Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 1-2 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига 2021 йил 1 январдан киритилаётган ўзгаришлар тўғрисида ахборот хабари

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

СОЛИҚЛАРНИ ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ТЎЛАШ БЎЙИЧА АСОСИЙ ЎЗГАРИШЛАР

 

1. Қўшилган қиймат солиғи бўйича:

1.1. Солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, шунингдек солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.

1.2. Тушум ҳажмидан қатъи назар ҚҚС тўловчи корхоналар доираси қуйидагилар ҳисобига кенгайтирилмоқда:

алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари;

бозор ва савдо комплекслари.

1.3. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаси ойига бир миллиард сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар учун солиқ даври чорак этиб белгиланмоқда. Ушбу норма 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5978-сонли Фармонида назарда тутилган эди.

1.4. Умумий фойдаланишдаги йўловчи ташиш шаҳар транспортида ва йўловчи ташиш автомобиль транспортида (такси, шу жумладан йўналишли такси бундан мустасно) йўловчиларни ташиш бўйича хизматларни кўрсатишда имтиёзларни қўллаш тартибига ўзгартишлар киритилди. Имтиёз агар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ягона тариф ўрнатилган ва ташиш ушбу тариф бўйича амалга оширилса ташувчилар томонидан қўлланилади.

Тўлиқ ёки қисман халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобига Ўзбекистон Республикасида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида юридик шахслар томонидан сотиб олинадиган товарлар (хизматлар)ни озод қилиш Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-599-сон Қонунининг 6-моддасида назарда тутилган.

Шу билан бирга, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукукмат молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобига имтиёзларни қўллаш тартиби аниқлаштирилган. Энди, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг қарзлари ҳисобига сотиб олинадиган товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш бўйича айланма ва уларни олиб кириш, агар озод қилиш қонунда назарда тутилган бўлса озод қилинади.

Шундан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 243 ва 246-моддаларига ўзгартишлар киритилди.

 

2. Акциз солиғи бўйича:

2.1. Акциз солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда.

2.2. Акциз солиғи ставкалари Солиқ кодекси билан белгиланмоқда (2891–2893-моддалар). Бунда олиб киришда акциз солиғини ҳисоблаб чиқаришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори тасдиқлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3818-сон қарорига мувофиқ амал қиладиган ТИФ ТН кодлари қўлланилади.

2891–2893-моддаларда товар позициялари мавжуд бўлмаганда мос равишда мавжуд бўлмаган товар позицияларига акциз солиғи ҳисобланмайди. 73 турдаги товарлар бўйича акциз солиғи бекор қилинмоқда, шу жумладан электротехника маҳсулотлари (музлатгичлар, кондиционерлар, кир ювиш машиналари), тракторлар ва ярим тиркамалар, озиқ-овқат маҳсулотлари (маргарин, қандолат ва бошқа маҳсулотлари) бўйича ва ҳ.к.

2.3. Якуний истеъмолчига сотиладиган, олиб кирилган (импорт қилинган) акциз тўланадиган товарларни (бензин, дизель ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газ) ўз эҳтиёжлари учун ишлатилганда, солиқ тўловчилари бўлиб ушбу товарларни ўз эҳтиёжлари учун олиб киришни амалга оширган шахслар ҳисобланади.

2.4. Ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинадиган табиий вино (шиша идишдагилардан ташқари) маҳсулотлари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

 

3. Фойда солиғи бўйича:

3.1. Фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг 2020 йилда амалда бўлган тартиби, шунингдек солиқ ставкалари сақланиб қолинмоқда.

3.2. 2021 йил 1 январдан бошлаб Солиқ кодекси ­304-моддасининг 8, 9, 14, 15 ва 17-бандларига мувофиқ келиб тушган маблағлар ҳисобидан олинган ёки сотиб олинган (барпо этилган), шунингдек солиқ ва божхона имтиёзлари берилганлиги натижасида бўшаган маблағлар ҳисобидан олинган ёки сотиб олинган (барпо этилган) мол-мулклар амортизация қилинадиган активлар деб эътироф этилмайди ва амортизация қилинмайди.

Амортизацияланадиган активнинг қиймати қайта баҳолашни ҳисобга олмаган бошланғич қийматидан ҳисобланадиган амортизация ажратмалари орқали харажатлар жумласига киритилади.

2021 йил 1 январь ҳолатига кўра бухгалтерия ҳисоби ­маълумотларига асосан солиқ тўловчида мавжуд бўлган, илгари ўтказилган қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда амортизацияланадиган активлар қиймати солиқ солиш мақсадида бошланғич қиймат ҳисобланади.

2021 йил 1 январдан бошлаб, солиқ тўловчи томонидан кейинги ҳисобот (солиқ) даврларида амортизацияланадиган активлар қийматини қайта баҳолаши амалга оширилганда, амортизация ажратмаларини ҳисоблашда солиқ солиш мақсадлари учун бундай қайта баҳолаш натижаси ҳисобга олинмайди.

3.3. Солиқ органлари томонидан олдинги ҳисобот даври асосида бўнак тўловларини ҳисобланиши сақланиб қолинмоқда.

Шу билан бирга, солиқ тўловчи келгуси чоракнинг биринчи ойи 10 санасига қадар жорий чоракда кутилаётган фойда суммасидан келиб чиққан ҳолда, бўнак тўловлари суммаси тўғрисида солиқ органларига маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқига эга. Ушбу норма илгари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида кўзда тутилган эди.

 

4. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича:

4.1. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, шунингдек 12 фоиз миқдорида солиқ ставкаси сақлаб қолинмоқда.

4.2. Қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқни тўловчи солиқ тўловчилар учун қуйидагилар назарда тутилган:

1) ушбу тоифадаги солиқ тўловчилари учун солиқ ставкалари Солиқ кодексида белгиланмоқда. Бунда, 2020 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари миқдори сақланиб қолинмоқда;

2) Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида» Қонунида назарда тутилган, ушбу солиқ ставкалари қўлланилиши билан боғлиқ алоҳида нормалар Солиқ кодексига ўтказилмоқда;

3) жисмоний шасларнинг мол-мулкини ижарага беришдан олган даромадига 12 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида солиқ солинади.

Мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари Ўзбекистон Республикаси «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида» Қонунга 8-илова билан белгиланган.

Масалан, Тошкент шаҳри учун турар жой умумий майдонининг 1 кв метри учун энг кам ставка 14 000 сўм миқдорида белгиланган.

4) Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдордаги солиқ суммаларини якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини амалга оширадиган жой хусусиятларини, шунингдек амалга оширилаётган фаолият турларининг мавсумий тусдалигини ҳисобга олган ҳолда 0,7 дан 1,3 гача бўлган оралиқдаги камайтирувчи ёки оширувчи коэффициентлар белгилаш ҳуқуқи сақлаб қолинмоқда.

4.3. Якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслардан олинадиган солиқ тўлов манбаида солиқ агенти – якка тартибдаги тадбиркор – томонидан солиқ тўловчига даромад тўланганда ҳисоблаб чиқарилади ва ушлаб қолинади.

 

5. Ижтимоий солиқ бўйича:

5.1. Ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, шунингдек 2020 йилда амалда бўлган юридик шахслар учун 12 фоиз ва бюджет ташкилотлари учун 25 фоиз миқдорида солиқ ставкалари сақланиб қолмоқда.

5.2. Қуйидаги тоифадаги жисмоний шахслар учун қуйидагилар назарда тутилмоқда:

1) меҳнат стажи ҳисобланиши учун йилига камида 1 базавий ҳисоблаш миқдорида солиқ тўланиши қуйидагича амалга оширилади:

а) ихтиёрий тартибда:

ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар;

меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чет давлатларда ташкил этилган (очилган) савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан), ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан;

б) мажбурий тартибда:

«Уста-шогирд» мактаблари ўқувчилари томонидан улар йигирма беш ёшга тўлгунига қадар ишлаган даврида;

деҳқон хўжаликлари, шунингдек, майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ер участкасида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол ёхуд эллик бошдан кам бўлмаган хонаки парранда парваришлаётган жисмоний шахслар. Бунда деҳқон хўжалиги раҳбари солиқни мажбурий тартибда тўлайди, бошқа аъзолари ва кўрсатилган жисмоний шахслар эса ихтиёрий асосда тўлайди;

2) ушбу тоифадаги жисмоний шахслар учун солиқ тўлаш муддати ҳисобот йилининг 1 декабригача белгиланади. Бунда солиқнинг миқдори тўлов кунига белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Қолган жисмоний шахслар учун 2020 йилда амалда бўлган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақланиб қолинмоқда.

 

6. Айланмадан олинадиган солиқ бўйича:

6.1. Айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда.

6.2. Айрим тоифадаги тўловчилар учун мажбурий тартибда ҚҚС тўланиши жорий этилишини инобатга олган ҳолда айланмадан олинадиган солиқ татбиқ этилмайдиган шахслар рўйхати тўлдирилмоқда. Қуйидаги шахслар айланмадан олинадиган солиқни қўллаш ҳуқуқига эга эмас:

алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари;

бозор ва савдо комплекслари.

6.3. Риэлторлик хизматини кўрсатувчи шахсларга солиқ ставкаси 25 физдан 13 фоизгача камайтирилмоқда.

Қолган солиқ тўловчилар учун 2020 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари сақлаб қолинмоқда.

 

7. Мол-мулк солиғи бўйича:

7.1. Юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби, шунингдек, юридик шахслар учун базавий солиқ ставкаси 2 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.

Солиқ кодексининг 415-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган объектларга нисбатан пасайтирилган солиқ ставкасини 0,2 дан 0,4 фоизга ошириш йўли билан юридик шахслар учун пасайтирилган солиқ ставкасини босқичма-босқич базавий ставкага етказиш давом эттирилмоқда. Юридик шахслар учун пасайтирилган солиқ ставкаси 2020 йил 1 январдан бошлаб аввал солиқ имтиёзлари тақдим этилган объектлар бўйича жорий этилган эди.

Жисмоний шахслар учун 2020 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари 1,15 бараварига индексация қилинди. Ушбу, жисмоний шахслар учун солиққа тортиш объектларининг (солиқ базаси) кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказувчи органи томонидан 2018 йилда белгиланган кадастр қиймати миқдори сақлаб қолиниши билан изоҳланади.

Бунда, 2021 йилда жисмоний шахслар учун 2018 йилда белгиланган кадастр қиймати асосида ҳисобланган солиқ суммаси, 2020 йилда ҳисобланган солиқ суммасига нисбатан 30 фоиздан кўп оширилиши мумкин эмас.

7.2 Туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт ­объектлари бўйича солиқ имтиёзлари бекор қилинмоқда.

Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари эгаллаган ерлар учун мол-мулк солиғини камайтирилган ставкаларини қўллаш ёки ушбу солиқларни тўлашдан озод қилиш ваколати берилди.

7.3. Кўп квартирали уйларига бевосита боғлиқ бўлган автомашина турар жойлари жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ объектига киритилмоқда. Бундай объект солиқ базасига нисбатан 0,23 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида солиққа тортилади.

Ушбу норма, амалиётда кўп квартирали уйларнинг ер ости қаватида жойлашган автомашина турар жойларига кадастр қиймати белгиланган ҳолда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши сабабли аниқлаштирувчи хусусиятга эга.

Мисол учун, автомашина турар жой кадастр қиймати 12 млн сўм миқдорида белгиланган, ушбу қийматга нисбатан 0,23 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади, натижада бир автомашина турар жойи учун йиллик жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиқ суммаси 27,6 минг сўмни ташкил этади.

Қайд этиш лозимки, ҳозирги кунда, жисмоний шахсларга тегишли бўлган гаражлар, ер солиғи ва мол-мулк солиғига тортилмоқда.

