Корхонамиз ходимларидан бири қонунчиликда белгиланган тартибда алимент тўлаб келади. Унинг cобиқ хотини Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшайди. Бухгалтеримиз ҳар ойнинг 5-санасида хизмат кўрсатувчи банкдан алимент суммасини нақд пулда олади.
Ушбу ҳолда ходимимизнинг собиқ аёли ҳар ойда кела олмаслиги сабабли пулни унга почта орқали юборса бўладими? Агар юбориш мумкин бўлса, почта харажатлари кимдан ундирилади? Алиментдан солиқлар қай тарзда ушланади?
Газетхон. Тошкент шаҳри.
– Алиментларни ва алимент бўйича қарздорликларни ундириш тартиби Оила кодексининг 96–147-моддалари билан тартибга солинади.
Жумладан, ушбу Кодекснинг 137-моддасига асосан алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувга ёки ижро варақасига асосан алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақидан ва бошқа даромадидан ҳар ойда алимент ушлаб қолиб, алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ёки бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, 3 кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга алимент тўлаши ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг ҳисобидан унга ўтказиши шарт.
Агар алимент олувчи алимент мажбуриятлари бўйича ушланган суммаларни кассадан шахсан олиш имкониятига эга бўлмаса, корхона ҳар ойда ушланган суммани почта орқали ўтказиши ёки алимент олувчи аёлнинг банкдаги ҳисобрақамига ўтказиши мумкин.
Ўтказиш бухгалтерияга тақдим этилган ариза асосида амалга оширилади, у тегишлича ушбу аёл номидан ёзилиши керак.
Қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки унга тенглаштирилган
бошқа тўловларни тўлаётган ташкилотлар ёки бошқа шахслар томонидан ижро ҳужжатларини ижро этиш қоидаларининг (Адлия вазирининг АВ томонидан 8.07.2009 йилда 1980-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) 14-бандига кўра, пул маблағларини ўтказиш алимент тўловчининг ҳисобидан амалга оширилади ва пул маблағларини тўлаш ва ўтказиш қарздор ҳисобидан қопланади.
Солиқ кодексининг (СК) 178-моддаси 5-бандига асосан, алиментлар жисмоний шахсларнинг бошқа даромадлари таркибига киритилади.
Қарздорнинг иш ҳақи ва бошқа тўловлардан ушлаб қолинадиган суммалар миқдори (яъни алимент) солиқлар (жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва суғурта бадаллари) ушлаб қолингандан кейин қолган суммадан ҳисоблаб чиқарилади (ЎзРнинг 29.08.2001 йилдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги 258-II сон Қонунининг 65-моддаси).
Алимент уни олувчисининг даромади деб тан олинади ва уларга СКнинг 179-моддаси 21-бандига асосан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.