Бизнинг МЧЖ – ҚҚС тўловчиси (қишлоқ хўжалиги – мевалар етиштириш). Учта муассисимиз бор. Муассислардан бири (жисмоний шахс) улушини мол-мулк билан олиб жамиятдан чиқиб кетмоқчи бўляпти. ҚҚС солиш мақсадларида юридик шахснинг иштирокчисига муассислар таркибидан чиқиб кетаётганида унинг бошланғич ҳиссаси доирасида мол-мулкни бериш товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди (СК 199-м. 2-қ. 5-б.).
Муассис бошланғич ҳисса доирасидаги мол-мулкни олиб чиқиб кетаётганлиги сабабли бизда ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайдими?
– Юридик шахснинг чиқиб кетаётган муассисига берилаётган мол-мулкнинг чиқиб кетишига доир операция ҚҚС солинадиган айланма ҳисобланади. Бу амалдаги Солиқ кодекси қоидаларидан келиб чиқади (СК 239-м. 4-қ. 3-б. «а» кичик б.).
Сиз саволда ҳавола қилган Солиқ кодексининг моддаси (СК 199-м. 2-қ. 5-б.), ҳақиқатан ҳам аввал амал қилган Солиқ кодексида мавжуд бўлган. Бироқ 2020 йил 1 январдан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси кучга кирган (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонун). Унда сиз кўрсатган имтиёз мавжуд эмас, бундан ташқари муассисга АВни реализация қилиш солиқ солинадиган даромад эканлиги аниқ-равшан қайд этилган.
Ольга БУСАРОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.