Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 14 / Тарафдор ва қаршилар

«Ҳисоб учун ким жавоб беради?»

Бундан қарийб бир ярим ой аввал чоп этилган ана шу номдаги материал* солиқ солиш ва бухгалтерия ҳисоби соҳасини тартибга соладиган қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик бобида бугун ҳам давом этаётган мунозарани туғдирди. Мунозара иштирокчилари кўпроқ «ўзи айбдор» даражасидаги ахлоқ мезонларидан келиб чиқмоқдалар.

Мазкур материалда муҳокама қилинаётган масаланинг амалдаги қонунчиликка асосланган юридик таҳлили келтирилади.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида молия, ҳисоб юритиш ва ҳисобот тақдим этиш, мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасида қонун ҳужжатларини бузганлик учун директор ва бош бухгалтерга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш долзарб масала ҳисобланади. Агар фирма солиқларни ўз вақтида тўламаган, ДСИга ҳисоб-китобларни топширмаган, бухгалтерия ҳисобини юритиш қоидалари бузилган, бирламчи ҳужжатлар лозим даражада расмийлаштирилмаган бўлса ва бошқа ҳолларда уларнинг қайси бири жавоб бериши керак? Қуйида ана шундай ҳуқуқбузарликлар тўғрисида сўз боради.

Ҳаракатларни баҳолаётганда кўпинча содир этилган қилмишнинг субъект таркиби ва субъектив томонини белгилашда мураккабликлар юзага келади. Амалдаги қонун ҳужжатларида бир қатор камчиликларнинг мавжудлиги тўлақонли квалификациялаш имконини бермайди. Кўп меъёрларда аввал-бошдан қарама-қарши қоидалар бор. Баъзан назорат қилувчи органлар томонидан воқеалар ва шахсларнинг ҳаракатларини юзаки баҳолаш кузатилади. Охир-оқибатда ишларни асоссиз равишда қўзғатиш, жавобгарликка тортиш далиллари, кўпдан-кўп баҳс туғдирадиган саволлар ва турлича ёндашувлар юзага келади.

Биринчи навбатда раҳбар ва бош бухгалтернинг жавобгарлик доирасини

белгилаш зарур. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (бундан кейин – МЖТК) 15-моддасининг иккинчи қисмига ва Жиноят кодекси (бундан кейин – ЖК) Махсус қисми VIII бўлимининг ўн олтинчи хатбошисига мувофиқ уларнинг иккови мансабдор шахс деб ҳисобланади.

Мансабдор шахсларни МЖТК махсус етказилган зарарни қоплашга деликт, яъни қобилиятли субъектларга киритади1. МЖТК 15-моддасининг биринчи қисмига кўра мансабдор шахслар бошқарув тартибини, давлат ва жамоат тартибини сақлаш, табиий муҳитни, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида белгиланган қоидаларга ва бажарилишини таъминлаш ўз хизмат вазифаларига кирадиган бошқа қоидаларга риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилишлари лозим.

Мазкур меъёрдан квалификациянинг қуйидаги муҳим қоидасини чиқариш мумкин: раҳбар ва бош бухгалтер фақат риоя этилиши унинг бевосита мансаб мажбуриятларига киритилган меъёрларни бузганлик учун жавоб беришлари мумкин. Бунда қонун ҳужжатлари билан улар зиммасига қатъий тарзда юкланган хизмат вазифаларини шартнома ёки локал ҳужжат билан ўзгартириб бўлмайди.

Квалификациялаётганда ҳуқуқбузарликнинг субъектив томони – айбнинг борлиги ёки йўқлигини ҳисобга олиш лозим. Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг таркиблари (жиноятларнинг ҳам) аввал-бошдан ўз ичига фақат айбли қилмишларни олади. Агар содир этилган ҳаракатда (ҳаракатсизликда) мансабдор шахснинг айби йўқ бўлса, у маъмурий (шунингдек жиноий) жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Ҳар бир диспозиция айбнинг муайян шакли: қасддан ёки эҳтиётсизликни назарда тутади. Бунда мансабдор шахснинг белгиланган меъёрлар (қоидалар)га эҳтиётсизлик туфайли риоя этмаганлиги ҳуқуқбузарлик қасддан содир этилишини назарда тутадиган модда бўйича квалификацияланиши мумкин эмас. Бу эса квалификациянинг иккинчи асосий қоидасидир.