Бунда, ушбу норма қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

турар жойи ҳовлисида ўзининг автомашинаси учун жойни ободонлаштиришга қарор қилган жисмоний шахсларга;

юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини сақлаш хизматидан (пуллик автотураргоҳ) фойдаланувчи жисмоний шахсларга. Бу ҳолда, солиқ тўловчи бўлиб юридик шахс ҳисобланади.

 

8. Ер солиғи бўйича:

8.1. Юридик ва жисмоний шахслар учун ер солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматига нисбатан белгиланган 0,95 фоиз солиқ ставкаси сақлаб қолинмоқда.

Бунда мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналари учун мева-сабзавот маҳсулотлари эгаллаган ерлар бўйича, шунингдек деҳқон хўжаликлари учун солиқни суғориладиган ва суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғининг базавий ставкаси ва ер участкасининг сифат характеристикаси (балл-бонитети)ни ҳисобга оладиган тузатиш коэффициентларидан келиб чиқиб ҳисоблаш тартиби бекор қилинмоқда. Ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган каби солиқ ставкасини белгилаш билан солиқни қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматидан келиб чиқиб тўлашга ўтказилмоқда.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқ органлари ер участкасининг жойлашган жойи бўйича қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматини аниқловчи органлар маълумотига асосан солиқ солинмайдиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни чегирган ҳолда ер солиғи ҳисобланади.

Жисмоний шахсларга якка тартибда уй-жой қуриш ва яшаш уйларини ободонлаштириш учун берилган томорқа ер участкаларига, якка тартибда уй-жой қуриш билан банд бўлган ер участкаларига жисмоний шахслар учун белгиланган солиқ ставкаси қўлланилади.

8.2. Солиқ кодексида юридик ва жисмоний шахслар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ҳудудлар кесимида (мутлақ миқдорда) базавий солиқ ставкаси белгиланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкасининг аниқ миқдори қуйидаги тартибда аниқланади:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари Солиқ кодекси билан белгиланадиган солиқ ставкалари асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун туман ва шаҳарлар кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкасига 0,5 дан 2,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғи ставкаларини белгилайди;

туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан белгиланган, Тошкент шаҳри бўйича эса Солиқ кодексида белгиланган ер солиғи ставкаларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун, уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, массив, маҳалла, кўча кесимида 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритади.

Бунда, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари алоҳида ер участкаларига, шунингдек туристик зоналарда жойлашган жисмоний шахслар фойдаланишида бўлган 1 гектардан ортиқ ер участкасига ер солиғини 3 бараваргача миқдорда оширувчи ставкасини белгилаш ҳуқуқига эга.

Туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари 2021 йил учун ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ставкаларини 2020 йилнинг 31 декабрига қадар тақдим этадилар.

Ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ставкаларини 5 кун давомида юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғини ҳисоблаш учун мазкур солиқ ставкаларини солиқ тўловчиларга етказиши шарт.

Бунда, юридик шахслар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича 2021 йил учун солиқ ҳисоботларини 2021 йилнинг 10 январига қадар солиқ органларига тақдим этадилар.

8.3. 2021 йилда жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи (якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари) суммаси 2020 йил учун ҳисобланган солиқ суммасига нисбатан 30 фоиздан ошмаслиги лозим.

8.4. Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган солиқ ставкаларини қўллаш билан боғлиқ алоҳида нормалар Солиқ кодексига ўтказилмоқда.

8.5. Солиқ кодексининг 429-моддасида назарда тутилган алоҳида объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан юридик шахлар учун солиқ ставкасининг камайтирувчи коэффициентини 0,1 дан 0,25 га ошириш йўли билан камайтирувчи солиқ ставкасини босқичма-босқич базавий ставкага етказиш давом эттирилмоқда. Ер солиғи ставкаларига камайтирувчи коэффициент 2020 йил 1 январдан бошлаб аввал солиқ имтиёзлари берилган объектларга нисбатан жорий этилган.

8.6. Барча турдаги чиқиндиларни сақлаш ва уларни утилизация қилиш учун ажратилган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи учун солиқ солиш объектидан чиқарилмоқда.

8.7. Юридик шахслар учун қуйидагилар эгаллаган ер қисми бўйича солиқ имтиёзлари бекор қилинмоқда:

туристик зоналарда жойлашган, санаторий-курорт объектлари;

оналарнинг дам олиш ҳамда соғломлаштириш жойлари, дам олиш уйлари.

Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига туристик зоналарда алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ерлар учун ер солиғининг камайтирилган ставкаларини қўллаш ёки ер солиғинини тўлашдан озод қилиш ваколати берилмоқда.

8.8. Сувни тежайдиган суғориш технологияларни жорий этиш бўйича берилган солиқ имтиёзлари бошқа турдаги сувни тежайдиган суғориш технологияларни киритиш ҳисобига кенгайтирилмоқда. 2021 йилнинг 1 январигача фақатгина томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланаётган солиқ тўловчилар солиқ имтиёзидан фойдаланиши мумкин эди.

2021 йилнинг 1 январидан бошлаб бошқа турдаги сувни тежайдиган суғориш (ёмғирлатиб, дискрет ва бошқа (шу жумладан томчилатиб) технологиялари жорий этилган ерлар – сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган ойнинг бошидан эътиборан беш йил муддатга ер солиғини тўлашдан озод этилмоқда. Ушбу имтиёз сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли соҳасидаги ваколатли органнинг хулосаси асосида берилади.

Агарда, сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган ойнинг бошидан бошлаб беш йил давомида фойдаланишга яроқсиз бўлган ёки демонтаж қилинган бўлса, солиқ имтиёзи бутун солиқ даври учун солиқни тўлаш бўйича мажбуриятларнинг тикланиши билан бекор қилинади.

8.9. Қонунчиликда оширилган солиқ ставкаларини белгилаш орқали таъсир кўрсатиш чоралари назарда тутилиши мумкин бўлган ва солиқ имтиёзлари татбиқ этилмайдиган объектлар жумласига самарали фойдаланилмаётган, балиқ кўпайтириш (етиштириш) учун мўлжалланган сунъий сув ҳавзаларини киритиш билан ер участкалари рўйхати кенгайтирилмоқда. Бу ер участкаларига ер солиғи бўйича солиқ имтиёзлари қўлланилмайди.

 

9. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича:

9.1. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда.

9.2. Солиқ ставкалари 15 фоизга, иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари учун эса 30 фоизга индексация қилинишини ҳисобга олган ҳолда, Солиқ кодексида белгиланмоқда.

Бунда, солиқ ставкалари коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун 2020 йил даражасида сақлаб қолинмоқда, қишлоқ хўжалик ерларини суғориш учун фойдаланилган сув ҳажми қисми ва балиқларни ўстириш (етиштириш), шу жумладан деҳқон хўжаликлари учун ягона солиқ ставкаси 1 куб м учун 40 сўм миқдорида белгиланмоқда.

Электр станциялар учун солиқ ставкалари коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун белгиланган ставкалар билан тенглаштирилмоқда.

9.3. Коллектор ва дренаж тармоқларидан ишлатиладиган сув ресурслари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

9.4. Қишлоқ хўжалигида, шу жумладан балиқчилик хўжаликларида сувдан фойдаланувчи шахслар учун солиқ базасини аниқлаш тартиби қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўзгартирилмоқда:

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли соҳасидаги ваколатли орган ҳар йили қуйидагилар томонидан ишлатилиши кутилаётган сув ресурслари ҳажми тўғрисида маълумот тақдим этади:

жорий солиқ даврининг 10 декабридан кечиктирмай қишлоқ хўжалигида, шу жумладан балиқчилик хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланувчи юридик шахсларга солиқ базасини аниқлаш учун;

деҳқон хўжаликлари бўйича солиқни ҳисоблаш учун – солиқ органларига сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш жойи бўйича ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 20 январидан кечиктирмай.

Сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирувчи балиқчилик хўжаликлари солиқ базасини табиий ва сунъий сув объектларидан олинган ва ушбу сув объектларига қайтариб қуйиладиган сув ҳажми, бундан коллектор-дренаж тармоқларига қайтариб қуйиладиган сув ҳажми мустасно, ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб аниқлайдилар.

Қишлоқ хўжалигида, шу жумладан балиқ етиштиришда сув ресурсларини ҳисобга олиш воситалари мавжуд эмаслиги ва фойдаланиладиган сув ресурсларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлашнинг имкони бўлмаган тақдирда, солиқ базаси сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан тасдиқланган сув ресурслари истеъмолининг нормативларига кўра аниқланади.

Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш (ўстириш), шу жумладан деҳқон хўжаликларида сув ўлчаш ускуналари мавжуд бўлганда, солиқ ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда, сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланадиган, фойдаланилган сув ҳажмига қўлланилади.

9.5. Ишлаб чиқариш жараёнида сувни махсус ускуналарни (турбиналарни) совитиш учун ишлатадиган солиқ тўловчилар солиқ базасини табиий сув объектларидан махсус ускуналарни (турбиналарни) совитиш учун олинган ва табиий сув объектларига қайтариб қуйиладиган сув ҳажми ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб аниқлайди. Ушбу норма сувнинг ҳақиқий ҳисоби ёки сувдан махсус фойдаланиш рухсатномаси мавжуд бўлганда қўлланилади.

9.6. Солиқ солиш объекти ва (ёки) солиқ ставкаси турли хил бўлган бир неча турдаги фаолият билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар бундай фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари шарт ва тегишли солиқ ставкалари бўйича солиқ тўлаш тартиби киритилмоқда.

Масалан: солиқ тўловчининг асосий фаолияти тури савдо бўлиб, унинг автотранспорт воситаларини ювиш шохобчаси мавжуд. Бу ҳолатда, солиқ тўловчи бу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритади ва солиқ ҳисоблайди:

савдо фаолияти учун фойдаланган сув ҳажми бўйича солиқ ставкаси 1 куб метр учун 182 сўм (ер усти сув ресурслари) ва 1 куб метр учун 221 сўм (ер ости сув ресурслари);

автотранспорт воситаларини ювиш учун сув ҳажми бўйича солиқ ставкаси 1 куб метр учун 1 990 сўм.

 

10. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича:

10.1. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда.

10.2. Қуйидаги фойдали қазилмалар учун 5 фоиз миқдорида, бироқ 1 куб м учун 7 500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ягона солиқ ставкаси белгиланмоқда: қурилиш қумлари, қум-шағал аралашмаси, қумтошлар, қурилиш майда тошлари (карбонат жинслари), қурилиш майда тошлари (гранитлар, порфиритлар ва сланец жинслари).

«Навоий кон-металлургия комбинати» ДК ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ учун олтин, кумуш, палладий ва мис бўйича солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорда белгиланмоқда.

Бошқа фойдали қазилмалар бўйича солиқ ставкалари 2020 йил даражасида сақлаб қолинмоқда.

 

11. Бошқа ўзгаришлар:

11.1. Олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим миқдори 1 грамм учун 1 000 (бир минг) сўм миқдорида сақлаб қолинмоқда.

11.2. 2021 йил 1 январдан мулкчилик шаклидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун асосий воситаларни ҳар йиллик мажбурий қайта баҳолаш бекор қилинмоқда.

11.3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ­ПФ–5978-сон Фармонига 1-иловада назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда 20 та турдаги товарлар (оқ ва бошқа шакардан ташқари) бўйича божхона божининг ноль даражали ставкасини қўллаш муддати 2021 йил 31 декабригача узайтирилди.

Вазир ўринбосари

Д.СУЛТАНОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 30 декабрь

06/04-01-02-32/3200-сон.

Прочитано: 36 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика