Кечикишнинг ўзи нима? У ходимнинг айбисиз юз берганлигини (масалан, жамоат транспортининг ёмон ишлаши, шахсий автомобилнинг бузилиб қолганлиги, йўллардаги тирбандлик, об-ҳавонинг ёмонлиги ва ҳоказо) қандай қилиб исботлаш керак? 5 дақиқа ёки 30 дақиқа кечикиб келганлар бир хилда жазоланиши мумкинми?
А.Саидов, ёш мутахассис.
Тошкент шаҳри.
– Ҳа, иш берувчи ишга ҳар қандай кечикишни жазолашга ҳақли. Шуни айтиш лозимки, сиз санаб ўтган сабаблар узр-ли сабабларга кирмайди. Агар сиз айтиб ўтилган ҳолатлар эҳтимолини ҳисобга олиб, ишга вақтлироқ чиқсангиз уларни олдиндан билиш ва бунинг олдини олиш мумкин.
Ишга кечикишни ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини ишга ўз вақтида келмаслик билан бажармаслик сифатида баҳолаш керак. Чунончи, агар ички меҳнат тартиби қоидаларида соат 9.00 дан 18.00 гача иш вақти режими ва соат 13.00 дан 14.00 гача тушликка танаффус белгиланган бўлса, ишга соат 9.05 да келиш кечикиш ҳисобланади. Кечикишни меҳнат интизомига риоя қилмаслик сифатида баҳолаш учун уни ходимнинг иш вақтидан фойдаланишни ҳисобга олиш табелида қайд этиш керак. Кечиккан ходимга жазо қўллаш ёки қўлламаслик тўғрисида қарорни иш берувчи шахсан қабул қилади.
Хулосада шуни таъкидлаш лозимки, агар ички тартиб қоидаларида ишнинг бошланиш ва тугаш вақти кўрсатилган, ходимда эса бекор қилинмаган интизомий жазо бўлса, унинг узрли сабабларсиз ишга навбатдаги кечикиб келиши меҳнат интизомини бузиш деб баҳоланиши мумкин. Бу ҳолда унга нисбатан ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлик учун меҳнат шартномасини бекор қилишгача интизомий жазо қўлланиши мумкин (Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 3-банди).
«Кадрлар бўлими» рукнини эксперт-юристимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ олиб боради.