Амалиётнинг кўрсатишича, мазкур шартларга ҳар доим ҳам назорат қилувчи органлар томонидан риоя этилавермайди. Раҳбарлар ва бош бухгалтерларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги квалификация қилинаётганда улар айбнинг бор-йўқлиги тўғрисида гувоҳлик берувчи ташқи омилларни эътиборга олмайдилар.

Хўжалик юритувчи субъектлар текширувларининг якуний далолатномаларида кўпинча мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари қайд этилади ва улар асосида кейинчалик МЖТКнинг 171, 174, 175, 175-1-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилади. Уларни кўриб чиқамиз.

 

ВАЛЮТА ТУШУМИНИНГ БИР ҚИСМИНИ МАЖБУРИЙ СОТИШДАН БЎЙИН ТОВЛАШ

МЖТК 171-моддасининг иккинчи қисми валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан бўйин товлаш учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини назарда тутади. Мазкур ҳуқуқбузарликни Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибининг (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 245-сон Тартиб) қоидаларига асосан квалификациялаш лозим.

245-сон Тартибнинг 1-бандига кўра барча хўжалик юритувчи субъектлар хорижий валютадаги тушумни мажбурий тартибда сотадилар. Хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг 3-бандида кўрсатилган, мазкур мажбуриятдан озод қилинган тоифалари бундан мустаснодир.

Валюта тушумини корхоналарнинг транзит валюта ҳисобрақамларига ўтказишда ваколатли банклар навбатдаги иш кунидан кечикмай бу ҳақда 245-сон Тартибга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича, ушбу ҳисобрақамдан кўчирмани илова қилган ҳолда уларни хабардор қиладилар (242-сон Тартибнинг 6-банди).

Марказлаштирилмаган валюта тушумини мажбурий сотиш тушум корхонанинг транзит валюта ҳисобрақамига тушган санадан бошлаб 5 банк кунидан кечикмай амалга оширилади (245-сон Тартибнинг 7-банди). Бунинг учун корхона ўзининг валюта ҳисобрақами очилган ваколатли банкка 245-cон Тартибга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича валютани ўтказишга топшириқни тақдим этади.

Шу тариқа, МЖТК 171-моддасининг иккинчи қисми бўйича квалификациялаш қуйидаги шартлар мавжудлигида қонунийдир:

валюта тушумини олган субъект унинг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этиладиган шахслар рўйхатига кирмайди;

банкдан транзит ҳисобрақамига маблағлар келиб тушганлиги тўғрисида хабарнома келган;

юридик шахс банкка валютани сотиш тўғрисида топшириқномани тақдим этмади, бироқ имтиёзни қўллаш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда унга унинг бутун суммасини чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобрақамига ўтказиш тўғрисида тўлов топшириқномаси юборди.

Мазкур ҳолда бўйин товлашнинг квалификацияловчи аломати бўлиб мансабдор шахснинг кейин тўлов топшириқномасини келиб тушган валюта маблағларининг тўлиқ суммасига расмийлаштирган ва уларни транзит ҳисобрақамдан талаб қилиб олингунча депозит ҳисобрақамига ўтказилган ҳолда валюта тушумини мажбурий сотишдан озод бўлишга доир ҳуқуқини асослаш мақсадида банкка субъект тўғрисида ёлғон маълумотлар тақдим этиш билан боғлиқ ҳаракатлари ҳисобланади.

Мазкур ҳуқуқбузарликнинг субъектив томони – қасд (ғараз). Ушбу ҳуқуқбузарликнинг субъекти бўлиб уларни мажбурий сотишсиз чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобрақамга маблағларни ўтказиш тўғрисида топшириқномани имзолаган раҳбар ҳисобланади. Бош бухгалтер мазкур модда бўйича фақат ҳуқуқбузарликни содир этишга раҳбар билан тил бириктирган тақдирдагина жавоб беради. Бундай ҳолда иккала шахснинг ҳаракатлари ягона ғараз билан қамраб олинади.

МЖТК 171-моддасининг иккинчи қисми бўйича квалификациялаш қуйидаги ҳолларда қонуний бўлмайди:

банк томонидан транзит ҳисобрақамга валюта келиб тушгани тўғрисида хабардор қилинмаган тақдирда субъект томонидан мажбурий сотишни амалга ошириш учун 5 кунлик муддат бузилганда. Мазкур ҳолда мажбурий сотишдан бўйин товлаш қасди мавжуд эмас;

назорат қилувчи органлар томонидан у аниқлангунига қадар субъектнинг ҳуқуқбузарликни бартараф этиши. Мазкур ҳолда ўз вақтида сотилмаган тушум ҳажмида ўз валюта маблағларининг ихтиёрий сотилиши сотишдан бўйин товлашга қасднинг йўқлигидан далолат беради.

СОЛИҚЛАР ВА БОШҚА МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАРНИ ТЎЛАШДАН БЎЙИН ТОВЛАШ

МЖТК 174-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари мансабдор шахсларнинг солиқ олинадиган фойдани (даромадни) ёки бошқа объектларни қасддан яшириш (камайтириб кўрсатиш) ёхуд солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан қасддан бўйин товлаш учун жавобгарликни белгилайди.

Агар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш маъмурий жарима қўлланилганидан кейин (такроран) энг кам иш ҳақининг 100 бараваридан 300 бараваригача ёки ЭКИҲнинг 300 бараваридан кўп миқдорда содир этилган бўлса, ҳаракатлар ЖКнинг 184-моддаси бўйича квалификацияланади.

Мазкур ҳуқуқбузарликни квалификациялашни Солиқ кодекси (бундан кейин – СК) қоидаларига асосан амалга ошириш лозим.

Солиқ солиш объекти ҳамда ҳар бир солиқ ва бошқа мажбурий тўловни тўлаш муддатини белгилаш СК Махсус қисмининг бўлимларига мувофиқ якка тартибда амалга оширилади. СК 48-моддаси иккинчи қисмининг умумий қоидасига кўра тўлаш мажбурияти солиқ тўловчининг ҳисобварағида етарлича пул маблағлари бўлган тақдирда, тегишли солиқ ёки бошқа мажбурий тўловни тўлаш учун банкка тўлов топшириқномаси тақдим этилган пайтдан эътиборан бажарилган деб ҳисобланади.

Кўриб чиқилаётган ҳуқуқбузарликнинг субъектив томони – қасд (ғараз). Квалификацияланаётганда мансабдор шахсларнинг ҳаракатларида ғараз борлигини кўрсатувчи омилларнинг бор-йўқлигини ҳисобга олиш лозим. Олий суд Пленумининг «Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунларнинг судлар томонидан қўлланилиши ҳақида» қарори (6.06.2003 йилдаги 6-сон, бундан кейин 6-сон қарор) 3-бандининг иккинчи хатбошисида фойда (даромад)ни қасддан яширишнинг қуйидаги асосий белгилари назарда тутилган:

ҳужжатларни сохталаштириш (ўчириш, ғайриқонуний тузатиш);

қалбаки бошланғич бухгалтерия ҳужжатларидан фойдаланиш;

фойдаланилмаган моддий харажатларни ишлаб чиқариш ҳисобига қўшиб ҳисобдан чиқариш;

корхонада ишламайдиган, лекин ҳисобда турадиган ходимларга иш ҳақи ёзиш йўли билан меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларини ошириш;

сотишдан олинган тушумни ҳисобот давридан кейинги даврга ўтказиш (сотиш ҳажмини ва даромад (фойда)ни қасддан камайтириш);

моддий, ёқилғи-энергетика ресурслари харажатларини ва амортизация (эскириш) миқдорини сунъий равишда ошириш ёки норматив (лимит)ларни нотўғри қўллаш;

ҳужжатларни йўқ қилиш ёки уларни тақдим этишни рад этиш;

бухгалтерия ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар билан тегишли равишда расмийлаштирилмаган маҳсулот (товар)ларни сотиш;

давлат рўйхатидан ўтмасдан ва солиқ органларида ҳисобда турмасдан хўжалик фаолиятини юритиш.

СК 114-моддасининг учинчи қисмини қўллаш мақсадлари учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб қуйидагилар эътироф этилади:

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги ҳоллари ҳужжат билан тасдиқланганда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум суммасининг ҳисобга олиш регистрларида акс эттирилмаганлиги;

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатларнинг алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги;

ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги.

Президентнинг «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик  юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони (9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон) 3-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ барча чакана савдо корхоналари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тушган нақд маблағларни ҳар куни банк муассасаларига топширмаслиги тушумни яшириш деб баҳоланади.

