Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 19 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Экспорт мавсуми авжга чиқмоқда

 

Фарғона вилоятининг Қува тумани ва Қувасой шаҳарларида гилос пишди. Эрта пишар бу мевага нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда ҳам талаб катта бўлгани боис унинг экспорти аллақачон бошлаб юборилди.

 

Фарғона вилояти божхона бошқармасининг «Водий», «Марғилон» ва «Қувасой» ТИФ божхона постларидан Россия, Қирғизистон ва Қозоғистонга чиқарилаётган гилос экспорт божхона режимига расмийлаштирилмоқда.

Гилос жуда нозик ва тез бузилувчан мева ҳисобланади, уни юқори ҳароратда ҳамда кўп ушлаб туриш товарнинг бузилишига сабаб бўлади. Шу сабабли гилосларни ташиш ва юклаш ишлари асосан кечки вақтларда, яъни салқин об-ҳавода олиб борилади. Шундан келиб чиқиб, божхона ходимлари ҳам божхона расмийлаштирувини тезкор равишда ва сутканинг тунги палласида амалга оширишмоқда.

 

Маълумот учун: Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йилда қарийб 30 млн АҚШ долларилик 13 минг 360 тонна гилос экспорт божхона режимига расмийлаштирилган бўлиб, у асосан Россия, Хитой, Корея, Литва, БАА, Польша, Украина, Бельгия, шунингдек қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонга экспорт қилинган.

* * *

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида лалми майдонлардан қўшимча ерлар ўзлаштирилмоқда, суғориш учун артизан қудуқлар қазилмоқда. Бу саъй-ҳаракат ва изланишлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқимиз дастурхонига ҳар галгидан эртароқ тақдим этиш имконини берди.

Туманда май ойининг бошида қовун пишди. Айни кунда таъми тилёрар ва харидоргир қовунлар туманнинг Ўтамайли ҳудудида етиштирилмоқда. Пишиб меъёрига келганлари пешма-пеш истеъмолчиларга етказилмоқда.

– Ўзимизнинг томорқада ҳар йили турли хил полиз маҳсулотларини етиштирамиз, – дейди деҳқон Руфат Бўриев. – Рўзғордан орттирган маблағдан экин майдонимизни кенгайтирдик. Томорқамизга эртапишар қовуннинг «Дакара» навини экканмиз, ҳосил май ойининг бошида пишиб етилди. Сотиб, даромад топяпмиз.

Деҳқонлар ҳудудда қовун парваришига февраль ойидан бошлаб киришишган. Бунда асосан «Жиян», «Торпедо», «Аэропорт» каби экспорт талабига жавоб берадиган навлар танланган.

Аввалига уруғлар махсус идишларга экилиб, иссиқхона шароитида ўстириб олинади. Бўйи меъёрига етгач, кўчатлар кенг майдонга плёнка остига экилади. Кунлар исиши билан палаклар баравж ривожланиши учун ниҳоллар усти очилади. Бу усулни қўллаш орқали эртачи ҳосил олиш имконияти ошади.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари тумандаги тарвуз ва қовун етиштирувчи фермер ва томорқа хўжалиги эгалари билан учрашиб, маҳсулотларни экспортга расмийлаштиришда божхона органлари яқиндан кўмак беришга шай эканликларини эслатишмоқда.

 

ДБҚ Ахборот хизмати.

Прочитано: 299 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика