Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 8 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

МАҲАЛЛИЙ МАҲСУЛОТЛАРНИ ХАРИД ҚИЛИНГ

Президентнинг 29.01.2013 йилдаги ПҚ-1913-сон қарори билан ноқонуний олиб кирилган ва қалбакилаштирилган товарларни сотишга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистонга товарлар импортини тартибга солиш билан боғлиқ комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ҳужжат билан импорт бўйича олиб кирилаётган истеъмол товарлари рўйхати ва номенклатурасини танқидий кўриб чиқиб, маҳаллий товарларни ишлаб чиқариш кўламларини кенгайтириш муносабати билан уларни олиб кириш ҳажмини кескин қисқартиш бўйича 1 мартгача Ҳукуматга таклифлар киритиш назарда тутилган. ДБҚ, ДСҚ ҳамда бошқа идораларга махсус назорат идентификация белгилари қўйилган товарлар рўйхатини қўшимча равишда кенгайтириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

Тадбиркорлар шунга ҳам эътибор беришлари керакки, 2013 йил 1 июлдан бошлаб республикага олиб кириладиган озиқ-овқат товарлари, шахсий гигиена буюмлари ва бошқа истеъмол товарларида уларни ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан қўйилган давлат тилидаги товар маркировкаси бўлиши шарт.

2013 йил 1 мартдан Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси, шунингдек ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркаларини ўтказиш доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари ярмаркаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф қабул қилинди. Улар доирасида истеъмол товарларини харид қилиш қўшимча тендер савдоларини ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилади.

Қарорда мамлакатимизнинг истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи ишлаб чиқариш корхоналарида ISO-9001 стандартларига мувофиқ сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш графикларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун 2013 йил 1 мартгача Вазирлар Маҳкамасига киритиш кўрсатилган.

 

САМОЛЁТДА ЮРИШ-ТУРИШ ҚОИДАЛАРИ

Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг буйруғи (АВ томонидан 29.01.2013 йилда 2416-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидалари тасдиқланди.

Улар билан, хусусан, ҳаво кемаси ичида йўловчилар унинг командирининг ёки экипаж аъзосининг ҳаво кемаси командири номидан берган парвоз ва йўловчилар хавфсизлигини, мол-мулк бут сақланишини, ташиш шартномасини ижро этиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш тартиби ва имкониятини таъминлашга доир фармойишларини бажаришга мажбур эканлиги белгиланган.

Қоидаларда йўловчиларнинг учиш талонига (авиачиптага) мувофиқ жойлашишлари, тегишли табло ёқилиши билан хавфсизлик камарини тақишлари ва у ўчмагунча ечмасликлари шартлиги белгиланган. Олиб ўтилаётган юкларни салоннинг махсус ажратилган жойларига жойлаштириш лозим.

Ўз навбатида авиайўловчилар экипаж аъзоларидан ташиш шартномаси шартларида белгиланган хизматларнинг кўрсатилишини талаб қилишга, жамоат тартибини бузаётган, бошқа шахсларни безовта қилаётган, уларнинг мол-мулкига ёки соғлиғига таҳдид туғдираётган йўловчига таъсир кўрсатиш талаби билан мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидалари йўловчи томонидан парвоз хавфсизлигига таҳдид туғдирадиган ёхуд шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига ва мол-мулкига таҳдид туғдирадиган тарзда бузилса, у билан тузилган ташиш шартномаси ташувчи томонидан ташиш йўналишининг исталган манзилида бекор қилиниши мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 117-моддасига мувофиқ ҳаво кемасида юриш-туриш қоидаларини бузиш жарима билан жазоланади. Чунончи, кема командири фармойишларини бажармаслик учун ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда; ҳаво кемаси бортида туриб фотосуратга, кинога, видеога олиш, шунингдек радиоалоқа воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш фото-киноплёнка ёки видеокассеталар мусодара қилиниб, ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

ДАСТЛАБ ДЕКЛАРАЦИЯЛАБ, ҲАҚИНИ ТЎЛАНГ

Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 30.01.2013 йилда 2418-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига амалда олиб келиниши пайтигача божхона органларига дастлабки божхона декларациясини тақдим этиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Чунончи, дастлабки божхона декларацияси (кейинги ўринларда – ДБД деб юритилади) чет эл товарлари амалда олиб келиниши пайтигача расмийлаштирилиб, кейинчалик улар эркин муомалага чиқариш режимига жойлаштирилади. У қуйидаги товарларга қўлланмайди:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилиниши тақиқланган;

лицензиялар бўйича импорт қилинадиган;

ваколатли органларнинг рухсатномаси талаб қилинадиган (мувофиқлик, гигиена, ветеринария сертификатлари ва импорт карантин рухсатномаси бундан мустасно).

Товарларнинг дастлабки божхона расмийлаштируви божхона постида 2 босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда ҳужжатларнинг декларант томонидан тасдиқланган нусхалари ҳамда ушбу ҳужжатлардаги маълумотларнинг электрон кўриниши тақдим этилган ҳолда (ҳужжатлар «Товарларни электрон декларациялаш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда электрон кўринишда ҳам тақдим этилиши мумкин) ДБД божхона юк декларацияси бланкларида (ёки электрон БЮД шаклида) расмийлаштирилади ва ДБДда «ПР» ҳарфли белги кўрсатилади. Бунда ДБДда кўрсатилган товарларнинг тўлиқ миқдори учун божхона тўловлари тўланади. Агарда ДБДни рўйхатга олган божхона постига ДБД рўйхатга олинган кундан бошлаб 30 календарь куни давомида товарлар тақдим этилмаса ёки ушбу муддат ичида товарларга нисбатан тақиқ ва чекловлар киритилса, бундай ҳолларда ДБД бекор қилинади.

