Корхонамизда бир неча нафар II ва III гуруҳ ногиронлари ишлайди. Ушбу ходимлар даромадлари бўйича ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадалларига (5,5%) доир имтиёзлар мавжудми?
– Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг суғурта бадаллари бўйича имтиёзлар Солиқ кодексининг 308-моддаси ва айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 17.07.1992 йилдаги 328-сон қарорининг1 7-банди билан ихтисослаштирилган цехлар, участкалар ва корхоналарда ишловчи ногиронлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан 4,7 фоизлик ставка бўйича ягона ижтимоий тўлов ундирилиши назарда тутилган. Ногиронлар учун иш ўринлари меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда) берадиган бўлиши керак (Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида низомнинг2 6-банди).
Ногиронлар меҳнатидан фойдаланадиган корхоналар имтиёзга доир ҳуқуқни тасдиқлаш учун ўзининг солиқ ҳисобига олинган жойдаги ДСИга ногиронлар учун аттестацияланган иш ўринлари кўрсатилган ва ТМЭКнинг ногиронларни ишга жойлаштириш бўйича хулосаси (тавсияси) берилган ҳолда санитария-техник паспортини тақдим этишлари керак.
Ногиронлар учун суғурта бадаллари бўйича махсус имтиёзлар назарда тутилмаган. СКнинг 308-моддасида кўрсатилган тўловларгагина суғурта бадаллари солинмайди.
Эслатиб ўтамиз, 2013 йил учун суғурта бадаллари ставкаси 6%ни ташкил этади (Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 3-илова).
1«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари».
2ВМнинг 20.08.2008 йилдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган.
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.