Умумий уй чатлари бугун кўп қаватли уйларда яшовчилар орасида машҳур бўлиб бормоқда. Кўпинча уларга ККУ бошқарув органлари раҳбарлари ҳам уланади. Бу иккала томонга умумий мулкни сақлаш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш имконини беради. Уй эгалари ХУЖШ, БК, «ўзини ўзи бошқарувчилар» ходимларини юзага келаётган муаммолар ҳақида хабардор қилади, улар эса муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишга ҳаракат қилади. Умумий уй чатларида бошқарув органлари раҳбарлари уй эгаларини умумий йиғилишлар ўтказиш ҳақида огоҳлантириш, бажарилган ишлар ҳақидаги ҳужжатлар билан танишишни таклиф этиш, ККУни бошқариш бўйича турли масалалар бўйича жой мулкдорларининг фикрини аниқлаш ва бошқа ҳолатлар мавжуд. Амалиёт шуни кўрсатадики, томонлар бундай форматда муваффақиятли мулоқот қилиш ва кўплаб муаммоларни ҳал қилишга қодир.
Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Кўпинча қўшнилар чатлари уй эгалари ва бошқарув органлари ходимлари ўртасида муносабатларни аниқлаштириш, «кекирдак чўзиш» майдончасига айланади. Гуруҳ иштирокчилари ҳиссиётларини тийиб тура олмайди, уларда сабр-тоқат, мулоқот маданияти етишмайди, бу айрим ҳолатларда низоларга олиб келади. Баъзан иш ҳақорат, дағалбозлик, сўкинув гап-сўзларигача боради. Уйда яшовчиларнинг айримлари қўшниларига таҳдид қилиши, тармоқда уларнинг шахсий маълумотларини эълон қилиши, уларнинг обрў-эътиборига путур етказиши, шараф ва қадр-қимматини камситиши ва бошқа ҳолатлар бўлиши мумкин.
Бундай хатти-ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Қонунчиликка мувофиқ интернет-жанжалчиларни жавобгарликка тортиш ва жабрланган томоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мумкин. Умумий уй чатлари иштирокчилари мулоқот вақтида истамаган нохуш оқибатлардан қочиш, кескин вазиятни низоларгача олиб бормаслик учун нимани унутмасликлари керак? Бундай хатти-ҳаракатлар учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (МЖТК) ва Жиноят кодекси (ЖК)да қандай жавобгарлик назарда тутилган? ККУдаги жой мулкдорлари ёки бошқарув органларининг умумий уй чатларида энг кўп бузиладиган асосий моддаларни кўриб чиқамиз.
Туҳмат
МЖТК 40-моддаси:
Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш, – БҲМнинг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
ЖК 139-моддаси:
Маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин худди шундай хатти-ҳаракатлар содир этилса, – БҲМнинг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш, – БҲМнинг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Ҳақорат қилиш
МЖТК 41-моддаси:
Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш, – БҲМнинг йигирма бараваридан қирқ бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
ЖК 140-моддаси:
Маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин беодоблик билан худди шундай хатти-ҳаракатлар содир этилса, – БҲМнинг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Нашр қилиш ёки бошқа усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш, – БҲМнинг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ёлғон ахборот тарқатиш
МЖТК 202-2-моддаси:
Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқариш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, – БҲМнинг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, – БҲМнинг эллик бараваридан юз бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
ЖК 244-6-моддаси:
Маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин худди шундай хатти-ҳаракатлар содир этилса, – БҲМнинг бир юз эллик бараваригача жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, ушбу Кодекснинг 244-1-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – БҲМнинг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш
МЖТК 46-1-моддаси:
Шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш – БҲМнинг ўн бараваридан қирқ бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
ЖК 141-1-моддаси:
Маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин худди шундай хатти-ҳаракатлар содир этилса, – БҲМнинг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш
МЖТК 46-моддаси:
Тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операциялари ва жамғармалар сирларини, худди шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни ошкор этиш, ушбу Кодекснинг 46-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаса, – фуқароларга БҲМнинг иккидан бир қисмидан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса – БҲМнинг икки бараваридан беш бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Хат-ёзишмалар, телефонда сўзлашув, телеграф хабарлари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланиши тартибини бузиш
ЖК 143-моддаси:
Маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин хат-ёзишмалар, телефонда сўзлашув, телеграф хабарлари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланиши тартибини қасддан бузиш, – БҲМнинг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш
МЖТК 46-2-моддаси:
Шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, худди шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётганда жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларни йиғишга, тизимлаштиришга ва сақлашга оид талабларга риоя этмаслик, – фуқароларга БҲМнинг етти баравари, мансабдор шахсларга эса – БҲМнинг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
ЖК 141-2-моддаси:
Маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин худди шундай хатти-ҳаракатлар содир этилса, – БҲМнинг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.