Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 05 / Меҳнат муносабатлари

Асосий иш бўйича таътил ўриндошлик асосидаги таътилдан кўп бўлса…

 

«Ташқи ўриндошга қанча муддатли йиллик асосий таътил берилиши лозим? Унинг сўзларига биноан, асосий иш жойида унга 24 иш кунидан иборат таътил берилади. Бизда эса барча ходимлар учун таътил фақат 15 иш кунини ташкил этади. Ўриндошни таътиллар графигига киритиш зарурми?  

 

– Ўриндош – тўлиқ ставкани эгалламасада, «асосий» ходимлар каби компаниянинг ходимидир. Ва тегишинча, қолганлар билан тенг равишда у йиллик ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эга. Бироқ бу ерда битта ўзига хос жиҳат мавжуд: қонун ўриндош учун таътил беришнинг умумий қоидаларидан истиснони назарда тутади. Айнан: ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга ҳар йилги асосий ва қўшимча таътиллар асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.

Бу ерда ўриндош учун яна битта истисно амал қилади: у ҳатто ишга қабул қилинган кундан эътиборан 6 ойдан кам ишлаган тақдирда ҳам ўриндошлик бўйича ишда таътил олишга ҳақли. Яъни агар ходим ўриндошлик асосида ярим йил ишлаб бермаган бўлса, таътил барибир берилади – «бўнак билан». Бироқ, бундай таътил учун ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади. Биринчи иш йилида 6 ой ишлаганларнинг таътилига, шунингдек ишнинг кейинги йиллари учун таътилга – ўриндошлик асосидаги ишнинг ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда одатдаги тартибда ҳақ тўланади (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 16-б.)

 

Ташқи ўриндош асосий иш жойи бўйича унга тақдим этилган таътил вақтини тасдиқлаши шартми?

Меҳнат қонунчилигида бундай талаб мавжуд эмас. Бироқ шу билан бир вақтда иш берувчи ходим ҳақиқатан асосий иш жойи бўйича таътил олаётганлигига ишонч ҳосил қилиши зарур. Бу ерда фақат ўриндошнинг чин сўзига таяниш маъқул эмас, сабаби иш берувчи у қачон «асосий» таътилдан фойдаланишини аниқ билиши муҳимдир. Бунинг учун тасдиқловчи ҳужжатларни сўраб олиш мақсадга мувофиқдир. Булар:

  • таътилдан фойдаланишнинг аниқ вақти ва унинг муддати кўрсатилган асосий иш жойидан маълумотнома;
  • таътиллар графигидан кўчирма;
  • таътил бериш тўғрисида буйруқ нусхаси бўлиши мумкин.

Баъзан асосий иш жойи бўйича таътилнинг муддати ўриндошлик асосидаги иш жойидаги таътил муддатидан кўп бўлади. Бу ҳолда ўриндошнинг илтимосига биноан иш берувчи унга ҳақ тўланадиган таътилдан ташқари асосий иш жойи бўйича ва ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича ҳақ тўланадиган таътиллардаги тафовутни ташкил этадиган кунлар учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилни бериши шарт.

Масалан, ўриндошга тақдим этилган меҳнат таътили (15 иш куни) асосий иш жойи бўйича таътилдан (21 иш куни) қисқа. Ходимнинг ёзма равишдаги илтимосига биноан унга асосий иш жойи бўйича қолган таътил кунларига иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил берилади. Мазкур ҳолда – 6 иш кунига (21 – 15 = 6).

 

Ходим асосий иш жойи бўйича муддатдаги каби йиллик ҳақ тўланадиган таътилни талаб қилишга ҳақлими?

Йўқ, иш берувчи фақат асосий иш жойи бўйича таътил билан бир вақтда таътил бериши керак. Унинг муддати эса корхонанинг локал ҳужжатлари ёки меҳнат шартномалари шартларига мувофиқ белгиланади.

 

Ўриндош таътиллар графигида кўрсатиладими?

Ўриндош ҳар доим ҳам унга қачон асосий иш жойи бўйича таътил берилишини аниқ билавермайди. Бунинг устига график йиллик ҳақ тўланадиган таътилларни бериш навбатини белгилашга мўлжалланган. Ўриндош эса «навбатдан ташқари» – асосий иш жойи бўйича таътил билан бир вақтда дам олади. Шу боис келаси йил учун таътиллар графигини тузишда ўриндош таътилининг режалаштирилаётган саналарини кўрсатмаслик мақсадга мувофиқдир. «Изоҳлар» устунида эса – ходим ўриндошлик асосида ишлаётганлиги ҳақида белги кўйган маъқул. Агарда асосий иш жойи бўйича таътил вақти маълум бўлса, ўриндошлик асосида иш бўйича таътиллар графигида у кўрсатилади.

 

Ленара Хикматова,

«Norma» МЧЖ меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти.

Прочитано: 159 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика