Бизнинг жамоат фондимиз болалар учун фойдали дам олишни ташкил қилиш билан шуғулланади. Маблағларни устав мақсадлари ва вазифаларига жалб этиш учун биз тадбирларимиз рекламасини ОАВда чоп этамиз. Унга сарфланган маблағлар фонднинг маъмурий харажатларига киритиладими?
Директор.
– «Жамоат фондлари тўғрисида»ги Қонун (29.08.2003 йилдаги 527-II-сон) 24-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига кўра фонднинг маъмурий харажатлари фонд томонидан ҳисобот даврида фондни бошқариш учун қилинган барча харажатларни ва биринчи навбатда унинг активларини асраш ҳамда сақлаб туриш учун зарур харажатларни, фонднинг ўз уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун рекламага сарфлаган харажатларини, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ фонд фаолияти билан боғлиқ харажатларни ва тўловларни ўз ичига олади.
Ҳар йилги маъмурий харажатлар, шунингдек фонднинг васийлик кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси аъзоларига ҳақ тўлаш ҳамда уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш фонд барча харажатлари суммасининг 20 фоизидан ошмаслиги керак. Мазкур чеклов ҳомийлик дастурларини амалга оширишда иштирок этадиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлашга нисбатан қўлланилмайди.
Шу тариқа, фонднинг активларини асраш ҳамда сақлаб туриш билан, шунингдек уставдаги мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун реклама қилиш билан боғлиқ харажатлар маъмурий харажатлар таркибига киради. Бироқ агар сиз жамоатчиликни ўзингизнинг аниқ лойиҳаларингиз, уларга ташриф буюрувчилар келишини ошириш учун ўтказиладиган тадбирлар ёки ўтказиладиган лойиҳалар тўғрисида жамоатчилик олдида ҳисобот бериш йўли билан ННТ фаолиятининг очиқ-ошкорлиги принципига риоя этилиши тўғрисида ОАВда хабардор қилсангиз ва буни молиявий ёрдам жалб этиш учун қилмасангиз, бундай харажатлар тадбирларни ўтказиш харажатларига киритилиши керак ва улар маъмурий харажатлар таркибига киритилмайди.
Алексей НИЯЗМЕТОВ,
юрист.