Давлат божхона қўмитаси ОАВ вакиллари учун «Ваколатли иқтисодий операторлар институти ташкил этилганига 2 йил: натижалар сарҳисоби» мавзусида пресс-тур ташкил этди.
Мазкур тадбирда журналист ва блогерлар ВИО мақомини қўлга киритиб, божхона соҳасидаги қулайликлар ва имтиёзлардан самарали фойдаланиб келаётган корхоналарда бўлишди. Маълумки, Президентимизнинг «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (24.11.2018 йилдаги ПФ-5582-сон) мувофиқ 2019 йил 1 февралдан бошлаб инсофли ТИФ иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ ВИО институти жорий этилди. Бугунги кунда республикада бундай оператор мақомига эга бўлган 30 дан ортиқ юридик шахс божхона операцияларини амалга оширишда махсус соддалаштиришлардан фойдаланиб келмоқда. Бу институтнинг жорий этилиши божхона тартиб-таомилларининг янада соддалаштирилишига, божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга, шунингдек, бизнесни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Божхона тартиб-таомилларини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш, махсус соддалаштиришлар рўйхатини ҳамда ВИО реестрига киритиш учун танлаш мезонларини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги 500-сон қарори билан Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низом билан ВИО фаолиятини ташкил этиш тартиби аниқ белгиланди, уларга тақдим этиладиган махсус соддалаштиришлар рўйхатини соҳага оид халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтирилди, ВИО реестрига киритиш учун танлов мезонлари ва тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилди, мазкур институт соҳага оид илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштирилди.
Юқоридаги қарор қабул қилингунга қадар ВИО мақомини фақатгина товарлар экспорт ва импортини амалга оширувчи ТИФ қатнашчилари олиш имкониятига эга бўлган бўлса, эндиликда бу мақомни турли тоифадаги юридик шахслар, хусусан, божхона омбори эгалари, божхона брокерлари ҳамда божхона ташувчилари ҳам олиши мумкин. Фақат давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ВИО бўла олмайди.
Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ВИО учун 3 турдаги гувоҳномалар жорий этилган. ВИО учун божхона юк декларацияси тақдим этилгунга қадар товарларни чиқариб юбориш бўйича янги махсус соддалаштириш жорий этилди.
Энг катта қулайликлардан бири шундаки, ВИО божхона тўловларини бўлиб-бўлиб ёки кечиктириб тўлаш имконига эгалар. 2019 йилдан ҳозирга қадар операторлар мазкур имкониятлардан 1 600 мартадан ортиқ фойдаланган ва натижада 157 млрд сўмдан зиёд божхона тўловларини бўлиб-бўлиб ёки кечиктириб тўлаш имконига эга бўлишди.
Яна бир қулайлик – ВИО ишлаб чиқаришда зарур бўлган хом ашё ва товарларни божхона омборига туширмасдан туриб, ўз омборларига тўғридан-тўғри тушириш имкониятига эга бўлмоқда. Ҳозирга қадар операторлар мазкур имкониятдан 7 минг мартадан зиёд фойдаланишди.
Ваколатли иқтисодий операторлар сонининг ортиши республикамизда қонунга итоаткор ва ҳалол тадбиркорларни рағбатлантириб, уларнинг сафи кенгайишига, пировардида мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.
Пресс-тур давомида иштирокчилар қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган «East-West Invest» қўшма корхонасида, пластик идиш ва қадоқлар ишлаб чиқарувчи «Tarleplast» корхонасида ҳамда қоғоз маҳсулотлари, гигиеник салфеткалар ишлаб чиқарувчи «Pull and Paper» корхонасида бўлишди.
Ҳусан ТАНГРИЕВ,
ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори.