Тошкент шаҳар хўжалик судининг 10.08.2012 йилдаги ажрими билан корхонамизга қарзни тўлашни 2013 йил 1 январгача кечиктириш имконияти берилди. Биз уни суд ижрочисига кузатув хатисиз топширдик. Ҳозирда суд ижрочиси суд қарорининг бажарилмаганлиги учун жарима солиш билан таҳдид қилиб, унда суднинг ажрими йўқлигини рўкач қиляпти. Унинг талаблари тўғрими?
– «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.2001 йилдаги 258-II-сон) 32-моддасига мувофиқ ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар бўлган тақдирда, суд ижрочиси ўз ташаббуси билан ёхуд тарафлардан бирининг аризасига кўра, шунингдек тарафларнинг ҳар бири мустақил тарзда ижрони кечиктириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Уни олган тақдирда ижро ҳаракатларини олиб боришга суд билан белгиланган муддат мобайнида йўл қўйилмайди.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари суд ажримини бериш шакли ва уни албатта хат билан топширишни назарда тутмайди. Шу сабабли сиз суд ижрочисига суднинг муддатни кечиктириш тўғрисидаги ажрими топширилганини исботлашингиз зарур. Ушбу ҳолда суд ижрочисининг корхона мансабдор шахси (раҳбари)ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1981-моддасига кўра қарздор томонидан ижро ҳужжати узрли сабабларсиз бажарилмаганлиги учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги талаби асоссиз бўлади.
Таҳририятдан. – Келгусида бундай ҳолларда эҳтиёткор бўлишни тавсия қиламиз: хатлар, ҳужжатларни топшираётганда уларнинг олувчи имзо қўйган ва улар топширилган сана кўрсатилган нусхаларини олиб қолинг.
Павел СИЛЬНОВ, адвокат.