Корхонамиз умумбелгиланган солиқ тўловчиси ҳисобланади. Умумий харажатларимиз таркибида вакиллик харажатлари ҳам мавжуд бўлиб, фойда солиғини ҳисоблашда уларга нисбатан муайян меъёрлар белгиланганми?
Ҳасанали Бердиёров, МЧЖ бош бухгалтери.
Самарқанд вилояти.
– Солиқ кодекси (СК) 145-моддасининг 11-бандига асосан, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва акциз солиғини киритган ҳолда маҳсулотни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш тушуми ҳажмининг 1%и доирасида вакиллик харажатлари бошқа харажатларга киради. Вакиллик харажатларига солиқ тўловчининг ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ёки уни сақлаб туриш, шунингдек солиқ тўловчининг бошқарув ва назорат органлари мажлисларига келган иштирокчиларни қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш мақсадларида қиладиган харажатлари киради. Бу харажатлар мазкур шахсларнинг расмий қабулини ўтказиш, транспорт таъминоти, овқатланиши ва турар жойи, солиқ тўловчининг штатида турмаган таржимонлар хизматига ҳақ тўлаш харажатларидир.
Шу тариқа, вакиллик харажатларини меъёрлаштириш фойдага солиқ солиш мақсадида умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган корхоналарнинг фойда солиғи ҳисоб-китобида назарда тутилган.
Ушбу харажатларнинг меъёри ҚҚС ва акциз солиғини қўшганда, маҳсулот (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушум ҳажмининг 1%ини ташкил қилади.
Бинобарин, СК 147-моддасининг 3-бандига мувофиқ, белгиланган нормалардан ортиқча харажатлар (хизмат сафарлари, вакиллик харажатлари, ихтиёрий суғурта турлари бўйича ажратмалар) солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайдиган харажатлар таркибига киритилган.
Демак, меъёрдан ортиқча амалга оширилган вакиллик харажатлари фойда солиғи ҳисоб-китоби чоғида чегирилмайди.
Жавобларни телефон орқали экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ берди.