Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 15 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Давлат органларида штат бирликлари қисқаради

 

Президентнинг 3.04.2021 йилдаги ПҚ-5053-сон қарори билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш чора-тадбирлари белгиланди.

 

Ҳужжатнинг мақсади давлат томонидан тартибга солишнинг замонавий бозор механизмлари жорий этилиши, давлат органларида соҳага оид бўлмаган вазифаларнинг қисқартирилиши, улар фаолиятига рақамли технологияларнинг жорий этилиши, шунингдек давлат функцияларини амалга оширишга хусусий секторнинг жалб қилиниши каби йўналишларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан келиб чиқиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлашдан иборат.

2021 йил 1 майдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг сонини 15%гача мақбуллаштириш ҳамда уларнинг янгиланган чекланган сонини белгилаш ишлари амалга оширилади. Вазирлик ва идораларнинг раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилади.

52 та органдаги мавжуд 43 969 нафар бошқарув ходимлари штат бирлигидан қисқартириладиган штат бирликлари сони 5 288 нафарни ташкил этади. Шу жумладан Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлардаги мавжуд 39 925 штат бирлигидан 5 175 таси қисқартирилиши лозим.

26 та вазирлик ва идораларда 40 та вазир ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилади.

Қарорда Капитал бозорини ривожлантириш агентлигини тугатиш ва унинг барча вазифа, функция ва ваколатларини Молия вазирлигига бериш назарда тутилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда штат бирликлари қисқартирилган ходимларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш чораларини кўриш топширилди.

Молия вазирлигига 2021 йил 15 майга қадар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини ошириш, юқори самарали меҳнатга интилишни кучайтириш, ходимларнинг ўз касб даражасини оширишдан манфаатдорлигини таъминлашни назарда тутувчи меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тизимини жорий этиш бўйича Президент қарори лойиҳасини киритиш топширилди.

Устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда бўлган хўжалик жамиятлари акциядорлар умумий йиғилишида, шунингдек давлат корхоналари бошқарув органларида камида бир нафардан раҳбар ўринбосари лавозимларини қисқартириш, шунингдек бошқарув ходимлари сонини 10% миқдорида мақбуллаштириш ташаббуси билан чиқилади.

Бундан ташқари, қуйидагиларни назарда тутувчи Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади:

● АКТни фаол қўллаш орқали маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда давлат бошқаруви органларида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолашнинг замонавий усулларини жорий этиш;

● маъмурий ислоҳотлар доирасида давлат органлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини, шунингдек бир-бирини такрорловчи функция ва вазифаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда давлат органлари сонини қисқартириш;

● Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тузилмаси ҳамда бошқарув ходимлари сонини қайта кўриб чиқиш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.04.2021 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.

Прочитано: 297 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика