Ташкилотимиз ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва умумбелгиланган солиқларни тўлайди. Саноат зонасида жойлашганмиз, ташкилот ҳисобидан ходимлар овқатланишини ташкиллаштирмоқчимиз. Сабзавотлар ва бошқа маҳсулотлар харидини корпоратив карточкадан амалга оширамиз.
Ташкилотда ходимларга тайёр таомларни беришда реализация бўйича айланма (ҚҚС солинадиган) юзага келадими?
Ташкилот ходимларга иссиқ овқат тайёрлаш учун харид қилинган маҳсулотлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақлими?
– Ҳа, таомларни ходимларга бериш ҚҚС солинадиган айланма ҳисобланади.
Жисмоний шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш ҳисобига товарларни бериш (хизматлар кўрсатиш) солиқ солиш мақсадларида айланма ҳисобланади (СК 239-м. 4-қ. 5-б.).
Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини аниқлашда солиқ тўловчи ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) ҚҚС суммасини ҳисобга олиш орқали ҳисоблаб чиқарилган солиқнинг умумий суммасини камайтиришга, қуйидаги шартларни бир вақтда бажарган тақдирда, ҳақли бўлади (СК 266-м. 1-қ.):
солиқ тўловчининг товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизмат кўрсатиш) билан боғлиқ фаолиятини амалга ошириш чоғида товарлардан (хизматлардан), фойдаланилганда реализация қилиш бўйича айланмасига солиқ солиниши лозим бўлганда;
олинган товарларга (хизматларга) солиқ тўловчи томонидан ҳисобварақ-фактура ёки етказиб берувчи томонидан тақдим этилган солиқ суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган бошқа ҳужжат олинганда ҳамда товарларни (хизматларни) етказиб берувчи солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилганда.
Яъни мазкур шартларга риоя этилганда харид қилинган маҳсулотлар бўйича тўланган ҚҚС ҳисобга олиниши мумкин.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.