Халқимиз азалдан ўлкамизни босқинчилардан ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва дахлсизлиги учун курашган қаҳрамонларини эъзозлаб келади.
Инсоният тарихидаги энг даҳшатли фожеа – Иккинчи жаҳон урушида бир ярим миллиондан ортиқ Ўзбекистон ўғлонлари ҳам иштирок этган. Уларнинг ярим миллиондан кўпи ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ғалаба нашидаси билан қайтган.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган имони бутун аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш том маънода миллий анъанага айланди.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаров бошқарма ходимлари билан биргаликда Шеробод туманидаги «Галагузар» маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 96 ёшлик Кенжа ота Иламанов ҳамда «Хўжақия» маҳалласидан бўлган уруш қатнашчиси, 100 ёшни қаршилаган Ҳусан ота Қулсаҳатов хонадонларида бўлишди.
Ҳусан бобо Россия, Украина, Польша, Германия ва бошқа ҳудудлардаги жанг майдонларида мардонавор иштирок этган, суронли йилларнинг барча аччиқликларини тотиб кўрган. Жанггоҳларда ҳаётий эҳтиёж туфайли рус ва немис тилларини тўлиқ ўзлаштирган. Бу ҳам ҳаёт учун курашишнинг бир намунаси ўлароқ ёш авлод учун ибрат бўларлик ишдир.