6-сон қарорнинг 3-бандига кўра МЖТК 174-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда ЖКнинг 184-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича айбдор шахснинг қилмишида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш қасдининг лоақал битта ёки бошқа белгиларининг борлиги исботланган бўлиши керак. Шу тариқа, бундай аломатлар бўлмаганда МЖТК 174-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари ёки ЖКнинг 184-моддаси бўйича квалификациялаш ноқонунийдир.

Мазкур ҳуқуқбузарликнинг субъектлари раҳбар ҳам, бош бухгалтер ҳам бўлиши мумкин (6-сон қарор 10-бандининг иккинчи хатбошиси). Фақат раҳбар ёки бухгалтер ёхуд иккаласи бир вақтда қонуний тарзда айбдор деб топиладиган вазиятлар бўлиши мумкин. Квалификациялашда ҳар бир муайян ҳолда ҳар бир шахснинг ҳаракатларида қасддан ҳаракатларнинг белгилари бор-йўқлигини белгилаш зарур.

Раҳбар ва бош бухгалтер фақат тил бириктириш мавжуд бўлгандагина бир вақтнинг ўзида кўриб чиқилаётган ҳуқуқбузарликнинг субъектлари деб эътироф этилади. Ушбу ҳолда уларнинг ҳаракатлари ягона қасд билан қамраб олинади.

 

СОЛИҚ СОЛИШ ОБЪЕКТЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШНИНГ МАВЖУД ЭМАСЛИГИ

МЖТК 175-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёхуд бундай ҳисобни белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб бориш, башарти бу ҳаракатлар тўланиши лозим бўлган солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларнинг суммасини камайтиришга олиб келса, бунинг учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини назарда тутади.

Мазкур ҳуқуқбузарликни квалификациялашни Солиқ кодекси, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон), бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари, айрим операцияларни ҳисобга олиш тартибини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларига асосан амалга ошириш лозим.

СКнинг 41-моддасига мувофиқ ҳисоб ҳужжатлари солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлаш, шунингдек солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бирламчи ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби регистрлари2 ҳамда бошқа ҳужжатлардан иборатдир.

Ҳужжатларнинг йўқлиги ёки ҳисобни назарда тутилган тартибни бузган ҳолда юритиш, фақат солиқ ёки бошқа мажбурий тўлов суммаси камайтирилган тақдирдагина МЖТК 175-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари бўйича квалификацияланади (ҳуқуқбузарлик таркибининг факультатив элементи). Агар мазкур оқибатлар аниқланмаган бўлса, квалификациялаш МЖТКнинг 175-1-«Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш» моддаси бўйича амалга оширилади.

Кўриб чиқилаётган ҳуқуқбузарликнинг субъектив томони – эҳтиётсизлик. Қасд аломатлари мавжуд бўлганда у МЖТКнинг 174-моддаси ёки ЖКнинг 184-моддаси бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш деб квалификацияланади (унда назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд бўлганда).

Ҳуқуқбузарлик субъекти бўлиб бош бухгалтер ҳисобланади. Раҳбар фақат икки ҳолда жавобгарликка тортилиши мумкин:

якка ўзи – ўз зиммасига ҳисоб юритиш бўйича функцияларни олганда;

бош бухгалтер билан бир вақтда – ҳисоб юритилмаганда (агар корхонада ички ҳисобни ташкил этиш тизимини белгиловчи, буйруқ билан тасдиқланган локал ҳужжат (ҳужжатлар) бўлмаса).

СОЛИҚ ҲИСОБОТИНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИНИ БУЗИШ

МЖТК 175-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари билан мансабдор шахсларнинг бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш учун жавобгарлиги белгиланган.

Мазкур ҳуқуқбузарликни Солиқ кодекси, МВ ва ДСҚнинг «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида» қарори (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган), солиқ органларига мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ бўлган қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш тўғрисидаги меъёрларни ўз ичига олган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидалари асосида квалификациялаш лозим.

Мазкур ҳуқуқбузарликнинг субъектив томони – эҳтиётсизлик. Солиқ солиш объектларини яширишга қасд мавжуд бўлганда солиқ ҳисоботини тақдим этмаслик МЖТКнинг 174-моддаси ёки ЖКнинг 184-моддаси бўйича (унда назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд бўлганда) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш сифатида квалификацияланади. Солиқ органининг талабига кўра солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни  ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган  ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этмаслик кўриб чиқилаётган модда бўйича жавобгарликка олиб келмайди.

