуриятларни бажариш сифатида киритилган мол-мулк тўғрисида боряпти – ушбу операцияларга солиқ солинмайди. Инвестиция мажбуриятларини бажаришнинг бошқа шакллари хусусида бунчалик қатъи тарзда сўзлаб бўлмайди. Амалиётда инвесторлар қонун ҳужжатларида рухсат берилган инвестициялашнинг турли шаклларини кўриб чиқаётганда баъзан СК меъёрларини кенгайтириб талқин қиладилар ёки ҳисобга олмайдилар, бу эса жиддий хатоларга, солиқларни қўшимча ҳисоблаш ва молиявий ҳамда бошқа санкцияларни қўллаш хатарига олиб келади. Бунинг сабаблари бир нечта.

Солиқ солиш мақсадида мол-мулк деб эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган моддий объектлар, шу жумладан пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар (пайлар, ҳиссалар) ҳамда номоддий объектлар эътироф этилади (СКнинг 22-моддаси).

Шуни таъкидлаш лозимки, қонун ҳужжатларида «номоддий активлар» тушунчаси тўғридан-тўғри қайд этилмаган. Агар бундай деб Фуқаролик кодексининг (ФК) 97–100-моддаларида назарда тутилган номоддий неъматлар тушунилса, уларга аввало интеллектуал фаолият натижалари киритилади (ФКнинг 1031-моддаси). 7-сон Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти «Номоддий активлар»1 номоддий активларга ЭҲМ дастурлари, ихтиро, товар белгисига мутлақ ҳуқуқлар, табиат ресурслари ва геологик ахборот, ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқлари каби ва шунга ўхшаш моддий-ашёвий таркибга эга бўлмаган мол-мулкнинг идентификацияланадиган объектлари киради.

Умуман олганда, ФКда фуқаролик ҳуқуқларининг объектларига ашёлар, шу жумладан пул ва қимматли қоғозлар, бошқа буюмлар, мол-мулк, шу жумладан мулкий ҳуқуқлар, ишлар ва хизматлар, ихтиролар, саноат намуналари, фан, адабиёт, санъат асарлари ва интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижалари, шунингдек шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа моддий ҳамда номоддий бойликлар киритилади.

Фуқаролик ҳуқуқининг энг кўп тарқалган объектлари – хом ашёлар (улар жумласига, хусусан, пул, валюта бойликлари, қимматли қоғозлар) ва уларга бўлган ҳуқуқлар. Бироқ ФКнинг 81-моддаси объектларнинг яна учта мустақил турини белгилайди: ишлар ва хизматлар, интеллектуал фаолият натижалари, шунингдек номоддий неъматлар.

Ушбу моддада фуқаролик ҳуқуқлари объектлари тўлиқ рўйхати келтирилган: мол-мулк, ишлар ва хизматлар, интеллектуал фаолият (интеллектуал мулк) натижалари ва номоддий неъматлар. Бироқ агар ахборот (ФКнинг 98-моддаси), интеллектуал мулк (ФКнинг 1031-моддаси) ва номоддий неъматлар (ФКнинг 97–100-моддалари) учун Кодексда умумий таърифлар берилган бўлса, объектларнинг энг кўп тарқалган ва анъанавий турлари – мол-мулк, ишлар ва хизматлар – унда ғоятда кенг кўриб чиқилган. Мисол учун, ашё сифатида мол-мулк таърифи ФКнинг 7-бобида мустаҳкамланган, унда ашёнинг турлари ҳам келтирилган (ФКнинг 83-моддаси).

Фуқаролик ҳуқуқида «мол-мулк» таърифи ашёлар, мулкий ҳуқуқлар ва мулкий мажбуриятларни қамраб олади. «Мол-мулк» тушунчаси ашёлар ва мулкий ҳуқуқларнинг жами сифатида асосан мажбурият ҳуқуқида қўлланади (ФКнинг 234-моддаси). Ашёлар ва ашёвий-ҳуқуқий тусдаги мулкий ҳуқуқлар маъносида у ФКнинг 164, 169-моддаларида ҳам қўлланади. Унга кўра мулк ҳуқуқи шахснинг айни унга тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқидан иборатдир, мулкда эса табиий ресурслар, корхоналар, ашёлар, шунингдек интеллектуал мулк объектлари бўлиши мумкин. Шу сабабли «мол-мулк» тушунчасининг маъносини белгилаш ҳар бир ҳолда эътибор билан ва профессионал ёндашишни талаб этади.

