Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 19 / Жавоб берамиз

Далолатноманинг ўзи етарли

 

Корхона Россия компанияси билан эҳтиёт қисмларни етказиб беришга доир шартномани тузди. Шартномага иловада хизматлар қийматидан ташқари ташкилот бўйича хизматлар ва келиб чиқиш сертификатини ташкиллаштириш ва расмийлаштириш ҳақида алоҳида сатр берилган. Шартнома бўйича тўлов тўлиқ тўланган, шу жумладан эҳтиёт қисмлар ва хизматлар ҳақи ҳам тўланган. Эҳтиёт қисмларни божхонада расмийлаштиришда инвойс тақдим этилган, унда божхонада расмийлаштирилиши лозим бўлмаган хизматлар қиймати ҳисобга олинмаган ҳолда уларнинг рўйхати кўрсатилган.

Корхона кўрсатилган хизматни қандай расмийлаштириши ва бухгалтерия ҳисобига қабул қилиши лозим? Бунда хорижий етказиб берувчи билан хизматлар кўрсатиш далолатномасини тузишнинг ўзи етарли бўладими? 

 

Келиб чиқиш сертификатини ташкиллаштириш ва расмийлаштириш бўйича хизматларни ҳисобга олиш учун хорижий етказиб берувчи билан кўрсатилган хизматлар далолатномасини тузишнинг ўзи етарли бўлади.

Сизнинг корхонангиз – ЎзР юридик шахси бундай хизматларнинг харидори бўлганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (СК 241-м. 1, 2-қ.).

Корхонангиз солиқ агенти сифатида ҚҚС ҳисоблаши, ушлаб қолиши ва бюджетга тўлаши лозим. Хизматлар қиймати Ўзбекистонда тўланадиган ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда кўрсатилган бўлса, солиқни ҳисобга олган ҳолда хизматлар қиймати ҚҚС бўйича солиқ базаси ҳисобланади. Хизматлар қиймати Ўзбекистонда тўланадиган ҚҚСга киритилмаса, солиқ базаси ҚҚС ҳисобга олинмаган хизматлар қиймати ҳисобланади. Мазкур ҳолатда солиқ агенти солиқни ҳисоблаши ва ўз маблағлари ҳисобидан тўлаши керак. ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов топшириқномаси уни ҳисобга олиш ҳуқуқини беради (СК 255-м.).

Бироқ ҚҚСни ҳисобга олиш учун корхона импортга бир томонлама ЭҲФни ҳам расмийлаштириши лозим. ЭҲФ расмийлаштирилганидан кейин Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига ­(1-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда ­3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 4-«Харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактуралар ўрнини босувчи ҳужжатлар) реестри» иловасида акс эттирилади ҳамда ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин бўлади.

Келиб чиқиш сертификатини ташкиллаштириш ва расмийлаштириш бўйича хизматлар қиймати харид қилинган эҳтиёт қисмлар таннархига киритилади (АВ томонидан 30.06.2020 йилда 3259-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 15-б.).

Эҳтиёт қисмлар қайта сотиш учун олинган бўлса, улар харид қиймати бўйича ҳисобга олиниши мумкин. Бунда харид қилиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан ташкилот бўйича хизматлар ва келиб чиқиш сертификатини расмийлаштириш хизматлари қиймати реализация қилиш бўйича харажатларга киритилади (4-сон БҲМСнинг 30-б.).

 

 

ҲИСОБга ОЛИнган НАРХЛАР БЎЙИЧА ТАННАРХ

 

Қурилиш компанияси 2019 йилда 2 блокдан иборат турар жой қуришни бошлаган. 2020 йилда ёрдамчи пудратчи ташкилот иккита блок учун бажарилган қурилиш ишлари далолатномасини қисман тақдим этган. Фақат битта А блок учун кадастр ҳужжати олинган. 2021 йилда А блоки бўйича квартиралар олди-сотдисини расмийлаштиришни бошладик. Ҳозир қурилиш ишлари давом этмоқда. Айни пайтда биз бажарилган ишлар далолатномасига кўра ҳар бир блок бўйича қурилиш ишларига оид харажатларни тақсимлаб чиқдик. Юкхат бўйича бошқа харажатлар ҳар бир блок майдонига мутаносиб равишда тақсимланди.

Кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган, бироқ қурилиш ишлари ҳали якунланмаган А блоки бўйича қанча майдонни кирим қилишни қандай тўғри аниқлаш мумкин? Квартиралар таннархи қандай аниқланади? 

 

– Қурилиш тугалланган ва белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқ уларнинг қурилиши тегишли лойиҳа ташкилоти томонидан бошланганлиги тасдиқланган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин.

Қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган бўлса;

қурилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган лойиҳага асосан бошланган бўлса (Низомнинг 35-б., ВМнинг 29.12.2018 йилдаги 1060-сон қарорига 1-илова).

Корхона А блокка кадастр ҳужжатларини олган бўлса, демак, ушбу блокнинг бутун майдони қурилиши тугалланган объект сифатида кирим қилинади. Квартиралар таннархини ҳисобга олиш нархлари бўйича (смета бўйича) аниқлашга тўғри келади. Қурилиш якунланганидан кейин ҳақиқий таннархдан келиб чиққан ҳолда таннархга тузатиш киритилиши лозим.

Прочитано: 818 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика