Корхона импорт қилинган тиббиёт буюмларини реализация қилади. Уларни олиб киришда ҚҚС тўлаганмиз. Бироқ тиббиёт буюмларини реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС тўлашдан озод этилган, шу боисдан уларни ҚҚСсиз сотамиз.
Тиббиёт буюмларини харид қилишда тўланган ҚҚСни ушбу буюмлар сотиш мақсадида олинганлиги учун уларнинг таннархига киритиш мумкинми?
– Тиббиёт буюмларини реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод қилинган. Реализация қилиш бўйича айланмаси ҚҚС тўлашдан озод қилинган товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС ҳисобга олинмайди. Ҳисобга қабул қилинмайдиган солиқ суммаси харид қилинган товарлар қийматида ҳисобга олинади (СК 243-м. 1-қ. 13-б., 267-м. 1-қ. 3-б., 3-қ.).
Бироқ корхонада ҚҚС солинадиган ва ундан озод этиладиган айланмалар мавжуд бўлиши мумкин. Мазкур ҳолатда корхона ҳисобга олишнинг мутаносиб усулини қўллайдиган бўлса, ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган бошқа операцион харажатлар таркибига киритилади (СК 268-м. 5-қ.).