Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 8 / Хўжалик ҳуқуқи

...давлат божини тўлашни кечиктиришда

Тадбиркорлик фаолияти хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзаро ва давлат органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишларини тақозо этади. Ўзаро ҳамкорлик пайтида низолар ва ихтилофлар юз бериши муқаррар, зеро тарафларнинг қарашлари, тушунча ва манфаатлари муайян ҳолларда фарқланади. Кўп вазиятлар музокаралар йўли билан ҳал қилинади.

Бироқ мазкур низоларни ҳал қилиш мумкин бўлмаган тақдирда хўжалик судига мурожаат қилиш зарурати туғилади. Аммо, афсуски, кўпгина тадбиркорлик субъектлари ушбу имкониятдан ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш учун фойдаланмайдилар. Бунинг бир нечта сабаби ҳам бор.

 

Биринчидан, кўп субъектлар, аввало кичик ва хусусий бизнес вакиллари штатда юристга эга эмаслар. Шу боис уларнинг шартномалари тузилгунга қадар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги текширилмайди ва судга мурожаат қилиш зарурати туғилганда бу ҳол адвокат (юрист) хизматларига қўшимча харажатлар қилишни талаб этади.

Иккинчидан, давлат божи ва бошқа суд чиқимларини тўлаш зарурати. Баъзан харажатларнинг умумий суммаси (адвокатнинг хизматлари + суд харажатлари) даъвонинг ўз қийматидан ошиб кетади ва, албатта, судга мурожаат қилиш зарурлиги борасида иккиланишлар юзага келади.

Республиканинг қонунчилиги қонун билан белгиланган ҳолларда давлат божини тўлашдан озод қилиш, унинг муддатини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашни назарда тутади. Бироқ буни барча тадбиркорлар билади деб бўлмайди.

Давлат божини тўлашдан озод қилиш ишнинг якунидан қатъи назар – унинг даъво талаблари қаноатлантирилиши ёки улар рад этилишига қарамай – тараф бож тўламаслигини билдирди.

Муддатни кечиктириш тараф давлат божини тўлашдан муайян воқеа бошлангунга қадар (масалан, суд томонидан қарор қабул қилингунгача) озод қилинишини билдиради. Айтиш мумкинки, муддатни кечиктириш – суд томонидан белгиланган пайтгача уни тўлашдан вақтинча озод қилишдир, мазкур пайт келгач, тараф суд белгилаган давлат божи миқдорини иш якунига боғлиқ ҳолда тўлаш мажбуриятини олади.

Бўлиб-бўлиб тўлашда давлат божи қисмларга бўлиб тўланади.

Солиқ кодексининг 330-моддасига кўра қуйидагилар давлат божини тўлашдан озод қилинган:

қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар – тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;

тадбиркорлик субъектлари – тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;

аризачи ва жавобгар – қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) ўз устав фондини (устав капиталини) шакллантирмаган корхоналарни тугатишга доир ишлар бўйича;

ундирувчи – қонунда назарда тутилган тақдирда, қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш бўйича харажатларнинг ўрнини қарздор томонидан қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

юридик ва жисмоний шахслар – суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлари бўйича.

Бундан ташқари, қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги, даъвони таъминлаш тўғрисидаги, суд ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги, қўшимча қарор тўғрисидаги, қарорни тушунтириш тўғрисидаги, қарор ижросини кечиктириш ва бўлиб-бўлиб бажариш тўғрисидаги, ижро варақасини ижрога тиклаш тўғрисидаги аризалар ҳамда шу каби аризалар учун бож тўланмайди. Шунингдек хўжалик судининг иш бўйича иш юритишни тўхтатиши тўғрисидаги, даъвони таъминлашга доир чоралар кўрилиши тўғрисидаги ажримлари, жиноят ишини қўзғатиш, маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги ва ҳоказо хусусий ажримлар учун бож тўланмайди.

Давлат божи тўланишини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш суднинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Хўжалик процессуал кодекси 91-моддасининг тўртинчи қисмида шундай дейилади: «Алоҳида ҳолларда суд даъвогарнинг аризасига кўра унинг мулкий аҳволига қараб, давлат божини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат беришга ҳақли». Бироқ суд томонидан давлат божи тўланишини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш учун асос бўладиган ҳолларнинг аниқ рўйхати қонун ҳужжатларида мавжуд эмас.

Бундай имкониятга эга бўлиш учун даъвогар хўжалик судига давлат божи тўланишини кечиктириши ёки бўлиб-бўлиб тўлаши тўғрисида илтимоснома бериши керак. Унда тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши сўралган асослар келтирилиб, зарур ҳужжатлар илова қилиниши керак.

Илтимоснома даъво аризасида ёки шикоятда, шунингдек унга алоҳида илова қилинадиган аризада баён этилиши мумкин. Даъво аризасисиз (шикоятсиз) берилган илтимосномани суд кўриб чиқмайди.

Унга илова қилинадиган ҳужжатлар аризачининг мулкий аҳволи унга даъво (шикоят) бериш чоғида белгиланган давлат божини тўлаш имконини бермаслигидан гувоҳлик бериши керак. Қу-йидагилар тарафнинг мулкий аҳволини белгилайдиган ҳужжатлар бўлиб ҳисобланади:

ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисобварақларнинг солиқ органи томонидан тасдиқланган рўйхати, улар очилган банкларнинг номлари ва манзиллари (шу жумладан юридик шахс филиаллари ва ваколатхоналарининг ҳисобварақлари);

давлат божи тўланиши учун зарур бўлган пул суммаларининг уларда йўқлиги, шунингдек ҳисобварақ (ҳисобварақлар) эгасининг ижро варақлари ва тўлов ҳужжатлари бўйича қарзининг умумий суммаси тўғрисидаги банк томонидан тасдиқланган маълумотлар.

Давлат божи тўланишини кечиктириш имконияти шунингдек баъзи бир амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган. Чунончи, Президентнинг «Хусусий тадбиркорликда ташаббус кўрсатиш ва уни рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони (5.01.1995 йилдаги ПФ-1030-сон) билан хўжалик судларига хусусий корхона эгаларидан бож ҳақини олдиндан тўлаттирмай даъво аризаларини қабул қилишга рухсат берилган, кейинчалик унинг ҳақи суд қарори чиқарилгандан сўнг сўзсиз ундириб олинади. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, бу ҳолда суд ҳужжатларига апелляция ва кассация шикоятлари ҳам олдиндан давлат божини тўлаттирмасдан қабул қилинади.

Шу тариқа, Президентнинг Фармони билан хусусий тадбиркорларга, уларнинг имкониятларини иқтисодий нуқтаи назардан чекламасдан, бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини хўжалик судларида ҳимоя қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Уларга хўжалик судига мурожаат қилиш учун имтиёзларнинг берилиши корхоналар фаолиятининг ривожланиши ва барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,

«VICTORY YURCONSALT» МЧЖ юрисконсульти.

 

Прочитано: 5505 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика