Электрон бухгалтерлик ҳужжатларини, уларнинг реестрларини чоп этиш ва эскича тарзда жавонда сақлаш зарурми, балки улар бир неча йилдан кейин талаб қилиб қолинар?
Саволга ДСҚ Ахборот-коммуникация технологиялари департаменти директори Ҳаётжон НАСРУЛЛОЕВ жавоб берди:
– «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ яратилган электрон ҳужжат қоғоз ҳужжатга тенг қийматли деб эътироф этилади.
Роуминг операторлар ва ЭҲА операторлари уларнинг ресурсларида яратилаётган барча ҳужжатлар, шунингдек уларни сақлаш учун шароитлар мазкур қонун ва бошқа НҲҲ, шу жумладан – Солиқ кодекси ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ келишини таъминлайди.
Қонун ҳужжатларида ҳужжатларнинг айрим турлари «Янги технологиялар» ИАМ тизимида яратилиши ва сақланиши мумкинлиги тўғридан-тўғри кўрсатилган – электрон ҳисобварақ-фактуралар, ТМҚни олиш учун ишончномалар ва шартномалар.
Бошланғич ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби регистрлари ва молиявий ҳисобот операторлар ва роуминг-оператори серверларида худди шу қоғоз шаклидаги ҳужжатлар учун белгиланган муддатдан кам бўлмаган муддатда сақланади, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса.
Хусусан, ЭҲФ:
● ЭҲА оператори базасида камида 5 йил, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
● роуминг-оператори базасида – камида 10 йил сақланади (Низом 9, 10-б., 25.06.2019 й. 522-сон ВМҚга 1-илова).
ТМҚни олиш учун ишончномалар ДСҚ маълумотлар базасида – камида 5 йил, бироқ шартноманинг амал қилиш муддатидан кам бўлмаган муддатда сақланади (Низом 8-б., 28.04.2021 й. 249-сон ВМҚга 3-илова).
Сақлаш муддатлари тугагандан кейин ДСҚ маълумотлар базаларидаги ҳужжатлар йўқ қилинмайди, балки давлат архивига сақлашга ўтказилади. Бинобарин, улар кўрсатилган муддатлардан кейин талаб қилиб олиниши ва фойдаланилиши мумкин.
Агар сизда бир неча йил олдин яратилган ҳужжатни олишда қийинчиликлар юзага келса, ёрдам юзасидан ўзингизнинг электрон ҳужжат айланиши операторингизга ёки ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМга мурожаат қилинг.