Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 22 / Амалий бухгалтерия

Даволаниш учун тўловлар: бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисоботи

 

Ходимга даволаниш учун тўлов қандай расмийлаштирилади

Агар корхона даволанишга муҳтож бўлган ходим ёки унинг болаларига ёрдам бермоқчи бўлса, у ҳолда буни қуйидагилар асосида амалга ошириш лозим:

● ходимнинг харажатларни тўлаб бериш тўғрисида раҳбар номига ёзган аризаси;

● соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан берилган тасдиқловчи ҳужжатлар (шартнома, хизматлар ҳақини тўлаш учун счёт ва бошқалар).

Даволаниш (тиббий хизматлар) учун тўлов тўланганлигини раҳбарнинг буйруғи билан расмийлаштиринг. Буйруқда харажатлар суммасини ва уларни тўлаш усулларини акс эттиринг.

Сиз ходимнинг даволаниш харажатларини қуйидагича тўлашга ҳақлисиз:

● соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисобрақамига пул маблағларини ўтказиш орқали;

● соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида ушбу мақсадлар учун мўлжалланган нақд пул маблағларини бевосита ходимга бериш орқали;

● ходимнинг банкдаги ҳисобрақамига пул маблағларини ўтказиш орқали (СК 378-м. 3-б.).

Агар ходим нақд пулни олиб кетадиган ҳолатда бўлмаса, у ота-онасига ёки оила аъзоларига берилиши мумкин.

Ходимга нақд пулни беришда ёки унинг банкдаги ҳисобрақамига маблағларни ўтказишда тиббиёт хизматлари учун тўловни тасдиқловчи ҳужжатларни сўраб олинг. Булар касса чеки ёки терминал чеки бўлиши мумкин.

Маблағлар мақсадли сарфланганлигини тасдиқловчи ушбу ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда солиқ органлари имтиёзлар қўлланилишининг ҳаққонийлигини тан олмасликлари мумкин.

 

Солиқ оқибатлари

Иш берувчининг стационар ва амбулатор тиббий ёрдам учун харажатлари ходимнинг моддий наф тарзидаги даромадларига киритилади (СК 376-м. 1-қ.). Уларга қуйидаги солиқлар солинмайди:

● ЖШДС (СК 378-м. 3-б.);

● ижтимоий солиқ (СК 403-м., 404-м.).

Ушбу харажатлар фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланмайди (СК 317-м. 3-б.). 

 

Сиз қуйидаги ҳолатларда ЖШДС бўйича имтиёзларни қўллаш ҳуқуқига эгасиз:

● маблағлар ходимга ёки унинг болаларига тиббий хизматлар кўрсатилгани учун тўланган ва сарфланган бўлса;

● харажатлар суммаси ва уларнинг мақсадли сарфланганлиги юзасидан тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса.

 

Кўрсатилган ёрдам миқдоридан қатъи назар, сиз солиқ имтиёзларини қўллашингиз мумкин, мазкур ҳолатда суммалар бўйича меъёр белгиланмаган. Тиббий хизматлар ҳақини тўлаб бериш учун асос бўлиб ҳисобланган соғлиқни сақлаш ташкилотларининг ҳужжатлари маблағлар тўлаб берилган санадан олдинги саналарда расмийлаштирилган бўлиши керак.

 

Солиқ ҳисоботида акс эттириш

Соғлиқни сақлаш муассасаси ҳужжатларига асосан тўлаб берилган, тиббий хизмат харажатларининг суммасини қуйидагича акс эттиринг:

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида:

● 012-сатрида;

● 2-иловасининг 0301-сатрида, имтиёзнинг банди ва мазмунини танлаш орқали;

● 5-иловасида;

● Фойда солиғи ҳисоб-китоби 2-«Харажатлар» иловаси 0119-сатрининг 3 ва 4-устунларида.

 

Бухгалтерия ҳисоби

Бухгалтерия ҳисобида даволаниш харажатлари қуйидагича акс эттирилади:

● соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисобрақамига тўлов ўтказиш:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Счётлар корреспонденцияси


дебет


кредит


Даволаниш (тиббий хизматлар) учун маблағлар ўтказилди


4330


5110


Ходимнинг даромади ҳисобланадиган даволаниш (тиббий хизматлар) юзасидан корхонанинг харажатлари акс эттирилди


9430


6740*


Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан хизматлар кўрсатилди


6740*


6010 ёки 6990


Аввал ўтказилган бўнак ҳисобга олинди


6010 ёки 6990


4330


 

 

*Счётлар ишчи режасига 6740-«Моддий наф тарзидаги даромадлар бўйича ходимлар билан ҳисоб-китоблар» счётини киритиш тавсия этилади.

 

● нақд пул маблағларини бериш:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Счётлар корреспонденцияси


дебет


кредит


Ходимнинг банкдаги ҳисобрақамига пул маблағлари ўтказилди (тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш шарти билан)


4790


5110


Ходимнинг даромади ҳисобланадиган даволаниш (тиббий хизматлар) юзасидан корхонанинг харажатлари акс эттирилди


9430


6740*


Ходимга аввал берилган бўнак ҳисобга олинди (тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда)


6740*


4790


 

 

*Счётлар ишчи режасига 6740-«Моддий наф тарзидаги даромадлар бўйича ходимлар билан ҳисоб-китоблар» счётини киритиш тавсия этилади.

 

Олег ЦОЙ, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 289 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика