Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 05 / Истеъмолчи бурчаги

Даъво билдириш ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усули сифатида

 

Даъво билдириш ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усули сифатида

Ўз фаолиятида яроқсиз маҳсулот чиқарилишига йўл қўйган ташкилотга қандай тўғри мурожаат қилиш кераклигини билмаймиз. Баъзида тўғри тузилган даъво муваффақиятнинг ярмига тенг бўлади. 

 

Даъвода қуйидаги бандлар акс эттирилиши лозим:

  • ташкилотнинг (якка тартибдаги тадбиркорнинг) тўлиқ номи ва унинг юридик (ҳақиқий) манзили;
  • истеъмолчининг Ф. И. О.си (тўлиқ) ва уй манзили;
  • товарлар, хизматлар (ишлар) камчиликлари қисқача тавсифи;
  • истеъмолчининг талаби (камчиликни бартараф этиш, олди-сотди шартномасини бекор қилиш ва бошқалар).

Даъвога товар (хизматлар, ишлар) айнан ушбу ташкилотдан (якка тартибдаги тадбиркордан) харид қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилиниши лозим. Даъвонинг бир нусхаси сотувчига (тайёрловчи, ижрочига) берилади, иккинчи нусхасида сотувчи (тайёрловчи, ижрочи) олинган санани қайд этиш, ташкилотнинг муҳрини босиш ва даъвони қабул қилиб олган шахснинг ­Ф.И.О.сини ёзиш орқали истеъмолчининг даъвосини олганлиги ҳақидаги белгини қўяди. Даъволар истеъмолчилар ёки уларнинг вакиллари томонидан белгиланган тартибда имзоланади.

Сотувчи (ижрочи, тайёрловчи) даъвони олгач, қандай йўл тутиши ҳақида (ёзма шаклда) истеъмолчини хабардор қилиши лозим.

Даъвони уни жўнатувчиси қайд этилишини, даъвони олувчи олганлиги ҳақида хабар берган ҳолда ёки имзо чектириб топширишни таъминлайдиган исталган усулда юбориш мумкин.

Инсон ҳаётининг турли соҳаларида тадбиркорлик субъектлари ва истеъмолчилар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган амалдаги кўпгина қоидаларда даъво билдириш тартиби келтирилган. Турли соҳаларда даъво билдириш тартиби, муддатлари ва уларни кўриб чиқиш тартиби фарқ қилади.

Шуни ёдда тутиш лозимки, низоларни судгача тартибда ҳал этиш истеъмолчининг бузилган ҳуқуқини тезда тиклаш имконини беради, бундай низоларни кўриб чиқиш бўйича судларнинг ишларини анча енгиллаштиради, суд ишлари сонини камайтиради.

 

1-МИСОЛ. «Почта алоқаси тўғрисида»ги Қонунда даъво билдириш тартиби ва муддатлари белгиланган. Хусусан, почта алоқаси хизматларини кўрсатиш бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган ҳолатларда фойдаланувчи почта алоқаси оператори ёки провайдерига даъво билдиришга, шу жумладан етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Почта ва куръерлик жўнатмалари топширилмаганлиги, ўз вақтида етказиб берилмаганлиги ёки йўқотилганлиги, шикаст етказилганлиги ёхуд ўтказилган пул маблағлари тўланмаганлиги юзасидан даъволар почта, курьерлик жўнатмалари ёки почта орқали пул маблағлари ўтказмалари берилган кундан бошлаб 6 ой мобайнида билдирилиши мумкин.

Даъволар ёзма шаклда билдирилади ва белгиланган тартибда мажбурия рўйхатдан ўтказилади.

Даъволарга қуйидаги муддатларда ёзма шаклдаги жавоблар берилиши лозим:

бир аҳоли пункти доирасида жўнатиладиган (ўтказиладиган) почта, курьерлик жўнатмалари ва почта орқали пул маблағлари ўтказмалари бўйича – 5 кун ичида;

бошқа барча почта, курьерлик жўнатмалари ва почта пул маблағлари ўтказмалари бўйича – 1 ой мобайнида.

 

2-МИСОЛ. Ўзбекистон Республикаси Темир йўл уставининг 9-бобига мувофиқ темир йўлга нисбатан даъволар 6 ойлик муддат мобайнида, жарималарни тўлашга оид даъволар 45 кун ичида билдирилиши мумкин.

Кўрсатилган муддатлар қуйидагилардан бошлаб ҳисобланади:

а) юк ва багаж берилган кундан бошлаб – юк ёки багажга зарар етказилганлиги, шикаст келтирилганлиги ёки камомади бўйича;

б) етказиб бериш муддати тугаган кундан эътиборан 30 сутка ўтгач – йўқотилган юк қийматини қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича;

в) багажни етказиб бериш муддатини тугаганидан кейин 10 сутка ўтгач – йўқотилган багаж қийматини қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича;

г) юк ёки багаж берилган кундан бошлаб – юк ёки багажни етказиб беришда муддатни кечиктирганлик юзасидан даъволар бўйича;

д) жарима тўлаш учун белгиланган 5 кунлик муддат тугагач – ташишлар режасини бажармаганлик учун жарималарни ундириш ҳақидаги даъволар;

е) ариза берувчи темир йўлнинг жарима ҳисобланганлиги тўғрисидаги тўлов талабномасининг (счёти) нусхасини олган кундан бошлаб – вагонлар туриб қолганлиги ва контейнерлар тўхтатиб турилганлиги учун жарималарни ва бошқа акцепт тартибида ундирилган жарималар қайтариш тўғрисидаги даъволар бўйича;

ж) даъво билдириш учун асос бўлган ҳодиса содир бўлган кундан бошлаб – қолган барча ҳолатларда.

Темир йўл маъмурияти билдирилган даъвони кўриб чиқиши ва арз қилувчини даъво қаноатлантирилиши ёки рад этилиши ҳақида даъво олинган кундан эътиборан қуйидаги муддатларда хабардор қилиши лозим:

а) 3 ой мобайнида – темир йўлдаги ташишларда юзага келадиган даъволар бўйича;

б) 45 кун ичида – жарималарни тўлашга оид даъволар бўйича.

Прочитано: 269 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика