Уй-жой мулкдори ўзгарганда олдинги мулкдор бу ҳақда етказиб берувчига чиқиб кетишидан 7 кун олдин маълум қилишга мажбур.
Чиқиб кетгандан кейин тамғалар ва ҳисобга олиш асбобининг сақланиши учун жавобгарлик янги мулкдорга юкланади.
Олдинги мулкдор хона янги мулкдорга берилгунга қадар иссиқлик таъминотининг истеъмол қилинган хизматлари учун қарзларни тўлиқ тўлаши шарт (Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари 106-б., 15.07.2014 йилдаги 194-сон ВМҚга 1-илова; Етказиб берувчи, ижрочи ва истеъмолчи ўртасидаги ККУ иссиқлик таъминоти шартномаси 4.18-б.).
Шахсий ҳисобрақам ва якка тартибда ҳисобга олиш асбобларининг ҳолати тўғрисидаги батафсил маълумотлар етказиб берувчи томонидан шакллантирилади ва аниқ вақт режимида идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимига юборилади (Қоидалар 107-б., Шартнома 4.19-б.).
Нотурар жой янги мулкдорга берилганда истеъмолчи бу ҳақда етказиб берувчига 7 кун муддатда хабар беради. Янги эгаси эса нотурар жой хонасидан фойдаланиш бошлангунга қадар иссиқлик таъминоти хизматларидан фойдаланиш юзасидан янги шартнома тузади. Нотурар жой хонадан фойдаланишни қайта ихтисослаштириш юз берган тақдирда эса янги мулкдор ҳам янги техник шартларни олиши шарт. Техник шартлар ва кўрсатиб ўтилган шартнома мавжуд бўлмаган тақдирда иссиқлик таъминоти тизимларидан ўзбошимчалик билан фойдаланилган деб ҳисобланади (Қоидалар 109-б., Шартнома 4.20-б.).