Ишлар ва хизматлар эса асосан мажбурият ҳуқуқий муносабатларида фуқаролик ҳуқуқларининг алоҳида объектлари ҳисобланади (ФКнинг 234-моддаси ва бошқа моддалари). Иш ва хизмат – бир тартибдаги тушунчалар. Улар субъектлар томонидан фуқаролик ҳуқуқий муносабатларини амалга ошириш жараёнида амалга ошириладиган ҳаракатлар натижасидир. Уларнинг фарқи натижанинг хусусиятида кўринади. Ишларни бажаришда у ашёлашган шаклга, хизматлар кўрсатаётганда ашёлашмаган шаклда бўлади. Иш пудрат туридаги мажбурият ҳуқуқий муносабатларининг (масалан, қурилиш, реконструкция қилиш ва ҳ.к.), хизмат эса – банк операциялари, йўловчилар, юклар ва багаж ташишлар, экспедиция, сақлаш, топшириш, воситачилик ҳолда ашёлашган шаклда натижани барпо этишга олиб келмайдиган бошқа харажатлар соҳасида мажбурият ҳуқуқий муносабатларининг объекти ҳисобланади.

 

Қ

онун ҳужжатларида инвес­тициявий мажбуриятларни бажариш, яъни исталган рухсат берилган шаклда (улар эса жуда хилма-хил) ва нафақат пул маблағлари ва (ёки) технологик жиҳозларни киритиш тарзида, инвестицияларни қўйишни назарда тутади.

Хусусан, Давлат активларини биржадан ташқари савдоларда, шу жумладан инвестиция мажбуриятлари билан сотиш тартиби тўғрисида низомнинг2 7-бандида назарда тутилишича, инвестиция­лаш:

ўтказилган пул маблағлари, шунингдек инвесторнинг фаолиятидан олинган фойдани, шу жумладан унинг улушига ҳисобланган дивидендларни қайта инвестициялаш;

ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун хом ашё ва материаллар, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар етказиб бериш;

таъмирлаш ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш;

ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш;

корхонанинг бюджет, давлатнинг мақсадли жамғармалари олдидаги қарздорлигини, кредитлар ва бошқа мажбуриятларини тўлиқ ёки қисман тўлаш;

маҳсулотлар, ишлар ва хизматларнинг муайян турини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш;

ноу-хау, интеллектуал мулкнинг бошқа турларини жорий этиш;

кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашга харажат қилиш йўли билан;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда амалга оширилади.

ВМнинг «Паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор давлат корхоналарини ва объектларни хусусийлаштиришни жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» қарори (26.08.2003 йилдаги 368-сон) 3-бандида эса мажбуриятлар корхонанинг кредиторлик қарзини узиш билан ҳам бажарилиши мумкинлигини назарда тутади.

Баъзи қонун ҳужжатлари инвестициявий мажбуриятларни бажаришнинг янада кенг шаклини белгилайди. Чунончи, Давлат мулки бўлган объектларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг3 70-банди уларни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш шаклида бажариш мумкинлигини белгилайди. Худди шундай қоида Президентнинг «2007-2010 йилларда хусусийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори (20.07.2007 йилдаги ПҚ-672-сон) 3-банди билан ҳам мустаҳкамланган.

Бинобарин, инвестициявий мажбуриятлар моҳиятига кўра хорижий инвестор томонидан инвестициялар амалга оширилишининг кафолати ҳисобланиб, ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган шаклларда ва «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг (24.12.1998 йилдаги 719-I-сон) 4-моддаси ҳамда «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг (30.04.1998 йилдаги 609-I-сон) 3, 5-моддаларида саналган усуллар билан бажарилиши мумкин.

