ННТ хорижий валютада беғараз молиявий ёрдам олди. ННТнинг бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларида хорижий валютадаги беғараз молиявий ёрдамни қайси курс бўйича акс эттириш лозим?
– Келиб тушган беғараз молиявий ёрдам бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботда акс эттирилиши мақсадида у сўмда қайта ҳисобланиши лозим (АВ томонидан 21.05.2004 йилда 1364-сон билан рўйхатга олинган «Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби» 22-сон БҲМСнинг 8-банди). Қайта ҳисоблаш чет эл валютасининг сўмга нисбатан операция содир этилган сана, яъни хорижий валюта банк ҳисобварағига келиб тушган санасидаги Марказий банкнинг курси бўйича амалга оширилади (22-сон БҲМСнинг 9-10-бандлари).
Бунда молиявий ёрдамни қабул қилувчи ташкилот ННТ ёки тижорат ташкилоти бўлиши аҳамият касб этмайди.
Банк ҳисобварағига келиб тушган пул маблағлари хорижий валюта бўлганлиги сабабли, улар кейинчалик қайта баҳоланиши лозим (22-сон БҲМСнинг 15-банди).