Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 14 / Муаммони кўтарамиз

Ҳунарманд – ижодкор ва тадбиркор

Қўлда ясалган маҳсулотларга қизиқишнинг ўсиши ҳунармандчиликнинг тикланишига, ушбу йўналишда тадбиркорликнинг ривожланишига олиб келди ва, ҳар доимгидек, мазкур соҳани ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ бир қатор масалаларни ўртага қўйди. Кўп мамлакатларнинг тажрибаси ҳунармандчилик миллий иқтисодиётнинг зарур сектори эканлигини кўрсатяпти. У кичик тадбиркорликнинг ажралмас қисмидир. Уни тиклаш, иқтисодий вазифалар билан бир қаторда, кўплаб ижтимоий вазифаларни ҳам ҳал қилади.

 

Хобби (севимли машғулот) билан бизнесни бирлаштириш ўзига хос ном олди – у «хоббизм» деб аталади. Қизиқишнинг кичикроқ бизнесга айланиши – урфга бўйсунишгина эмас, балки ўзи ва оиласи учун қўшимча даромад олиш усулларидан бири ҳамдир, чунки замондошларимиз ижодий салоҳиятларини ривожлантира бориб, аввал-бошдан фойда олишни кўзлайдилар.

Хобби қачон бизнесга айланади? Қонунларни бузмасдан туриб қандай қилиб ижодкорликдан нафақат қониқиш ҳосил қилиш, балки даромад ҳам олиш мумкин? Қизиқиш тадбиркорликдан нимаси билан фарқланади? Ана шу саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.

Тадбиркорлик – рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун1 3, 4-моддалари). Мазкур таъриф асосий аломатларни – ташаббускорлик, рўйхатдан ўтказиш, даромад олиш, ўзининг таваккал қилиши ва жавобгарликни кўрсатади. Гарчи бунда даромадларни мунтазам равишда олиш сингари аломат кўрсатилмаган бўлса-да, уни белгиловчи аломатлардан бири сифатида нафақат ҳуқуқшунос мутахассислар ажратади, балки у давлатнинг қонуности ҳужжатларидан ҳам келиб чиқади. Чунончи, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектлари тугатилиши керак, демак, энди улар тадбиркор бўлмайдилар (Молия-Хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида низом2).

Бундан қуйидаги хулоса келиб чиқади: агар даромад мунтазам тусда олинмаса, шахс тадбиркор бўла олмайди, унга муайян даромад келтирадиган барча битимлар эса тадбиркорлик муносабатлари соҳасига эмас, балки фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киради, улар аввало Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

Олинган даромад қонуний бўлиши учун уни тўғри расмийлаштириш ва солиқларни тўлаш кераклиги ҳаммага аён. Бироқ бунинг учун қандай ҳолда у тадбиркорлик фаолиятидан олинган, қачон эса олинмаган ҳисобланишини аниқлаб олиш керак.

Афсуски, амалдаги ҳуқуқий база «хоббичилар» сафига қўшилишни хоҳловчилар олдида турган бир қатор саволларга жавоб бермайди, ҳолбуки ушбу ҳуқуқий муносабатларнинг барча иштирокчилари олдида ҳунармандчилик товарлари ва хизматларининг ягона хавфсиз бозорини шакллантириш, профессионал ҳунармандчилик анъаналари тикланишини таъминлаш, аҳолининг бандлигини ошириш, ушбу маҳсулот истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб тус олган.

 

ҲУНАРМАНД КАСБИ УЛУҒ

Мамлакатимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта эътибор бериляпти. Нодавлат нотижорат жамоат ташкилоти – «Ҳунарманд» уюшмаси барпо этилди. Қуйидагилар унинг фаолияти асосий йўналишларидир:

халқ ҳунармандларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш;

усталар ва ҳунармандларни моддий-техника ресурслари, асбоблар, кичик механизация воситалари билан таъминлашни, ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотишда, шу жумладан экспорт қилишда ёрдам беришни назарда тутган ҳолда уларга уйда ишлашлари учун шарт-шароитлар яратишда кўмак бериш;

бозор талабларини ўрганиш ҳамда юксак бадиий буюмлар тайёрлаш учун маҳаллий хом ашё ва материалларнинг янги турларидан фойдаланиш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқиш;

мамлакат ичкарисида ва чет элларда халқ усталарининг буюмлари кенг тарғиб ва реклама қилинишини расмли материаллар ва каталоглар чиқарилиши, кўргазмалар ва кимошди савдолари ўтказилиши билан ташкил этиш;

халқ санъати анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда юксак бадиий буюмларни тайёрлаш кўникмаларини ёшларга сингдириш, моҳир усталарни тайёрлаш (Президентнинг 31.03.1997 йилдаги ПФ-1741-сон Фармони3; ВМнинг 4.06.1997 йилдаги 282-сон қарори).

«Ҳунарманд»га аъзо бўлиш ихтиёрий. Уюшмага киришни хоҳловчилар унинг жойлардаги ваколатхонасига (Тошкентда – Ғани Мавлонов кўчаси, 18-уй манзилига) мурожаат қилиб, ариза, паспорт ва унинг нусхаси, СТИР, ўз буюмларининг фотосуратларини тақдим этишлари керак.

Уюшманинг бадиий кенгаши аризани кўриб чиқади ва, фотосуратларда акс этган маҳсулот Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий-декоратив санъати буюмларининг асосий турлари рўйхатига4 (бундан кейин – Рўйхат) кирган бўлса, устани уюшма аъзолигига қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Уста билан шартнома тузилади. Шундан сўнг йилига ЭКИҲнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда аъзолик бадали тўланиши керак (яшаш жойига боғлиқ ҳолда). Шартнома якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш учун асос ҳисобланади, шундан сўнг ҳунарманд уюшма аъзоси гувоҳномасини олади, у бир йил давомида ҳақиқий ҳисобланади, сўнгра уюшмага аъзоликни тасдиқлатиш зарур.

Ҳунарманднинг меҳнат дафтарчаси юритилади, шахсий жамғарма ҳисобрақами очилади. Унинг якка тартибдаги меҳнат фаолияти, башарти суғурта бадаллари ўз вақтида тўлаб турилган бўлса, давлат пенсиясини тайинлаш учун стажга киради (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг5 35-банди, 55-бандининг иккинчи хатбошиси).

«Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари солиқ имтиёзларига эгалар. Уй шароитида Рўйхатга кирган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини ишлаб чиқарувчилар қатъий белгиланган солиқни тўлашдан 2014 йилнинг 1 январигача озод қилинганлар (Президентнинг 1.04.2008 йилдаги ПФ-3983-сон, 30.03.2010 йилдаги ПФ-4210-сон фармонлари).

Улар ўз маҳсулотининг нархларини истеъмол бозоридаги талаб ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгилайдилар (Президентнинг 31.03.1997 йилдаги ПФ-1741-сон Фармони 2-банди). Уни махсус савдо шохобчалари орқали ёки бозорлар, савдо комплексларида чакана савдо учун назарда тутилган қоидалар бўйича, назорат-касса машиналаридан албатта фойдаланган ҳолда сотиш мумкин (Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг6 1-банди).

Ҳунармандчилик билан нафақат якка тартибдаги тадбиркор сифатида, балки оилавий тадбиркорлик, юридик шахс ташкил этмаган оддий ширкат шаклида ҳам шуғулланиш мумкин (Юридик шахс ташкил этмасдан оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом7, бундан кейин – 216-сон Низом). Ушбу ҳунарларнинг ҳаммаси билан бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларда ҳам шуғулланиш мумкин, уларга оилавий корхона, ишлаб чиқариш ширкати, хусусий корхона, жамият ва ширкатни киритиш мумкин.

216-сон Низомда ҳунар турларининг анча кенг рўйхати келтирилган. Уларнинг баъзилари ҳунарманд учун назарда тутилмаган. Улар жумласига гул композицияларини мослаштириш (икебана, бонсай), витраж ишлари, соат тузатиш ва йиғиш, калит тайёрлаш, қулф, соябонларни таъмирлаш ва бошқалар киради. Демак, улар билан шуғулланадиган шахслар уюшма аъзолигига қабул қилиниши мумкин эмас, улар имтиёзлардан фойдаланмайдилар.

Ҳунарманд, бошқа якка тартибдаги тадбиркорлардан фарқ қилиб, 15 ёш ва ундан катта ёшдаги, ўз иши учун ҳақ ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан «Усто-шогирд» давлат стипендиясини оладиган шогирдларга эга бўлишга ҳақлидир (216-сон Низомнинг 10–14-бандлари, 15-бандининг тўртинчи хатбошиси, 17-бандининг бешинчи хатбошиси, 18-банди).

 

ҲАВАСКОР УСТАЛАР СОВҒА УЛАШСИН

Бироқ ҳунармандлар фаолияти қонун ҳужжатлари билан бир қадар тартибга солинган бўлса, ижод билан шуғулланишни севадиган ва хоҳлайдиган, асосий иш вақтидан бўш вақтда баъзан ҳунармандчилик билан шуғулланадиган ва буюмлари белгиланган рўйхатларга кирмайдиган кишилар билан қандай йўл тутиш керак?

Ижод – инсоннинг конституциявий ҳуқуқларидан бири, зеро ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади (ЎзР Конституциясининг 42-моддаси). Уни фуқаролик қонунчилиги меъёрлари қўриқлайди ва бошқаради, илм-фан, адабиёт ва санъат асарларига муаллифлик ҳуқуқи улар яратилганлиги далили сабабли юзага келади. Шу туфайли муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши ва амалга оширилиши учун асарни рўйхатдан ўтказиш ёки бирор-бир бошқа расмиятчиликларга риоя этиш талаб қилинмайди. Асарнинг асл нусхасида ёки нусхасида муаллиф сифатида кўрсатилган шахс, агар бошқача ҳол исботланмаган бўлса, асар муаллифи ҳисобланади (Фуқаролик кодекси (ФК) 1046-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари; «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуннинг8 10-моддаси). Бу тўлиқ даражада халқ усталарининг ишларига ҳам, агар уларни ўз номлари билан исталган жойда кўргазмага қўйган бўлсалар, тааллуқлидир.

Шуни таъкидлаш лозимки, нафақат халқ усталарининг сони, балки усталар ўз ишларини намойиш эта оладиган ва сотадиган кўргазмалар шаклида оммавий-маданий тадбирларни ташкил этувчи тадбиркорларнинг сони ҳам ўсмоқда. Чунончи, Фонд Форум ҳамда «IJOD» рассомлар, санъатшунослар ва халқ усталари уюшмаси ташкил этган «Bazar-Art» амалий санъат кўргазма-ярмаркасини 6 йил ўтказиш натижасида у жуда оммалашиб кетди, жорий йилда уни ҳар ойда ўтказишга қарор қилинди. Эндиликда, www.fundforum.uz хабар қилишича, халқ усталари, ҳунармандлар, «Ҳунарманд» ва «IJOD» аъзоларидан ташқари, ижод билан нопрофессионал даражада шуғулланадиган, бироқ ўз меҳнат натижалари билан бошқаларни таништиришга ҳаракат қиладиган шахсларни ҳам унда иштирок этишга таклиф қилишяпти.

Бундай ишлар муаллифида мулк ҳуқуқи уларни ўз фаолияти натижасида яратиш туфайли юзага келади (ФКнинг 183, 1033-моддалари; «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги Қонуннинг9 6-моддаси). Бироқ буюмлар устанинг меҳнати билан яратилганлигини исботлаш масаласи давлат ичидаги кўргазмаларда ўз ишларини намойиш этганда, шу жумладан солиқ органлари олдида ҳам, уста муаллифлик ҳақи олган ёки ушбу мол-мулк билан бошқа битимлар содир этган тақдирда юзага келади.

Солиқ кодексига (СК) киритилган меъёрга кўра фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар олувчи жисмоний шахслар бундай фаолиятни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, улар ўзларининг солиқ солинадиган жами даромадларидан ҳақиқатда қилинган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган, асарларни яратиш учун фойдаланиладиган зарур материалларни харид қилиш, жой ва мол-мулкни ижарага олиш сингари ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни (30%га қадар) чегиришга ҳақлилар (СК 190-моддасининг биринчи қисми).

Бироқ ушбу меъёрни амалга ошириш механизми амалиётда ишлаб чиқилмаган.

Таҳририятдан. «Хоббизм»нинг ривожланиши, «хенд мейд» буюмларини ишлаб чиқишга қизиқишнинг кўпайиши ва уларга бўлган талабнинг ўсиши туфайли «моҳир қўллар» мақомини белгилаш масаласи долзарб тус олмоқда. Бугунда улар якка тартибдаги тадбиркорлар сирасига ҳам, ҳунармандлар сирасига ҳам кирмайдилар. Одатда уларнинг буюмлари кўп меҳнат талаб қилади, кўп вақт сарфлашга тўғри келади ва доналаб тайёрланади, уларни сотишдан олинадиган даромад эса ижтимоий тўлов, қатъий белгиланган солиқ ёки ҳунармандлар бирлашмасига бадал тўлаш учун етарли эмас. Айни вақтда у аҳолининг бир қисми – кексалар, ногиронлар, аёллар ва ҳатто болаларнинг (кўргазма-ярмаркаларда имкониятлари чекланган болалар тайёрлаган буюмлар кўп учрайди) фаровонлигини бир қадар ошириш имконини беради. Ижтимоий фаолликни рағбатлантириш, ижод қилиш ва бундан маънавий ҳамда моддий қониқиш олиш далилининг ўзи ҳам муҳим.

Бунда олинган даромадларни солиқ солишдан озод қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Алалхусус, қонун ҳужжатларимизда бунга мисол бор. Чунончи, томорқа ёки дала ҳовли участкасида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотишдан олинган даромадларга солиқ солинмайди (СК 179-моддасининг 12-банди). Нима учун бир нечта тувакда гул етиштирган ёки икки-уч жуфт пайпоқ тўқиган кампир уларни сотганда солиқ қонунчилигини бузганлиги учун муқаррар равишда жазоланиш таҳликаси остида бўлиши керак? Бу ноёб манзараларни кашта қилиб тикувчилар, ўзига хос батикларни тайёрловчилар, юмшоқ похолдан мато тайёрловчилар – моҳир қўллари билан нафақат ўзларини, балки бошқаларни ҳам қувонтиришга тайёр бўлган кишиларга ҳам тааллуқлидир.

Фикримизча, солиқлар ва мажбурий тўловлар солинмайдиган энг кам даромад даражасини назарда тутадиган баъзи мамлакатларнинг тажрибаси фойдалидир. Бундай солиқларни ундириш устидан назорат қилиш ва уларни тақсимлаш харажатлари бюджетга тушумлардан кўп бўлиши мулоҳазасидан ҳам келиб чиқиб шундай йўл тутиш мақсадга мувофиқдир.

 

125.05.2000 йилдаги 69-II-сон (2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда).

2ВМнинг 3.07.1999 йилдаги 327-сон қарори билан тасдиқланган.

3«Халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатини янада ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида».

4Президентнинг 28.03.2005 йилдаги ПФ-3588-сон Фармони билан тасдиқланган.

5ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган.

6ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарори билан тасдиқланган.

7ВМнинг 29.07.2009 йилдаги 216-сон қарори билан тасдиқланган.

820.07.2006 йилдаги ЎРҚ-42-сон.

929.08.1998 йилдаги 678-I-сон.

Римма СОЛОДОВНИКОВА,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 4951 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика