Пандемия шароитида божхона хизмати ходимлари экспорт-импорт операцияларини соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан амалга ошириб келмоқда. Божхона расмийлаштирувлари тўғри йўлга қўйилгани сабабли товарларнинг республикамиз божхона чегара постлари орқали кириб келиши ва чиқиб кетиши бир зумга ҳам тўхтагани йўқ.
Бугун мева-сабзавотларимизнинг дунёнинг барча нуқталарига етиб бориши, тадбиркорларимиз экспорт салоҳиятининг ошишида мамлакатимизда яратилган бир қатор қулайлик ва имтиёзлар ҳам яхши омил бўлаётир. Жумладан, деярли барча товарларни, шу жумладан мева-сабзавотларни олдиндан тўлов, аккредитив, банк кафолати ёки суғурта полисисиз экспорт қилишга рухсат берилганлиги маҳаллий маҳсулотларимизни янада қисқа муддатларда ташқи бозорларга олиб чиқиш учун кенг имкониятлар эшигини очди. Ҳисобот йилида амалга оширилган товарларнинг умумий экспортига нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга рухсат берилиши (Президентнинг 19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон Фармони) шундай қулайликлардан бири бўлди.
Яратилган мазкур қулайлик асосида Самарқанд вилоятида рўйхатга олинган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган 48 та корхона томонидан жами 9,6 млн АҚШ доллари қийматидаги 11,9 минг тонна товарлар экспорти амалга оширилди.
Шунингдек, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда молиявий жарималар қўллаш тўхтатилди. Товарлар экспортида бу каби имкониятларга қўшимча равишда божхона органлари томонидан экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви 24 соат давомида туну кун амалга оширилмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида вилоят божхона бошқармаси томонидан 132,7 млн АҚШ долларилик товарлар экспорт қилинган. Шундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 71,2 минг тоннани (50,8 млн АҚШ доллари миқдорида) ташкил этган. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан асосан мева-сабзавот, тўқимачилик, озиқ-овқат, ҳайвонлар учун озуқа, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, фармацевтика ва тамаки маҳсулотлари, калава ип, тайёр оёқ кийимлар экспортга жўнатилган.
2020 йилнинг ўтган даври мобайнида ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи субъектлар томонидан электрон шаклда тақдим қилинган жами 19 066 та божхона юк декларацияси Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими орқали тегишли йўлакларга тақсимланиб, шундан «яшил» йўлак орқали 5 491 та ёки 28,8%, «сариқ» йўлак орқали 7 734 та ёки 40,6% ҳамда «қизил» йўлак орқали 5 841 та ёки 30,6% БЮД расмийлаштирилган.
Агар 1 та БЮДни «экспорт» божхона режимига расмийлаштириш учун ўртача сарфланган вақтни таҳлил қиладиган бўлсак, «яшил» йўлакда 00:29:56 дақиқа, «сариқ» йўлакда 00:48:53 дақиқа ва «қизил» йўлакда 01:47:48 дақиқа сарфланган.
Кўриниб турибдики, авваллари божхона расмийлаштирувига бир кундан ортиқ вақт кетган бўлса, эндиликда бу ишлар бир неча дақиқа ичида амалга оширилмоқда.
Президентнинг «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига (5.06.2020 йилдаги ПФ-6005-сон) кўра, эндиликда экспорт божхона режимига нисбатан 2021 йил 1 январгача – умумий БЮДларнинг 5 фоизидан кам бўлмаган, 2022 йил 1 январгача – БЮДларнинг 20 фоизи автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.
Бундан ташқари, «Ягона дарча» божхона ахборот тизимининг такомиллаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга, импортда 2 баробарга қисқартиришга эришилди.
ТИФ иштирокчиларига нафақат экспортда, балки товарларни импорт қилишда ҳам божхона соҳасида бир қатор имтиёзлар назарда тутилган. Ўтган давр мобайнида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона расмийлаштирувида жами 694,02 млрд сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.
Президентнинг 2020 йил 18 майдаги ПФ-5996-сон Фармони билан товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини 2020 йил 1 июлгача кечиктиришни қўллаш ҳуқуқи, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи берилди. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда мазкур Фармон доирасида республикамизнинг 7 вилоятида тадбиркорлик субъектларига 2 млрд сўмга яқин божхона тўловлари 120 кун муддатгача кечиктириб тўланишига имконият берилди.
Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида тадбиркорларга ҳар томонлама шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида Самарқанд вилояти божхона бошқармасида 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи (66) 233-63-00 рақамли «Ишонч телефони» тизими йўлга қўйилган. Тадбиркорлар ўз фаолиятларида мазкур тизимнинг ҳам фойдали эканлигини эътироф этишаётир.
Жасурбек ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари.