Харидор компаниянинг корпоратив пластик картасидан ёзув-чизув товарлари учун пул тўлади. Сотувчи товар олиш учун ишончнома талаб қилиши керакми? Харидор уни тақдим этишга мажбурми?
– 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисоб-фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилди (30.10.2018 й. ПФ-5564-сон 1-б. «в» к. б.).
Бошқача айтганда, хўжалик юритувчи субъектлар корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда товарларни (хизматларни) шартнома тузмасдан сотиб олишлари мумкин. Бироқ бунда ЭҲФлар ёки онлайн-НКМларнинг чеклари мажбурий равишда олиниши шарт (30.10.2020 й. ПФ-6098-сон 2-б.).
Хўжалик операцияларининг ҳисоби учун операциялар амалга оширилганлигини қайд этувчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва уни ўтказишга доир фармойишлар асос бўлади.
Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан савдо ва сервис соҳасида олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақи корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда тўланганида тўлов терминалларининг чеклари ҳам бошланғич ҳисоб ҳужжатлари деб тан олинади («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун 14-м. 1-қ.).
Тўлдириш тартибини бузган ҳолда ёки тўлдирилмаган реквизитлар билан ишончномалар бериш мумкин эмас (4-сон БҲМС 96, 101-б., АВ рўйхат рақами 3259, 30.06.2020 й.).
Ишончноманинг мажбурий реквизитларига, шу жумладан, қуйидагилар киради:
● етказиб берувчининг номи;
● битимнинг асоси бўлган шартнома ва (ёки) бошқа ҳужжатнинг номи, рақами ва санаси (4-сон БҲМСга 1, 2-иловалар).
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, сотувчининг шартнома тузмасдан ва КПКдан тўлов тўлаганда ТМЗ бериш шартлари сифатида қисман тўлдирилмаган реквизитлар билан берилган ишончномалар тақдим этилишини талаб қилиши қонун ҳужжатларининг талабларига зид бўлади.