Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 21 / Солиқ солиш

Фойдани тақсимламаса ҳам бўлади

 

Йил якуни бўйича МЧЖда фойда ҳосил бўлди, уни жамиятнинг ягона таъсисчиси корхонани ривожлантириш учун қолдирмоқчи. Агар дивидендларни ҳисобламаса, қандай солиқ оқибатлари бўлади? Қандай бухгалтерия ўтказмаларини амалга ошириш лозим? 

 

– Жамият йилнинг ҳар чорагида, ярим йилда бир марта ёки бир йилда бир марта ўзининг соф фойдасини жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир. Жамиятнинг жамият иштирокчилари ўртасида тақсимланадиган фойдаси қисмини аниқлаш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъу­лиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун 25-м.).

Агар таъсисчи – бир нафар бўлса, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ваколатлари жумласига кирувчи масалалар юзасидан қарорларни у якка тартибда қабул қилади ва ёзма равишда расмийлаштиради (Қонун 37-м.).

Хусусий капитал устав фондидан (устав капиталидан), қўшилган, захира капитали ва тақсимланмаган фойдадан иборат. Тақсимланмаган фойда фойда жамғарилганлигини акс эттиради ва мулкдорларнинг қарорига биноан УФга (УКга) ўтказилиши мумкин (Қонун 19-м.). Шунингдек, уни кейинчалик тақсимлаш, шу жумладан дивидендларга тақсимлаш учун тақсимланмаган фойда счётида қолдириш мумкин.

Шу тариқа, жамиятнинг ягона иштирокчиси жамиятнинг соф фойдасини тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли, лекин мажбур эмас. Агар бундай қарор қабул қилинмаган бўлса, фойда тақсимланмаган ҳисобланади (ҳисобда жамғарилган фойда сифатида акс эттирилади). Бунда солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Фақатгина дивидендларни тўлаш ёки тақсимланмаган фойдани устав фондига ўтказиш тўғрисида қарор (УФни жамиятнинг мол-мулки ҳисобига кўпайтириш тўғрисида қарор) қабул қилинган ва ижро этилган тақдирда ягона иштирокчида солиқ оқибатлари юзага келади. Бу ҳолларда жамият, тўлов манбаи сифатида, дивидендлардан олинадиган солиқни ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт (СК 343, 345-м.).

 

Юридик шахснинг ўз капитали (мол-мулки) ҳисобига устав фонди ошган тақдирда юридик шахс иштирокчисининг улуш номинал қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари дивидендлар деб эътироф этилади (СК 41-м. 1-қ. 4-б.).

 

Икром АБДУЛҚОДИРОВ, юрист.

Прочитано: 539 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика