Республикамиз ҳудудига йирик миқдордаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилиши олдини олиш борасида давлат божхона хизмати органлари томонидан тизимли кураш олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари «Тошкент-товар» ва «Чуқурсой техник-идора» ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига хориждан келтирилган 2 та юк контейнерини белгиланган тартибда кўздан кечиришди.
Натижада мазкур контейнерларда йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, ҳашаротларга қарши қўлланиладиган 68,5 минг дона фумигаторлар, 162 минг дона тортлар учун мўлжалланган мушаклар ҳамда 15 минг дона шишириладиган болалар коптоклари борлиги аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра бу товарларнинг умумий қиймати 1 млрд 663 млн сўмдан ошган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.