Иккинчи босқичда келиб тушган товарлар божхона кўригидан ўтказилади. Товарлар божхона кўригига тақдим қилинишидан олдин божхона пости мансабдор шахси ҳужжатлар нусхаларида кўрсатилган маълумотларни асл ҳамда электрон ҳужжатлардаги маълумотлар билан солиштиради. Агарда маълумотларда номувофиқликлар мавжуд бўлса ёки керакли маълумотлар етишмаса, декларант томонидан ДБДга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилади. Шундан кейин ДБДга тузатиш киритиш (қайта расмийлаштириш) товарларни божхона кўриги амалга оширилгунга қадар божхона пости томонидан бир иш куни мобайнида амалга оширилади. ДБДни бекор қилиш эса Божхона юк декларацияларига тузатиш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 24.09.2010 йилда 2143-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ амалга оширилади. ДБД бекор қилинганда янги БЮД 15 кунлик муддат ичида тақдим этилиши шарт. Кўрикдан ўтказиш пайтида декларант талаб қилинаётган сертификатлар ва товарларга доир рухсатномаларни тақдим этади. Сўнгра ДБДнинг электрон нусхасига божхона кўриги далолатномаси, юкни етказиб бериш назорат китобчаси рақамлари, саналари ва товарлар келтирилган сана ҳақидаги маълумотлар киритилади, «ПР» белгиси «ИМ» белгиси билан алмаштирилади.

 

СОЛИҚ МАСЛАҲАТЧИСИ УЧУН СТАНДАРТ

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 6.02.2013 йилда 2425-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Солиқ маслаҳати миллий стандарти (3-сонли СММС) «Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ текширувлари ўтказиш вақтида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тартиби» тасдиқланди. Мазкур стандарт бир марталик (бирйўла) хизматни кўрсатиш шартномалари бўйича солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан кўрсатиладиган хизматларга татбиқ этилмайди. Бироқ унинг талаблари барча солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари томонидан қўлланилиши мажбурийдир.

Солиқ текширувлари ўтказиш вақтида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар шартнома асосида кўрсатилади ва қу-йидагиларни ўз ичига олади:

текширув вақтида вужудга келаётган аниқ кўрсатилган саволлар бўйича хулоса бериш, ушбу саволлар бўйича мижознинг (ишонч билдирувчининг) давлат солиқ хизмати органлари олдидаги нуқтаи назарини тасдиқловчи ҳужжатларни (исботларни) тақдим этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;

солиқ текшируви доирасида амалга ошираётган ҳаракатларни кузатиб бориш (солиқ тўловчининг ҳудуди ва жойларини кўздан кечириш, мол-мулкини инвентаризация қилиш, ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш ва бошқалар) ҳамда ўтказилаётган ҳаракатлар қонунийлиги тўғрисида мижозга (ишонч билдирувчига) хулоса тақдим этиш;

солиқ текшируви натижаларини (солиқ текшируви далолатномасини) муҳокама қилишда давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари олдида мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини ифода этиш.

3-сонли СММС солиқ маслаҳатчилари ва уларнинг ташкилотлари солиқ текширувида қатнашишига доир бошқа масалаларни ҳам тартибга солади.

 

ҲИСОБРАҚАМ ОЧМАГАНЛИГИ УЧУН БАНККА 2,7–5,4 МЛН СЎМ ЖАРИМА СОЛИНАДИ

Марказий банк бошқарувининг қарори (АВ томонидан 8.02.2013 йилда 1044-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тижорат банкларига жазо жарималарининг миқдорлари камайтирилди.

Эндиликда барча зарур ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин банклар ҳисобрақамлар очишни асоссиз равишда кечиктирганда ёки уни очишни рад этганда, шунингдек бунда ортиқча ҳужжатлар сўраганда банкка нисбатан унинг устав капитали энг кам миқдорининг 0,02%ига (илгари у 0,05%ни ташкил этарди) тенг миқдорда жарима қўлланади. Мижозларнинг ҳисобрақамларига маблағларни ўтказиш ва уларни ҳисобдан чиқариш тартибини бузганда банк энг кам устав фондининг 0,01%и (илгари 0,1%и эди) миқдорида жаримага тортилади. Шуни ҳисобга олиш лозимки, тижорат банклари учун устав фондининг энг кам миқдори сўм эквивалентида 10 млн евро, хусусий банклар учун эса 5 млн евро этиб белгиланган.

Тижорат банкларининг ўзлари йўл қўйган қонунбузарликларга доир даъволар ва чиқарилган суд қарорлари ҳақидаги ахборотни Марказий банкка ҳар ойда мажбурий тақдим этиши талаби бекор қилинди.

Ушбу ўзгартиришлар ҳисобрақамлар очиш, мижозлар ҳисобрақамларидан маблағларни ўтказиш ва кўчириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа эҳтиёжлар учун нақд пул бериш бўйича белгиланган талабларни бузганлик учун тижорат банкларига жазо жарималарини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 30.06.2001 йилда 1044-сон билан рўйхатдан ўтказилган) киритилди.

Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристларимиз Елена ЕРМОХИНА, Римма СОЛОДОВНИКОВА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 2569 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика