Мактабгача ва мактаб таълими хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар таълим олувчиларнинг овқатланишини ташкил этишади. Бу алоҳида хизмат ҳисобланадими ва таълим муассасалари учун имтиёзларни қўллаш мақсадида озиқ-овқат билан таъминлашни қандай баҳолаш керак?
Озиқ-овқат билан таъминлаш таълим хизматлари таркибига кирадими?
Айрим ҳолларда овқатланишни ташкил этиш таълим жараёнининг ажралмас қисми ҳисобланади. Масалан, мактабгача таълим муассасаларида, болаларнинг ташкилотда бўлиш муддатига қараб, овқатланиш кунига бир – беш марта ташкил этилиши керак («Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Қонун 31-м.)
Озиқ-овқат билан таъминлаш стандартлари Ўзбекистон Республикасининг мактабгача таълим муассасаларида соғлом ва хавфсиз овқатланишни ташкил қилишнинг гигиеник талабларида келтирилган (ЎзРнинг 10.06.2017 йилдаги 0348–17-сон СанҚваМ).
Узайтирилган кун гуруҳига ташриф буюрадиган биринчи синф ўқувчилари учун мактабларда меъёрлар кунига уч марта овқатланишни ташкил қилишни назарда тутади ЎзРнинг 2.11.2010 йилдаги 0288–10-сонли СанҚваМ 10-б.).
Озиқ-овқат билан таъминлашни ўз кучи билан ҳам, аутсорсинг орқали ҳам ташкил қилиш мумкин.
Моҳиятан, таълим муассасаларида мажбурий равишда озиқ-овқат билан таъминлашни ташкил этиш бу – ташкилотнинг асосий фаолиятига хизмат кўрсатишга қаратилган ва ушбу фаолият доирасидаги хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган ёрдамчи хўжаликдир (СК 302-м.).
Буни Иқтисодий фаолият турлари таснифлагичи «Кириш» қисмининг 4.4-бандида ёрдамчи фаолиятни ишлаб чиқариш жараёнига хизмат қиладиган ва бозорда сотиладиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқаришга олиб келмайдиган фаолият сифатида таърифланиши ҳам тасдиқлайди.
Озиқ-овқат билан таъминлашни ёрдамчи фаолият деб ҳисоблаш учун нима қилиш зарур?
Бунинг учун:
● таълим хизматларини кўрсатиш шартномаси предметида озиқ-овқат қийматини алоҳида хизмат тури сифатида акс эттирманг;
● озиқ-овқат харажатларини таълим хизматлари таннархининг калькуляциясига киритинг. Ушбу турдаги харажатларни нарх ва ҳисоб сиёсатида ҳам ҳисобга олинг;
● озиқ-овқат билан таъминлаш харажатларини 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ёки овқатланишни ташкил этилишига қараб, 2710-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар» ҳисобварақларида ҳисобга олинг.
Бу нафақат санитария меъёрларида назарда тутилган мажбурий озиқ-овқат билан таъминлашга, балки, масалан, ўқув марказларида кофе-брейкларни ташкил этишга ҳам тегишлидир. Улар ўқув курсларида амалиётда ҳамма жойда кенг тарқалган. Aгар аниқ мақсад қўйиладиган бўлса, унда улар учун дарслар орасидаги танаффусларда енгил овқатланишни асослайдиган меъёрларни топиш мумкин.
Таълим муассасалари учун имтиёзлар қўллаш мумкинми?
Таълим хизматлари ҚҚСдан озод қилинади (СК 243-м. 1-қ. 10-б.).
Озиқ-овқат харажатлари тўғри расмийлаштирилганда (таълим хизматлари таннархига киритилган ҳолда), таълим хизматларини реализация қилиш бўйича барча айланмалар ҚҚСдан озод қилинади.
Шунингдек, агар таълим хизматлари ҳажми (шу жумладан, текинга олинган мол-мулк шаклидаги даромадларни ҳисобга олган ҳолда) жами даромаднинг камида 90%ини ташкил этса, сиз фойда солиғи бўйича нол ставкани қўллашингиз мумкин (СК 59, 337-м.).
Озиқ-овқат харажатлари асослантирилган ҳолда, тўғри расмийлаштирилган тақдирда, уларни чегириладиган харажатлар таркибига киритиш мумкин.
Озиқ-овқатни сотишдан қўшимча даромад олинганда
Aгар сизнинг ташкилотингиз ташқарига сотишдан қўшимча даромадга эга бўлса, демак, бу – таълим муассасалари учун ҚҚС бўйича имтиёз қўлланилмайдиган алоҳида фаолият тури ҳисобланади.
Aгар, ташқарига озиқ-овқат сотишдан олинадиган даромад, жами даромаднинг 10 фоизидан кам бўлса, қолган даромад эса – таълим хизматларига тўғри келса, унда сиз ҳар иккала фаолият турига ҳам фойда солиғининг нол ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга бўласиз.
Дилшод СУЛТОНОВ,
Молия вазирининг ўринбосари,
Наталья МЕМЕТОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.