Кўп қаватли уйда яшовчилар тез-тез ҳовлида чиқинди, антисанитария ҳолатлари мавжудлигидан шикоят қилади ва бунда бошқарувчи компанияларни айблайди: ҳудудни яхши тозалашмайди деб. Лекин санитария нормалари ва қоидаларига нафақат юридик шахслар, балки фуқаролар ҳам риоя қилиши кераклигини унутиб қўйишади. Ушбу мавзу юзасидан таҳририятга юборилган бир нечта мурожаатларни келтириб ўтамиз.
«Бизнинг уйларимиз аҳолисининг баъзилари ҳар томонга БК ҳудудни ёмон тозалаяпти деб шикоятлар ёзади. Лекин кўпинча бунда ўзлари айбдор, чунки тозаликни сақлашни исташмайди. Энди ҳовлибонлар ҳовлини тозалаб бўлишганида, бир-икки кундан кейин яна чиқинди тўдаси кўринади. Ариқлар халталар билан тиқилган, чунки уларни чиқинди солинадиган жойгача олиб бориш малол келади. Баъзан халталар уй эгаларининг деразаларидан ҳовлига улоқтирилади. Бу қилмишлар учун нима сабабдан ҳеч ким жазоланмайди? Уйларнинг ташқи қисмида бизнинг ҳисобимиздан видеокузатув камералари ўрнатилган, лекин аҳолини санитария нормалари ва қоидаларини бузганлиги учун жаримага тортмайдилар. Жазосизлик ҳамма нарсага рухсат берилган дегандай туйғу уйғотади. Лекин, агар уй эгалари бунинг учун жавоб беришга тўғри келишига ишончлари комил бўлса, яна бу воқеа қўшнилар орасида кенг ошкор бўлса, албатта бундай хатти-ҳаракатлар катта муаммоларга олиб келишини ўйлаб қолишади».
«Бизнинг уйимизнинг ертўласи сув билан тўлиб, ҳашаротлар уяси ва квартираларда ёқимсиз ҳид манбаи бўлди. Биз БКдан дезинсекция ўтказишни сўрадик, бизга ҳозир бунга пул йўқ деб жавоб беришди. Улар қачон пайдо бўлишини кутиш мумкин эмас эди. Бундай хизматни ихтисослашган ташкилотдан ўз маблағларимиз ҳисобига буюртма қилишимизга тўғри келди. Лекин БК билан тузилган шартномада умумуй мол-мулк ва ҳудудни тегишли санитария ҳолатини сақлаш бўйича ишларни бажариш ҳақида банд бор. Нима учун у бажарилмайди».
«Бизнинг уйимизнинг бир нечта аҳолиси зинапояларни эски буюмлар билан тўлдирди. Бошқалар улардан ибрат олиб, йўлакка керак бўлмаган ҳамма нарсани чиқара бошлашди. Баъзилари буларнинг ёнига маиший чиқинди солинган халталарни ила бошлади. Натижада суварак кўпайди, йўлак тартибсиз кўринишга келди. Қўшниларимиз бизнинг эътирозларга қулоқ солмадилар, БК шикоятларга муносабат билдирмади. Санитария қонунчилигини бузаётган айрим уй эгаларига нисбатан чора бормикин?»
«Маҳаллаларда чиқинди йиғиш пунктларини сақлаш билан тадбиркорлар шуғулланади. Операторлар тез-тез чиқиндини олиб чиқиб кетиш жадвалини бузади. Натижада идишлар халталар билан чеккалари ҳам тўлиб кетади, бу, айниқса иссиқ вақтда, кемирувчилар ва бошқа зараркунандаларнинг уяси, юқумли касалликлар ва ёқимсиз ҳидлар манбаи бўлиши мумкин».
Санитария қонунчилигини бузганлик учун қандай маъмурий жавобгарлик назарда тутилган?
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 53-моддасида санитария қонунчилигини, санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузиш фуқароларга БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.