Norma.uz
Норма маслахатчи / 2025 йил / № 22 / Биз яшайдиган уй

Эски икки-уч қаватли уйлар ўрнига баланд қаватли бинолар

 

Сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистон аҳолиси сони 6 миллион кишига кўпайди. Шу давр мобайнида тахминан ярим миллион уй-жой қурилди. Хусусан, ўтган йили 100 минг квартирали кўп қаватли уйлар қад ростлаган. Жорий йилда янада кўпроқ – 130 минг квартирадан ортиқ қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда шаҳарсозлик реновацияси ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича таклифлар тақдимоти пайтида гапирилди. Президент Шавкат Мирзиёев бу таклифлар билан танишиб чиқди.

 

president.uz порталининг хабарига кўра, яқин йилларда аҳоли сони 40 миллион кишига етади. Бундай ўсиш суръатларида ҳар йили 140–150 минг янги квартирага эҳтиёж юзага келади. Бу йилига тахминан 2 минг гектар қўшимча ер талаб этилишини англатади. Бироқ ер ресурслари чекланган.

Бундай вазиятда реновация дастури самарали ечим бўлади. Масалан, республикада тахминан 17 минг эски икки ва уч қаватли уйлар мавжуд. Уларда яшаш шароитлари замонавий талабларга мос келмайди. Электр, газ ва сув таъминоти тармоқлари, шунингдек бошқа инфратузилма сезиларли даражада эскирган, кўпгина уйларда канализация тизими умуман йўқ.

Агар уларнинг ўрнига замонавий 7–9 қаватли уйлар қурилса, у ерда уч баробар кўп одам яшаши мумкин. Асосийси – янги квартираларда замонавий коммуникациялар, иссиқ ва совуқ сув, канализация тизими назарда тутилган. Одамлар тоза, қулай ва обод муҳитда яшашлари мумкин. Шунинг эвазига минглаб оилаларнинг турмуш тарзи яхшиланади ва энг муҳими – бундай қулай шароитларни биринчи марта айнан туғилган ҳудудида ҳис этишади.

Яна бир муҳим жиҳат – энергия тежаш. Ихчам қурилишда инфратузилма тармоқлари ва энергия ресурслари анча самарали фойдаланилади.

Ҳозирча бу соҳада ягона норматив ҳужжат мавжуд эмас. Шу муносабат билан халқаро тажриба асосида «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Тақдимот давомида реновация тизимининг ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Бундай дастурларни амалга ошириш уч босқичда бўлиши назарда тутилмоқда. Биринчи босқичда шаҳар ва туманларда реновацияга мос ҳудудлар аниқланади ва тегишли лойиҳалар ишлаб чиқилади. Уй-жой эгаларига янги уй-жой ёки компенсация таклиф этилади. Барча келишувлар ҳар бир мулкдор билан алоҳида тузилади ва нотариал тасдиқланади.

Иккинчи босқичда реновация дастури ҳудудий ва республика кенгашларида кўриб чиқилади, қурилиш ташкилоти аниқланади. Учинчи босқичда янги уйлар қуриш ва фойдаланишга топшириш амалга оширилади.

Реновация билан қамраб олинган туманларнинг иқтисодий салоҳияти ҳам ўсади. Янги уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватларида савдо нуқталари, хизмат кўрсатиш корхоналари ва кичик ишлаб чиқариш цехлари жойлаштирилади. Бундан ташқари, ҳисоб-китобларга кўра, бу тизимни амалга ошириш туфайли 20 минг гектар ерни тежаш мумкин.

Хусусан, реновациянинг биринчи босқичида 20 минг квартира қуриш режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари бундай лойиҳаларни биринчи навбатда аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, аниқ қурилган ва адолатли тизим асосида амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан масъул раҳбарлар, туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари реновация ўтказиш тартиби ва бу ишни самарали ташкил этиш масалалари бўйича қўшимча тайёргарлик кўришлари кўрсатилди.

Шунингдек, реновация зоналарини инфратузилма билан таъминлаш, янги уй-жойлар массивлари атрофида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди, деб хабар беради president.uz.

Прочитано: 127 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика