Ресурс ва мол-мулк солиқлари бўйича солиқ ҳисоботининг янги шакллари (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 2439-сон қарор) «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга (25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-343-сон) мувофиқ ишлаб чиқилган.
1. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича ҳисобот шаклидаги янгилик (2439-сон қарорга 5-илова).
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ва тижоратбоп топилма бонуси бўйича ҳисоботни Солиқ кодексининг (бундан кейин – СК) 243 ва 254-моддаларига мувофиқ ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ва тижоратбоп топилма бонусини тўловчилар деб эътироф этиладиган шахслар топширадилар. Унга доир солиқ ҳисоботининг янги шакли қуйидагиларни ўз ичига олади:
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўловчи тўғрисидаги маълумотлар;
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби;
Тижоратбоп топилма бонуси ҳисоб-китоби.
Ҳисобот, бундан Тижоратбоп топилма бонуси ҳисоб-китоби мустасно, солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органларига қуйидаги муддатларда тақдим этилади:
юридик шахслар томонидан – ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатда;
жисмоний шахслар томонидан – йилига бир марта, солиқ давридан кейинги йилнинг 1 февралидан кечиктирмай.
Бунинг маъноси шуки, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига тааллуқли бўлмаган солиқ тўловчилар ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича ҳисоботни ҳар чоракда тақдим этадилар.
Улар учун ҳисобот даври қилиб чорак (2013 йил 1 январгача – ой) белгиланган. Илгари Ҳисоб-китобни тақдим этишнинг бундай тартиби фақат микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилган. Янги ҳисоботда Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби ва унга илова битта шаклга бирлаштирилган.
Бунда Ҳисоб-китоб «Давр» устуни билан тўлдирилган, у биринчи, иккинчи ва учинчи чораклар охиридаги кўрсаткичлар сатрларига ажратилган. Уларни микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига тааллуқли бўлмаган юридик шахслар тўлдирадилар, чунки улар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳар ойда – кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай тўлаш сақланади.
Микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек жисмоний шахслар ой якунлари бўйича мазкур сатрларни тўлдирмайдилар.
Тижоратбоп топилма бонусининг ҳисоб-китобини солиқ тўловчилар солиқ ҳисобига олиш жойидаги солиқ органларига ваколатли давлат органи фойдали қазилмалар захираларини тасдиқлаган кундан бошлаб 25 кундан кечиктирмай тақдим этадилар. Унинг шакли амалдаги таҳрирда ўзгартиришларсиз сақланган.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ва тижоратбоп топилма бонусини ҳисоблаб чиқариш тартиби, шунингдек уларни тўлаш муддатлари амалдаги таҳрирда сақланади.
2. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича ҳисобот шаклидаги янгилик (2439-сон қарорга 6-илова).
Ушбу ҳисоботни СКнинг 257-моддасига мувофиқ сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилари деб эътироф этиладиган шахслар тўлайдилар. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича ҳисоботнинг янги шакли ўз ичига қуйидагиларни олади:
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотнома (сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг умумий суммаси солиқ даври учун энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан ортиқ миқдорни ташкил этадиган юридик шахслар учун (микрофирмалар ва кичик корхоналардан ташқари) – қўшимча;
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотнома (микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига тааллуқли бўлмаган, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг умумий суммаси солиқ даври учун энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан кам миқдорни ташкил этадиган юридик шахслар, шунингдек микрофирмалар, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун) – қўшимча;
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчи тўғрисида маълумотлар;
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчиси тўғрисида маълумотлар (фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари тўлдирадилар);
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби;
Ҳисоб-китобга илова – Солиқ солинадиган базанинг солиқ солинмайдиган сув ҳажмига камайтирилиши.
Жорий йилнинг 1 январидан ушбу солиқ ҳисоботи қуйидагилар томонидан солиқнинг ҳисоб-китоби сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойидаги солиқ органларига қуйидагилар томонидан йилига бир марта тақдим этилади:
юридик шахслар томонидан (қишлоқ хўжалиги корхоналари бундан мустасно) – йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатда;
ягона ер солиғини тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан – жорий солиқ даврининг 15 декабригача;
Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – солиқ давридан кейинги йилнинг 25 январигача.
Ушбу солиқ даври йилда бир марта тақдим этилиши муносабати билан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилари тўғрисидаги маълумотлардан «Ҳисобот даври, ой/чораги» сўзлари чиқариб ташланди. Мазкур солиқ бўйича солиқ даври мобайнида жорий тўловларни тўлаш жорий этилади. Уларнинг миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ тўловчилар жорий солиқ даврининг 25 январигача сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойидаги солиқ органларига жорий солиқ даври учун тахмин қилинаётган сувдан фойдаланиш ҳажмининг солиқ солинадиган базасидан (Маълумотноманинг 010-сатри) ва белгиланган солиқ ставкаларидан (Маълумотноманинг 020-сатри) келиб чиқиб ҳисобланган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси тўғрисида маълумотнома (бундан кейин – Маълумотнома) тақдим этадилар.
2013 йил учун ер усти ва ер ости манбаларидаги сувдан фойдаланганлик учун ушбу солиқнинг ставкалари солиқ тўловчиларнинг тоифасига боғлиқ ҳолда Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» қарорига (25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон, бундан кейин ПҚ-1887-сон қарор) 13-иловада белгиланган.
Янги ташкил этилган юридик шахслар мазкур маълумотномани улар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмай тақдим этадилар. Уни солиқ органларига солиқ тўловчиларнинг қуйидаги тоифалари тақдим этмайдилар:
ягона ер солиғини тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари;
фаолиятини Ўзбекистонда доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари;
юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари.
Маълумотноманинг 030-сатрида солиқ даври учун 010 ва 020-сатрлар кўпайтмаси сифатида ҳисобланган солиқнинг тахмин қилинаётган суммаси кўрсатилади.
Маълумотноманинг 040-сатрида жорий тўловлар суммаси кўрсатилади: сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси солиқ даврида ЭКИҲнинг 200 бараваридан кўп миқдорни ташкил этадиган юридик шахслар томонидан (микрофирмалар ва кичик корхоналар бундан мустасно) – ҳар ойнинг 25-кунидан кечиктирмай солиқ йиллик суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида (030-сатр / 12);
солиқ даврида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан камни ташкил этадиган юридик шахслар, шунингдек микрофирмалар, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – солиқ йиллик суммасининг 1/4 қисми миқдорида (030-сатр / 12).
Агар солиқ даври мобайнида тахмин қилинаётган солиқ солинадиган база ўзгарса, солиқ тўловчи сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотномани тақдим этишга ҳақлидир. Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун жорий тўловлар унинг тенг улушлар билан ўзгариши суммасига тузатилади.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобини барча солиқ тўловчилар, бундан юридик шахсни ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари мустасно, солиқ даврида олинган сувнинг амалдаги ҳажмидан ва белгиланган ставкалардан келиб чиқиб тўлдирадилар.
Солиқ даври учун солиқ тўланган жорий тўловларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилганлиги боис ҳисоб-китобнинг 060-сатрида жорий тўловлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг ҳисоблаб ёзилган суммаси кўрсатилади (илгари ушбу сатрда аввалги давр учун ҳисоб-китоб бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг ҳисоблаб ёзилган суммаси кўрсатилган, чунки ҳисоб-китоб солиқ тўловчиларнинг тоифасига боғлиқ ҳолда ҳар ойда ёки ҳар чоракда тақдим этилган).
Солиқ даврида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловлар суммаси ҳисоб-китобга кўра бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига нисбатан 10 фоиздан ортиқ миқдорга камайтирилган тақдирда, солиқ органи жорий тўловларни сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб, пеня ҳисоблаган ҳолда қайтадан ҳисоблаб чиқади.
Ҳисоб-китобга «Солиқ солинадиган базани солиқ солинмайдиган сув ҳажмига камайтириш» иловаси амалдаги таҳрирда ўзгартиришларсиз сақланган.
Жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ҳамда жорий тўловларни ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ СКнинг 264-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
Деҳқон хўжаликлари солиқни солиқ давридан кейинги йилнинг 1 февралидан кечиктирмай солиқ органлари томонидан топшириладиган тўлов хабарномасига асосан тўлайдилар. Унда кўрсатилган солиқ суммаси солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкалардан келиб чиқиб белгиланади.
3. «Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ҳисобот шаклидаги янгилик (2439-сон қарорга 7-илова).
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ҳисобот СКнинг 265-моддасига мувофиқ юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўловчилари деб эътироф этиладиган шахслар томонидан тўлдирилади. Ушбу солиқ бўйича янги шакл ўз ичига қуйидагиларни олади:
юридик шахслар – Ўзбекистон Республикасининг резидентлари учун:
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномалар (микрофирмалар ва кичик корхоналардан ташқари);
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотнома (микрофирмалар ва кичик корхоналар учун) – қўшимча;
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўловчиси ҳақида маълумотлар;
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоб-китоби;
Ҳисоб-китобга 1-илова – Солиқ солиш объектлари ўртача йиллик қолдиқ қиймати (ўртача йиллик қиймати)нинг ҳисоб-китоби;
Ҳисоб-китобга 2-илова – Меъёрий муддатларда ишга туширилмаган тугалланмаган қурилиш объектларининг рўйхати;
Ҳисоб-китобга 3-илова – Белгиланган муддатда ишга туширилмаган асбоб-ускуналарнинг рўйхати;
Ҳисоб-китобга 4-илова – Солиқ солинмайдиган мол-мулк рўйхати;
Ҳисоб-китобга 5-илова – Маҳаллийлаштириладиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган мол-мулкнинг рўйхати;
Ҳисоб-китобга 6-илова – Мол-мулк солиғи ставкаларига экспорт улушига боғлиқ ҳолда тузатишлар киритиш;
юридик шахслар – Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари учун:
Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентларида мавжуд бўлган асосий воситаларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати тўғрисида маълумотнома;
Маълумотномага илова – Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентларида мавжуд бўлган солиқ солинадиган мол-мулк рўйхати;
Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширмайдиган Ўзбекистон Республикаси норезидентларига (юридик ва жисмоний шахсларга) мулк ҳуқуқида тегишли бўлган кўчмас мулк ҳақидаги маълумотнома.
Юридик шахслар – Ўзбекистон резидентлари ушбу солиқ ҳисоботини Солиқ ҳисоби жойидаги солиқ органларига йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатида йилига бир марта тақдим этадилар (2013 йил 1 январгача у ҳар чоракда, яъни бир йилда 4 марта тақдим этилган).
Шу муносабат билан микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ушбу солиқ бўйича жорий тўловларни солиқ даврида тўлаш жорий этилган. Тегишинча, уларда тахмин қилинаётган солиқ солинадиган база – тегишли йилга мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати (ўртача йиллик қиймат) ва белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган Солиқ даври учун мол-мулк солиғига доир жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномани (бундан кейин – Маълумотнома) солиқ органларига тақдим этиш мажбуриятлари юзага келган (Президентнинг ПҚ-1887-сон қарорига 17-илова). Маълумотнома барча юридик шахслар – резидентлар томонидан жорий солиқ даврининг 10 январигача тақдим этилади. Янги ташкил этилган юридик шахслар уни улар давлат рўйхатига ўтказилган санадан бошлаб 30 кундан кечиктирмай тақдим этадилар.
Маълумотноманинг 100-сатрида солиқ даври учун мол-мулк солиғининг умумий суммаси кўрсатилади, у 030, 060 ва 090-сатрларнинг йиғиндиси сифатида аниқланади.
110-сатрда ойлик жорий тўловлар суммасини:
микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар – солиқ йиллик суммасининг 1/12 қисми миқдорида (100-сатр / 12);
микрофирмалар ва кичик корхоналар – солиқ йиллик суммасининг 1 / 4 қисми миқдорида (100-сатр / 4) кўрсатадилар.
Агар солиқ даври мобайнида тахмин қилинаётган солиқ солинадиган база ўзгарса, солиқ тўловчи юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотномани тақдим этишга ҳақлилар. Бундай ҳолда солиқ даврининг қолган қисми учун жорий тўловлар ўзгартиришлар суммасида тенг улушлар билан тузатилади.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектидан номоддий активлар чиқариб ташланган. Тегишли ўзгартиришлар ушбу солиқ бўйича ҳисобот шаклларига ҳам киритилган.
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоб-китобини юридик шахслар – резидентлар солиқ даври учун мол-мулкнинг амалдаги ўртача йиллик қолдиқ қийматидан (ўртача йиллик қийматидан) ва белгиланган ставкадан келиб чиқиб тўлдирадилар.
Ушбу солиқни солиқ даври учун тўлаш жорий тўловларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши боис Ҳисоб-китобнинг 140-сатрида солиқ даври учун жорий тўловлар бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг ҳисоблаб ёзилган суммаси кўрсатилади (илгари ушбу сатрда аввалги ҳисобот даври учун ҳисоб-китоб бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг ҳисоблаб ёзилган суммаси кўрсатилган, чунки ҳисоб-китоб ҳар чоракда тақдим этилган).
Солиқ даврида жорий тўловлар ҳисоб-китоб бўйича бюджетга тўланадиган солиқ суммаси билан таққослаганда 10%дан кўпроққа пасайтирилган тақдирда жорий тўловлар пеняни ҳисоблаб ёзган ҳолда унинг амалдаги суммасидан келиб чиқиб қайта ҳисобланади.
Ҳисоб-китобга 1-иловадан – Солиқ солиш объектлари ўртача йиллик қолдиқ қиймати (ўртача йиллик қиймати)нинг ҳисоб-китоби – I чорак, I ярим йил ва 9 ой учун ўртача (қолдиқ) қиймат кўрсатиладиган устунлар чиқариб ташланган.
Ҳисоб-китобга 2-илова – Меъёрий муддатларда ишга туширилмаган тугалланмаган қурилиш объектларининг рўйхати – «Меъёрий муддатда ишга туширилмаган тугалланмаган қурилиш қиймати (охирги кун ҳолати бўйича)» устуни ойларга тақсимланган, чунки мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган база солиқ даври ҳар бир ойининг охирги кунидаги ҳолат бўйича белгиланади (СКнинг 268-моддаси).
Ҳисоб-китобга 3-иловада – Белгиланган муддатда ишга туширилмаган ускуналарнинг рўйхати – «Белгиланган муддатда ишга туширилмаган ускуналарнинг қиймати (охирги кундаги ҳолат бўйича)» устуни ойларга бўлинган, чунки мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган база солиқ даври ҳар бир ойнинг охирги кунидаги ҳолат бўйича белгиланади (СКнинг 268-моддаси).
Ҳисоб-китобга 4 ва 5-иловалар илгари амал қилган таҳририда ўзгартиришларсиз сақланган.
Жорий тўловлар ва мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқариш тартиби ҳамда уларни тўлаш муддатлари уларни ҳисобга олган ҳолда СКнинг 271-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
Юридик шахслар – Ўзбекистон норезидентлари учун солиқ ҳисоботининг шакллари ўзгартиришларсиз қолган. Улар учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашнинг амалдаги тартиби сақланади. Уларни солиқ органлари СКнинг 271-моддасида назарда тутилган тартибда солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқаришади.
4. Ер солиғи бўйича (2439-сон қарорга 8-илова) ва Ягона ер солиғи бўйича (2439-сон қарорга 14-илова) солиқ ҳисоботи шакллари ўзгармади.
Фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини тугатиш белгиланган Президентнинг 22.10.2012 йилдаги ПФ-4478-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2012 йилдаги 369-сон қарорига мувофиқ Ягона ер солиғи ҳисоб-китобидан қуйидаги изоҳнинг чиқариб ташланиши ягона ўзгартириш бўлди: «Фермер хўжаликлари жами солиқ суммасидан 97,5% Давлат бюджетига ва 2,5% – Деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига тўлайдилар».
МВ ва ДСҚнинг 2439-сон қарори билан тасдиқланган солиқ ҳисоботининг шакллари norma.uz сайтида жойлаштирилган.
Зарема МЕНАЛИЕВА,
Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи сектори мудири.