Шу тариқа, кейинчалик инвес­тицияларни киритиш мажбурияти билан биргаликда давлат активлари (акциялар, улушлар)нинг олди-сотди шартномаларида уларнинг пул маблағлари ва (ёки) технологик жиҳозлар (мол-мулк) тарзидаги шакллари назарда тутилмаган, балки, мисол учун, кредиторлик ёки бюджетдан қарзни узиш, реконструкция қилиш ёки модернизациялаш, бошқа ишлар ёки хизматлар (таъмирлаш ва бошқалар) сингари усуллари белгиланган бўлса, солиқ қонунчилиги нуқтаи назаридан олганда, бундай қўйилмаларга қўшилган қиймат солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови солишдан катта хатар юзага келади. Инвестицияларнинг ҳажмлари миллиардлаб ва ўн миллиардлаб сўмда ҳисобланиши мумкинлиги боис, солиқлар суммалари ҳам салмоқли миқдорларга етиши мумкин.

Тахминимча, қарши фикр билдирувчилар ҳимояловчи далил сифатида Президентнинг ПҚ-672-сон қарори 4-бандини келтиришлари мумкин, унда назарда тутилишича, инвестиция мажбуриятлари сифатида киритиладиган маблағ ва мол-мулк фойда, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда қўшилган қиймат солиқларига тортилмайди. Ягона солиқ тўлови тўланишини ПҚ-672-сон қарор тартибга солмайди.

Бироқ ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланишича, айни киритилаётган мол-мулк кўрсатилган солиқлардан озод қилинади. Агар олдимизга «маблағлар» тушунчаси таърифини топиш мақсадини қўйсак, қонун ҳужжатларида у кўпинча пул маблағлари ёки асосий воситалар маъносида қўлланади. Бунинг устига, солиқ солиш мақсадида бир неча маротаба ва қатъий тарзда «маблағлар (мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар)» тушунчаси қўлланади (СКнинг 129, 355 ва бошқа моддалари), уларга бирорта кенгайтирилган талқин берилмайди. Бундан ташқари, СКнинг 135-моддаси, мол-мулкдан ташқари, текинга олинган ишлар ва хизматларни даромаднинг айрим тури сифатида белгилайди.

 

Б

АЁН этилганлардан келиб чиқиб, бир қатор тавсиялар бериш мумкин:

1. Давлат билан инвестиция битимларини тузиш чоғидаги операциялар қонунчиликнинг қатъий талаблари ва бизнес учун сезиларли оқибатлар келтириши мумкинлиги туфайли юқори даражада билимдонлик ва алоҳида мониторингни талаб қилади. Шу сабабли раҳбарлар, бош бухгалтерлар, юристлар, аудиторлар, бизнес маслаҳатчилари музокаралар ўтказаётганда, мазкур битимлар шартларини муҳокама қилиш ва инвестицияларнинг бизнес-режасини тайёрлаш чоғида мақоламизда баён этилган хатарлар кўзга ташланадиган вазиятларни ўрганиш қатъиян зарурлигига алоҳида эътибор қаратишлари керак.

2. Агар кейинчалик инвестициялаш мажбурияти билан биргаликдаги давлат активларининг олди-сотди шартномаси пул валюта маблағлари ёки технологик жиҳозлар тарзида тўғридан-тўғри инвестициялар киритилишини назарда тутмаса, балки кредиторлик ёки бюджет олдидаги қарзни узиш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш, бошқа ишлар ёки хизматлар (таъмирлаш ва бошқалар) сингари усулларни белгиласа, инвестициявий мажбуриятларни бажариш бўйича битимларни шундай таркиблаш керакки, токи солиқ солиш ёки ҳатто давлат активларини харид қилиш ва улкан зарарлар кўриш бўйича битимларни бекор қилиш хатарларини камайтириш мақсадида инвестициялар шакли ва мазмуни бўйича талабларга риоя этилиши жуда ҳам аниқ тарзда таъминлансин.

Чунончи, реал технологик жиҳозни киритишни учинчи шахс­ларнинг, агар корхона жиҳоз етказиб беришига ҳақ тўлай олмаса, ҳақни унинг учун тўлаш тўғрисидаги бирор-бир ёзма кафиллиги билан алмаштириш қатъиян тавсия этилмайди. Пулни қарз шаклида корхонага катта фоизлар эвазига бериш ҳам тавсия этилмайди, чунки гарчи қарзлар қайтариладиган инвестициялар сифатида ҳам қаралиши мумкин бўлса-да, бироқ ваколатли давлат органлари инвестицияларнинг бундай шаклини эътироф этишга, уни кейин корхонадан олиб қўйиш туфайли, эҳтиёткорлик билан ёндашадилар.