Мазкур ҳуқуқбузарликнинг субъекти бўлиб раҳбар ҳисобланади. Агар солиқ ҳисоботи белгиланган муддатларда бош бухгалтер ўзининг меҳнат мажбуриятларини узрли сабабсиз бажармаганлиги туфайли тақдим этилмаган бўлса, у меҳнат қонунчилиги ва корхона локал ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

АНИҚЛАШТИРИЛГАН СОЛИҚ ҲИСОБОТИНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИНИ БУЗИШ

МЖТК 175-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари жавобгар шахсларнинг камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик учун жавобгарлигини белгилайди.

Мазкур ҳуқуқбузарликни Солиқ кодексининг қоидаларига асосан квалификациялаш лозим. СК 70-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларига мувофиқ агар солиқ органи томонидан камерал назорат жараёнида солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилганлиги ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботидаги ва давлат солиқ хизмати органларидаги маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги аниқланса, бу ҳақда солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш талаб қилинган ҳолда ёзма шаклда хабар қилинади. Солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш учун назарда тутилган тартибда тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тузатилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосини талабнома олинган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда тақдим этиши шарт. Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби СКнинг 46-моддаси билан белгиланади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида квалификациялаш қуйидаги шартлар жамлигида қонуний бўлади:

юридик шахс ДСИдан ёзма хабарнома олса;

аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёки аниқланган тафовутларни асослаш солиқ органидан хабарнома олинган пайтдан бошлаб 10 кун ичида тақдим этилмаган ёки ундан кейин тақдим этилган бўлса.

Мазкур ҳуқуқбузарликнинг субъектив томони – қасд (ғараз). Солиқ тўловчи ДСИдан ёзма хабарнома олмаган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби бўлмайди.

Ҳуқуқбузарлик субъекти бўлиб раҳбар ҳисобланади. Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёки аниқланган тафовутлар асосланмаси бош бухгалтернинг ўз меҳнат вазифаларини узрли сабабсиз бажармаганлиги туфайли 10 кун ичида тақдим этилмаган бўлса, у меҳнат қонунчилиги ва корхонанинг локал ҳужжатларида назарда тутилган тартибда интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

КАССА ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИНИ БУЗИШ

МЖТК 175-моддасининг учинчи қисми мансабдор шахсларнинг касса операцияларини юритиш тартибини бузиш учун жавобгарлигини белгилайди.

Мазкур ҳуқуқбузарликни квалификациялаш Юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидалари (МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 17.12.1998 йилда 565-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва касса операцияларини юритишнинг айрим меъёрларини назарда тутадиган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилиши зарур.

Мазкур ҳуқуқбузарликнинг субъектив томони – эҳтиётсизлик. Касса операцияларини юритиш қоидаларини бузиш, агар аниқ ғайриқонуний мақсадларга (солиқлар тўлашдан бўйин товлаш, ноқонуний валюта операцияларини амалга ошириш, нақд пул маблағларини ўзлаштириш ва ҳоказо) эришиш қасдида қилинган бўлса, бошқа моддалар бўйича айбдор мансабдор шахснинг ҳаракатлари аниқ нималарга қаратилганлигига боғлиқ ҳолда квалификацияланади.

МЖТКнинг 175-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликнинг субъекти ҳам раҳбар, ҳам бош бухгалтер бўлиши мумкин. Бу нарса муайян мансабдор шахс зиммасига юкланадиган хизмат вазифаларининг бажарилмаганлиги муносабати билан қандай қоидалар бузилганлигига боғлиқ.

 

 

*«СБХ»нинг 26.02.2013 йилдаги 8 (968) ва 12.03.2013 йилдаги 10 (970)-сонларига қаралсин.

 

1Деликтоқобилият, етказилган зарарни тўлашга қобиллик – шахснинг ўз ғайриҳуқуқий қилмиши (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) билан етказилган зарар учун мустақил равишда жавоб бериш қобилияти.

2Бухгалтерия ҳисобининг бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва бухгалтерия ҳисоби регистрлари «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг тегишинча 9, 10-моддалари билан белгиланган.

Артём МОКШИН,

«Norma» эксперт юридик

хизматининг раҳбари.

Прочитано: 4365 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика