Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 11 / Биз яшайдиган уй

Жарималар кимнинг ҳисобидан тўланади: бошқарув органими ёки мулкдорларнингми?

 

Бошқарув органлари ККУдаги умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жарималарни қайси маблағлар ҳисобидан тўлашлари керак? Ширкатда бу жой мулкдорларининг маблағлариданумумий мол-мулкни сақлаш учун бадаллар ҳисобидан амалга оширилади. Агар УМШ аъзолари хабардор бўлсалар, бу ҳолат уларнинг норозиликларига сабаб бўлади. БК раҳбарлари ҳам кўпинча маъмурий жарималар жой мулкдорларининг тўловларидан тўланишини ва уларнинг шикоятлари ўзларига қарши ишлаши мумкинлигини айтишди. «Нима қилишимиз керак, – деб сўрашади уйда яшовчилар, – БК ёки УМШ ўз ишини бажармаса, қонунчиликни бузиб сифатсиз иш бажарса майли эмишу, биз шикоят қилмаслигимиз керак эканми? Демак, улар ҳуқуқбузарликни қилаверсину, биз емаган сомсага пул тўлаверар эканмизда? Шу адолатданми?». 

 

УМШ устидан шикоят қилар экан, уйда яшовчилар ўзларини жазолашадими?

Аччиқ ҳақиқат шундаки, УМШда маъмурий жарималар унинг аъзолари бадаллари ҳисобидан тўланади. Бу, албатта, жой мулкдорларига нисбатан адолатсизлик ҳисобланади. Ширкат даромад олмаяпти. Мулкдорларнинг мақсадли бадаллари фақат УМШ аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган ишлар режасига, даромад ва харажатлар сметасига мувофиқ сарфланиши мумкин. Сметага маъмурий жарималарни тўлаш учун харажатлар киритилмайди. Агар раис ёки ширкатнинг бошқа ходими бирор ишни нотўғри қилган бўлса – бу унинг хатоси. Квартира эгаларининг умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича маблағларини УМШ фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мақсадларга сарфлаш – айни уй-жой қонунчилиги ва мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилиши-ку.

Демак, УМШ ишидан шикоят қилаётган уй аҳли аслида ўзларини жазолаётган экан-да. Жарималарнинг мулкдорлар маблағлари ҳисобидан тўланиши уйнинг таъминоти учун назарда тутилган маблағларнинг бир қисмини олиб қўяди. Бунинг оқибатида режалаштирилган бирор-бир ишлар бажарилмаслиги ёки энг охирги муддатга қолдирилиши мумкин. Ёки уларни бажариш учун мажбурий бадал миқдорини оширишга тўғри келади, бу эса уй аҳлининг чўнтагига оғирлик қилиши мумкин. Ширкат раҳбарлари муаммо юзага чиқиши билан ишлари йўқ, мулкдорларнинг кўпчилик қисми эса муаммо бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Режалаштирилган ишларни бажариш учун ажратилган мулкдорларнинг маблағларини бошқа мақсадларга жалб қилмаслик учун бир қатор УМШ раҳбарлари ўз фаолияти даврида захира жамғармасини ташкил қилишни таклиф этганлар. Уларнинг фикрича, жамғарма маблағларини кўзда тутилмаган харажатларга, шу жумладан жарималарни тўлашга, агар шундай вазият юзага келадиган бўлса, йўналтириш мумкин эмиш. Бироқ бу масаланинг ечими бўла олмайди. Ахир нима бўлганда ҳам бу мулкдорларнинг пуллари саналади ва бу маблағлар УМШ ходимлари томонидан йўл қўйилган ҳуқуқбузарликларни қоплашга ишлатилиши адолатдан эмас.

«Норма» мавзувий нашрининг саҳифаларида биз бир неча марта ушбу масалага бошқача ёндашиш зарурлиги ҳақида ёзган эдик. Ҳуқуқбузарлик учун айнан унга йўл қўйган шахслар жавоб бериши керак. Жарима юридик шахс бўлган УМШдан ундирилмоқда. Ваҳоланки, ширкат маблағларни суд тартибида айбдор жисмоний шахсдан (УМШ ходимидан) ундириб олиши мумкин. Бу ширкат аъзоларига нисбатан адолатли бўлади.

 

БК жарималарни ўз маблағи ҳисобидан тўлаши керак

Бошқарувчи ташкилотларнинг кўпчилиги уй аҳлининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси оқсаётганлигидан фойдаланиб, бошқарув шартномаси шартларини бузганлик учун белгиланган маъмурий жарималарни жой мулкдорларининг тўловлари ҳисобидан тўламоқчи бўлади. Бироқ БК тижорат ташкилоти бўлиб, унинг мақсади фойда олишдан иборат. У жарималарни мулкдорларнинг тўловларидан эмас, балки ўз маблағларидан тўлаши лозим. ККУга хизмат кўрсатиш тарифида жарималарни сўндириш харажатлари назарда тутилмаган. Ахир сметадаги ҳар бир сатр мақсадли бўлади ва БК уй аҳлига йил якунлари бўйича уйга хизмат кўрсатиш учун келиб тушган маблағларнинг сарфи тўғрисида ҳисобот беради.

Айрим ҳолатларда БК раҳбарлари ўз хатти-ҳаракатларини пуллари йўқлиги, уйда яшовчилар тўлов тўламаётганлиги, жарималарни қайси маблағлардан тўлашларини билолмаётганлиги билан изоҳлайдилар. ЎзР Фуқаролик кодексининг 48-моддасига мувофиқ юридик шахс унга тегишли мол-мулк юзасидан ўзининг барча мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлади. Бундай ҳолатда улар ҳуқуқбузарлик учун ўз мол-мулкидан тўлов тўлашлари мумкин.

Прочитано: 265 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика