Тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамизда бажариладиган ишларнинг бир қисми, яъни матоларни титиш бўйича ишлар ва тикиш ишларининг бир қисми цехда, бичиш-тикиш ишларининг яна бир қисми касаначилик асосида 7-8 та хонадондаги тикувчи аёллар ёрдамида ташкил этилган.
Корхонамизда ҳар ойда асосий ходимлар ва касаначиларга жами 9 300 минг сўмлик иш ҳақи ажратилади: асосий ходимларга 6 400 минг сўм; касаначиларга 2 900 минг сўм.
Менга меҳнатга ҳақ тўлаш фонди бўйича касаначиларга ажратилган иш ҳақи учун ягона ижтимоий тўлов ҳисобланмаслиги мумкинлиги ҳақида айтишди, лекин Солиқ кодексининг 308-моддасида касаначилар учун имтиёз қўлланиши мумкинлиги кўзда тутилмаган.
Меҳнатга ҳақ тўлаш фонди бўйича касаначиларга ажратилган иш ҳақи учун ягона ижтимоий тўлов ҳисоблашимиз тўғрими ёки бу борада имтиёзлар кўзда тутилганми?
«Generous textile» МЧЖ бухгалтери.
– Солиқ кодексининг (СК) 30-моддасига мувофиқ ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ва Президентнинг қарорларида назарда тутилган, бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга бериладиган афзалликлар, шу жумладан солиқ ва (ёки) бошқа мажбурий тўлов тўламаслик ёхуд уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар деб эътироф этилади. Яъни солиқ конунчилигига кўра солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар нафақат СК, балки бошқа қонун ҳужжатлари, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан ҳам тақдим этилиши мумкин.
Касаначилик бўйича тўланадиган суммаларга ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари ҳисобланмаслиги тарзидаги имтиёз Президентнинг 5.01.2006 йилдаги «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПФ-3706-сон Фармонининг 3-бандига асосан 2006 йилнинг 1 февралидан бошлаб 2014 йилнинг 1 январигача товарлар (ишлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш бўйича касаначиларга буюртма берадиган корхоналарга тақдим этилган.
Солиқ тўловчи солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлардан тегишли ҳуқуқий асослар вужудга келган пайтдан эътиборан улар амал қиладиган бутун давр мобайнида фойдаланишга ҳақли бўлади.
Демак, корхонангиз ишчиларининг даромадларидан ягона ижтимоий тўлов 25% ставкада тўланади ва сизнинг ҳолатингизда ижтимоий тўлов 1 600 минг сўмни (6 400 х 25 %) ташкил этади. Касаначиларга тўланадиган 2 900 минг сўм даромадга ягона ижтимоий тўлов ҳисобланмайди.
Жавобни
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ
тайёрлади.