Назарда тутилган қатъий конвертацияланадиган валюта ўрнига у ҳисоб-китоб-клиринг палатаси ҳисобрақамларида бўлган, бунинг устига келиб чиқиши шубҳали ёки ноқонуний бўлган миллий валюта суммаларида амалга ошириладиган ҳолат хатарли инвестициялашнинг бошқа вариантидир.

Узоқ муддатли лойиҳалар ёки хориждан маблағ жалб этиш аломатларига эга бўлган операциялар сингари инвестиция битимлари капитал ҳаракати билан боғлиқ битимлар сингари (7.05.1993 йилдаги 841-XII-сон «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси) Марказий банкда рўйхатдан ўтказилишлари керак­лиги (29.08.1996 йилдаги 263-I-сон «Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси) ҳам вазифани янада мураккаблаштиради. Уларни рўйхатдан ўтказиш таомили Капитал ҳаракати билан боғлиқ алоҳида валюта операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом4 билан белгиланган. Унинг хусусиятлари тўғрисида биз «Қонун талаби қатъий, бироқ унга риоя этиш шарт» мақоласида («СБХ», 26.03.2013 йилдаги
12 (972)-сон)
ёзган эдик.

Айни вақтда тўғри ёндашиш ва турли жиҳатларни синчиклаб кўриб чиқиш билан реконструкция қилиш ёки модернизациялаш лойиҳаларини бемалол белгиланган талаблар доирасида қатъиян амалга ошириш мумкин. Хусусан, инвесторнинг ўзи ишларнинг буюртмачиси бўлиб, уларни тўловларни учинчи шахслар – пудратчиларга ўтказиш йўли билан молиялашни, кейин эса бажарилган ишларни инвестициявий мажбуриятлар сифатида киритадими ёки корхонага пул маблағларини киритиб, ўзи эса буюртмачи сифатида майдонга тушиб, ишларга мустақил тарзда ҳақ тўлаши аҳамиятга эгадир.

3. Амалиётнинг гувоҳлик беришича, баъзи аудиторлик ва адвокатлик ташкилотлари қонунчиликнинг мазкур инвестиция операцияларини (шартномаларни) комплекс профессионал кўриб чиқиш ва уларни тартибга солиш бўйича талабларини қўллаш бобида етарлича тажрибага эга эмаслар. Мазкур масалалар бўйича ўз маслаҳатчиларингизнинг хабардорлиги хусусида шубҳаланилган тақдирда ҳақиқатан ҳам қарорларнинг юқори сифатини ва бизнес учун тавсияларнинг самарадорлигини таъминлайдиган профессионал аудиторлик ёки адвокатлик корхоналарига мурожаат қилиш имкониятини излаб топинг.

 

1Молия вазирининг АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2ВМнинг 29.01.2009 йилдаги 27-сон қарорига 2-илова.

3ВМнинг 21.07.2006 йилдаги 145-сон қарори билан тасдиқланган.

4МБ бошқарувининг АВ томонидан 18.03.2005 йилда 1457-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

 

 

P.S. Мазкур масалани тадқиқ қилишда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар синчиклаб ўрганилганлигига қарамай, чоп этилаётган жавоб профессионал маслаҳат ҳисобланмаслигига эътибор қаратиш керак. Жавоб саволда баён этилган вазиятни қандай тушунишларидан келиб чиқиб уни ўрганган шахсларнинг фикрини ифодалайди.

Мазкур материалда тақдим этилган фикр масалани қўшимча ўрганиш ва кейинчалик муҳокама қилиш учун имконият беради. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқ қўллаш олдидан профессионал маслаҳат олиш учун мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир, у вазиятни мақбул ва қонуний тарзда ҳал этиш мақсадида айрим лойиҳаларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш имконини беради.

Олег ДАМИНОВ,

«BAKER TILLY UZBEKISTAN» компаниялари
аудиторлик-консалтинг гуру
ҳининг бошқарувчи ҳамкори.

Прочитано: 2399 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика