ҚМЧларни йиғиш майдонларидаги контейнерлар тўлиб-тошиб, бир неча кунлаб туриб қолаётган бўлса, нима қилиш керак? Пойтахтдаги бир қатор турар жойларда шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Уйда яшовчилар тарифлар ошаётганлигидан, лекин хизмат кўрсатиш сифати ўзгармаётганлигидан шикоят қилишмоқда. Чиқинди йиғиш майдонлари ходимларининг тушунтиришича, ҚМЧларни олиб чиқиб кетиш жадвалидаги узилишлар чиқиндилар ҳажмининг ортиши ва чиқиндини олиб чиқиб кетадиган машиналарнинг етишмаслиги билан боғлиқ экан. Бироқ бу уй аҳлини хавотирга солиши керакми? Уларнинг иши тўлов тўлаш, ижрочининг вазифаси чиқиндиларни олиб чиқиб кетишдан иборат-ку. Агар тўлов тўланмаса – қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилади. Чиқинди олиб чиқиб кетиш даврийлиги ва меъёрлари қандай белгиланади? – деб сўрашмоқда фуқаролар. Чиқинди йиғиш майдонлари ахлатлар уюмига айланганда қаерга шикоят қилиш керак?
– Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишни ташкил этишга доир талаблар Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидаларининг (6.02.2019 йилдаги 95-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – Қоидалар) 4-бобида белгиланган. Унда айтилишича, ҚМЧ тўпланиш меъёри ўзгарувчан катталик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятларга, хизмат кўрсатилаётган объектлар демографик хусусиятларининг ҳамда ободлик даражаси ўзгариши билан боғлиқ бўлган ҳолатларда қайта кўриб чиқилиши керак. Қоидаларга кўра ҚМЧларнинг тўпланиш меъёри кўп квартирали ва якка тартибдаги турар жой уйлари бўйича – уйнинг ободлик даражасига (иссиқлик, газ таъминоти, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, канализация мавжудлигига) қараб бир кеча-кундузда бир киши ҳисобига белгиланади.
ҚМЧларнинг тўпланиш меъёри Давлат экология қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади. Чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг даврийлиги жойлардаги иқлим шароитлардан келиб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ белгиланади.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шохобчаларидан – бир кунда бир маротаба ва якка тартибдаги турар жой секторидан «сигнал» усулида – 3 кунда бир маротабани ташкил қилади.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишилган ҳолда белгиланади. У санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ маиший чиқиндиларни сақлашнинг чекланган муддатидан ўтиб кетмаслиги лозим.
Хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан ҚМЧларни олиб чиқиб кетиш жадвалига риоя қилинмаган ҳолатларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ККУ бошқарув органлари оператив тартибда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш чораларини кўриш учун хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг диспетчерлик хизматига буюртманома беришга ҳақли. Шунингдек тегишли чоралар кўриш ва кўрсатилган хизматлар натижадорлигини баҳолаш учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳудудий органлари ва Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази (Марказ)нинг ҳудудий филиалларига мурожаат қилиш мумкин.
Марказнинг ҳудудий филиаллари хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан ҚМЧларни олиб чиқиб кетиш жадвалига риоя қилиниши юзасидан мониторинг юритиши ҳамда ҳисобини олиб бориши лозим. Шу жумладан буни чиқинди ташиш машиналари ҳаракатини реал вақт режимида автоматлаштирилган кузатиш тизими (GPS)дан фойдаланган ҳолда амалга ошириш мумкин.