Корхона директори 2021 йил январь ойида Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олди.
Унинг иш ҳақига нисбатан ЖШДСнинг қандай ставкасини қўллаш керак?
– Чет эл фуқароси бўлган ходимнинг даромадларига солиқ солиш унинг Ўзбекистон Республикаси солиқ резиденти ёки резиденти эмаслигига боғлиқ. Тегишли мақоми ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет 12 ойлик давр давомида жами 183 календарь кундан кўпроқ ЎзРда ҳақиқатда бўлган жисмоний шахслар ЎзРнинг солиқ резидентлари деб эътироф этилади (СК 30-м. 2-қ.).
ЎзРда яшаш гувоҳномаси нафақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқароларига, балки Ўзбекистонда кетма-кет 12 ой давомида 183 кун яшамаганларга ҳам берилиши мумкин. Масалан, кўчмас мулк сотиб олганда ҳам яшаш гувоҳномаси берилади (Низом 3-б., 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармонга 2-илова).
Аммо бу ўринда гап корхона директори ҳақида бормоқда ва эҳтимолки, у билан узоқ муддатли меҳнат шартномаси тузилган. У СКнинг 30-моддаси 2-қисмида кўрсатилган 12 ойлик муддат тугагунга қадар солиқ органларига узоқ муддатли меҳнат шартномасини ёки уни солиқ резиденти деб ҳисоблаш учун шартлар бажарилишини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этса, ўзининг аризасига биноан Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилиши мумкин (СК 30-м. 5-қ.).
ЎзР солиқ резиденти бўлган жисмоний шахснинг даромадларига 12% ставка бўйича ЖШДС солинади, бундан дивидендлар ва фоизлар шаклида тўланадиган даромадлар мустасно. Дивиденд ва фоизларга эса 5% ставка бўйича солиқ солинади (СК 381-м.).