«Геодезия ва картография миллий маркази» хўжалик ҳисобидаги давлат унитар корхонаси (ГКММ ДУК) Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига («Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси) бўйсунадиган ташкилот ҳисобланади.
Унинг фаолияти асосий турлари жумласига, бошқа турлардан ташқари, қуйидагилар киради:
геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасида илмий-тадқиқот ишлари, шу жумладан тармоқни ривожлантириш концепциялари ва идоравий меъёрий-техник ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
тармоқ мутахассисларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш.
Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган) 4-бандига кўра бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда таркибий бўлинмалар бошлиқлари ва давлат бошқаруви органлари мутахассисларининг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади.
Унинг иловаси – Ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар рўйхатига кўра «илмий фаолиятни ёки ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш, агар бундай фаолият асосий иш жойи бўйича бажариладиган иш ҳисобланмаса», ўриндошлик бўйича иш ҳисобланмайди.
Кейинги ярим йил мобайнида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда қўллаш муносабати билан бизда бир қатор кадр масалаларида саволлар туғилди, уларга газетангиз экспертлари жавоб беришларини сўраймиз.
И.Эргашев,
Геодезия ва картография миллий маркази директори
вазифасини вақтинча бажарувчи.
Тушунтириб берсангиз, юқори ташкилот – «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси штатида турувчи бўлим бошлиғи учун бўйсунувдаги ГКММ ДУКда ташкил этилган вақтинчалик ижодий жамоа таркибида ишлаш ўриндошлик бўйича иш бўлиб ҳисобланадими? Ушбу гуруҳ идоравий меъёрий-техник лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун илмий-тадқиқот иши билан шуғулланади. Унинг тармоқ мутахассислари малакасини ошириш курсларида дарс бериши ўриндошликни амалга ошириш ҳисобланадими?
– Тартиб билан муҳокама қилайлик. Аввал юқори ташкилот бўлим бошлиғининг бўйсунувдаги корхонанинг вақтинчалик ижодий жамоаси таркибида ишлаши тўғрисида. Бўлим бошлиғи, башарти у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилса, бўйсунувдаги ташкилотда вақтинчалик ижодий жамоа аъзоси сифатида штатсиз ходим бўлиб ишлаши мумкин.
Меҳнат билан боғлиқ шартномаларга қуйидагиларни киритиш мумкин: пудрат шартномаси (Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 631-моддаси); илмий-текшириш, тажриба-конструкторлик ва технология ишларини бажариш шартномалари (ФКнинг 693-моддаси); ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси (ФКнинг 703-моддаси).
Вақтинчалик ижодий жамоада ишлаш шартномасини тайёрлашда унинг шартларини шундай аниқ баён этиш лозимки, токи улар ҳар хил талқин этиш имконини бермасин, балки шартнома белгиланган муддатда ишнинг аниқ ҳажмини бажариш учун тузилаётганини қатъий тарзда кўрсатсин. Унда ташкилот шартномада назарда тутилган ишни бажариш учун ижрочига (ходимга) тўлаш мажбуриятини оладиган суммани ҳам кўрсатиш керак.
Энди тармоқ мутахассислари малакасини ошириш курсларида дарс бериш тўғрисида.
Ҳа, юқори ташкилотнинг бўлим бошлиғи у билан шуғуллана олади, чунки илмий фаолиятни ёки ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш, агар бундай фаолият асосий иш жойи бўйича бажариладиган иш ҳисобланмаса, ўриндошлик бўйича ишлаш ҳисобланмайди. (Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомнинг 1-банди, ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган). Кўрсатилган Низомнинг 4-бандида белгиланган чеклашлар ўқитувчиликка нисбатан қўлланмайди, уни асосий иш вақтида ҳам, ундан ташқарида ҳам ишнинг хусусиятига боғлиқ ҳолда амалга ошириш мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 28.12.2012 йилдаги 365-сон қарори 3-банди билан белгиланишича, илмий даражаси мавжудлиги учун лавозим маошларига қўшимча ҳақ ва бошқа устамалар 2013 йил 1 январдан бошлаб тўланмайди.
Геодезия ва картография миллий марказининг асосий фаолият турларидан бири бўлиб геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасида илмий-тадқиқот ишлари ўтказиш ҳисобланади. Шу муносабат билан илмий даража меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги локал низом билан илмий даража ва унвонларга эга бўлган ходимларга қўшимча ҳақлар белгиланган.
Тушунтириб берсангиз, юқорида кўрсатилган қарор 3-бандининг амал қилиши хўжалик ҳисобидаги давлат унитар корхонасига татбиқ этиладими?
«Кадрлар бўлими» рукнини эксперт-юристимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ олиб боради.