Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 28 / Долзарб мавзу

Яшаш минимуми ва даромад солиғи ёхуд бажарилмаган вазифа

ёхуд бажарилмаган вазифа

Президентимизнинг Олий Мажлисга 2017 йил 22 декабрдаги Мурожаатномасида илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш вазифаси қўйилган эди. Бу вазифа 2018 йил Давлат дастурига киритилди, лекин бажарилмади.

 

Жорий йил 3 июнь куни Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида масала яна бир бор кўтарилиб, 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари қўйган вазифани солиқ солиш бобида бажариш юзасидан қуйидаги фикр-мулоҳазаларни ва таклифларни билдирмоқчи эдик.

Аввало, нега Президент 2,5 йил олдин қўйган вазифа шу вақтгача бажарилмади, деган оддий савол туғилади.

Бунинг сабаби, фикримизча, иқтисодиёт ривожланишига масъул бўлган юқори бошқарув органлари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (кейинги ўринларда - Иқтисодиёт вазирлиги деб юритилади), Молия вазирлиги ва Марказий банк масалага етарлича масъулият ва оқилона ёндашмаганлиги ва умуман ушбу идоралар фаолияти бугунги ислоҳотлар талабларига етарлича жавоб бермаслигидадир.

Молия вазирлиги иқтисодиётга нисбатан фақат бюджет даромадларини тўлдириш мақсадини кўзлаб, тор ёндашувни намойиш этиб келмоқда. Ушбу идоранинг асосий юмуши – қайси солиқлар қанча ставкада белгиланган тақдирда бюджетга қанча сумма йиғиш мумкинлиги устидагина қайғуриш бўлиб қолмоқда. Иқтисодиётнинг ҳақиқатдаги аҳволи қандай, мазкур солиқлар ва улар ставкаларининг умуман иқтисодиётга таъсири қандайлигини ўрганиш – булар гўё Молия вазирлигининг бош қотирадиган масалалари эмасдек. Бундай ёндашув эса пировардида ўз оқибатларини яққол кўрсатиб турибди – иқтисодиёт умумий ривожи даражаси етарли эмаслиги сабабли давлат бюджети даромадлари хажми жуда кам, хусусан,  2020 йил учун прогнозга кўра аҳоли жон бошига ойига 315 минг сўмдан тўғри келади. Бу эса давлат томонидан стратегик инвестицион ва ижтимоий сиёсатни самарали олиб боришга имкон бераётгани йўқ.

Солиштириш учун маълумот: аҳоли жон бошига ҳисоб-китоб қилганда Қозоғистон Давлат бюджетининг даромадлари 2019 йилда ойига тахминан $140 ни, Россияда – қарийб $170 ни ташкил этди.

Марказий банк ўз монетар сиёсатини реал иқтисодиётнинг талабларини етарлича ҳисобга олмаган ҳолда олиб бормоқда. Бош банкимиз кўп йиллар давомида пул массасининг ўсишини ва инфляцияни шундай жиловлаб турдики, бунинг натижаси кутилгандан аксинча бўлиб чиқди: миллий валюта у амалга киритилган пайтдан эътиборан бир неча минг марта қадрсизланди, 50 минг сўмлик, 100 минг сўмлик купюраларни чиқаришга эҳтиёж туғилди. Бундай кетаверса, бир миллионлик купюра ҳам чиқарилиб, кейинги қадам пул деноминацияси бўлиши аниқ…

Иқтисодиёт вазирлиги тармоқ вазирликлар ва бошқарув органларининг маълумотларини тўплайди ва умумлаштиради, вассалом – қўлга нима илинса илинди қабилида… Ваҳоланки, унинг тузилмасида макроиқтисодий таҳлилларни олиб бориши лозим бўлган бўлинмалар бўлган ва ҳозир ҳам бор. Вазирлик таркибига бутун бошли Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти киради.

Ушбу идораларда умумдавлат миқёсида чуқур ҳисоб-китоб-таҳлилий ишлар етарлича олиб борилаётгани йўқ, улар бир мақсадга йўналтирилмаган, етарли даражада ўзаро мувофиқлаштирилмаган ҳолда фаолият юритиши кузатилади. Мазкур идоралар таклиф қилаётган баъзи лойиҳа ишланмаларини кузата туриб, уларда ишлаётган мутахассислар иқтисодиётда ҳақиқатда кечаётган жараёнларнинг моҳиятини етарлича тушунмаслигига иқрор бўласан киши. Бунга, хусусан, қуйидаги далиллар гувоҳлик бериши мумкин:

– Иқтисодиёт вазирлиги 2018 йилнинг бошида 16 фоизлик ягона солиқ тўловини жорий этиш таклиф этилган лойиҳани муҳокамага қўйди. (Қаралсин https://regulation.gov.uz/ru/documents/1580.). Аслида шу пайтда «ягона солиқ тўлови» деб номланган тўлов солиқ тизимимизнинг катта камчиликларидан бири эди, чунки бунда корхона тушими солиққа тортилган, тушум эса – бу даромад дегани эмас, кўп ҳолларда у харажатларни қоплайди, холос. 16 фоиз ягона солик тўлови дегани – бу 100 сўм сарфлаб 120 сўм тушумга (20 сўми фойда) эга тадбиркор 120 х 16% = 19,2 сўм, яъни 19,2 / 20 х 100%  = 96% ставкада солиқ тўлайди деганидир!

2019 йилнинг ноябрида эса ўрта бизнесни қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод этиш таклифи акс эттирилган лойиҳа ўртага ташланди. Ваҳоланки, бу пайтда солиқ ислоҳоти амалда бошланиб, унинг бош ғояларидан бири ҚҚС тўловчилар доирасини максимал кенгайтириб, мазкур солиқнинг узлуксиз занжирини шакллантириш ва шу билан солиқ тизимимизнинг ҚҚС тўловчилари ва тўловчилари бўлмаганлар ўртасидаги нотенгликдан иборат бўлган энг жиддий нуқсонларидан бирини бартараф этиш эди;

– солиқ ислоҳотлари давомида 2019 йилда яққол хатоликларга йўл қўйилди - «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда табақалаштирилган ставкаларда ҚҚСнинг соддалаштирилган тизими, «хронометраж кўздан кечириш», «мавзули экспресс-ўрганиш» сингари солиқ текширувларининг янги, оддий мантиққа зид турлари жорий этилди (Солиқ кодексининг янги таҳририда бу хатолар тузатилган);

- қонунчилик амалиёти ва хўжалик юритиш фаолиятида турли хил тўловларни ҳисоблаш учун иқтисодий дастаклар - базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ, айни пайтда 223 000 сўм) ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭМ, айни пайтда 679 330 сўм) яхлитланмаган ҳолда белгиланиб, ҳисоб-китоблар учун мазкур дастакларнинг миқдорига юздан бир аниқликда нисбатлар ўрнатилади. Хусусан, 0,0053 ёки 2,11 ва ҳ.к. (3.12.2019 йилдаги ЎРҚ-586-сон Қонун) коэффициентлар белгиланган. Бундай «майда»кашлик ҳисоб-китоб ишларида ноқулайлик, муомаладан чиқиб кетган пул бирликларида (тийинларда) тўловларни амалга ошириш заруратини туғдиради (нақд пулда тўланганда).

Ўзи ознинг кўп қисмидан ўзи кўпнинг оз қисми яхши

2018 йилгача мамлакатимизда 4 поғонали, даромад ошгани сайин ошган суммага солиқ ставкаси юқорилайдиган, прогрессив шкала деб аталадиган тартиб амал қилган. Бунда меҳнат даромадлари бўйича корхона ва ходимлар тўлайдиган жами солиқ анчайин юқори бўлган: 22,5 фоизгача иш ҳақи солиғи, 15 фоиздан 25 фоизгача ягона ижтимоий тўлов ва 8 фоизлик Пенсия жамғармасига суғурта бадали. Бунда ходим қўлига оладиган ҳар минг сўмга кичик корхоналарда 385 сўмдан 655 сўмгача, йирик корхоналарда эса 505 сўмдан 799 сўмгача миқдорда солиқ тўланган. Бундай ҳолат бизнеснинг борган сайин кўпроқ хуфиёна фаолият юритишга ундаган.

2019 йилда кескин даражада енгиллик берилди: 12 фоизлик ясси, яъни даромад миқдоридан қатъи назар бир хил ставкада солиқ жорий қилинди. Ижтимоий солиқ барча корхоналар учун бир хил – 12 фоиз қилиб белгиланди. Бунда ходим қўлига оладиган ҳар минг сўмга тўғри келадиган солиқ суммаси 273 сўмгача пасайди.

Лекин, фикримизча, бундан-да мақбулроқ тартиб жорий этиш имкони мавжуд ва мақсадга мувофиқдир. Зеро, ясси ставка жорий этилишида бир жиҳатдан «қош қўяман деб...», «саллани оламан деб...» қабилида иш тутилиб солиқ солинмайдиган минимум «эсдан чиқарилди». Натижада, эътибор беринг:

1 млн сўм маош оладиган шахснинг даромад солиғи ставкаси 13,8 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди, у 1,8 фоизгина ютди, ютуқ суммаси эса 18 275 сўмни ташкил қилди.

3 миллион сўм маош оладиган шахснинг даромад солиғи 22,1 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди, у 10,1 фоиз ютди, ютуқ суммаси эса 304 125 сўмни ташкил қилди.

10 рақамининг 60 фоизи 100 рақамининг 30 фоизидан 5 баравар кам бўлгани каби солиқ юки даражаси ҳам фақат унинг ставкаси билан эмас, балки солиқ тўлангандан сўнг қоладиган сумманинг кишиларнинг тирикчилиги ва бизнеснинг юриб туриши учун етарли-етарли эмаслиги билан ҳам ўлчанади.

Дунёнинг аксарият давлатларида даромад ошган сайин солиқ ставкаси ҳам ошадиган тартиб, яъни прогрессив шкала амал қилади. Ясси ставка амал қиладиган айрим давлатларда, жумладан Россия, Қозоғистонда прогрессив шкалага ўтиш масаласи фаол муҳокама қилинмоқда.

Хусусан, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳукуматга шахсий даромадларга прогрессив шкалани жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни топширганини маълум қилди.

Кўпчилик ривожланган давлатларда солиқ юки биздагига қараганда анча юқори. Аммо ушбу мамлакатларда юқори солиқлар тўлангандан кейин қоладиган даромад биздагига нисбатан анча юқори даражада жисмоний шахсларнинг яшаш минимумини таъминлайди, бизнесга эса етарли даражада фойда қолдиради.

Биз эса ривожланган мамлакатлар билан солиштирганда кам тўлаймизу, лекин бари-бир кўпчилик бизнес вакиллари ҳам, жисмоний шахслар ҳам етар-етмасликдан қутила олмайди...

 

Санаб саккиз дейдиган бўлсак...

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Президентимиз томонидан айни пайтда камбағалликни қисқартириш, аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш, минимал истеъмол саватчаси тушунчасини амалиётга киритиш бўйича белгилаган вазифалардан келиб чиқиб, даромад солиғи тартибини янада такомиллаштириш зарур. Буни қуйидаги 2 вариантда амалга ошириш мумкин.

1-вариант. Даромадларнинг яшаш минимумига - минимал истеъмол саватчаси қийматига тенг суммадаги қисмини солиқдан озод қилган ҳолда 2 поғонали прогрессив шкалани жорий этиш:

  • биринчи поғона, масалан, 679 330 сўм (айни пайда белгиланган энг кам меҳнат ҳақи миқдори) ёки 800 000 сўм ёхуд 1 000 000 сўм бўлиши мумкин – 0 ставка;
  • иккинчи поғона – 679 330 (800 000 ёхуд 1 000 000) сўмдан ошган суммага – 12 фоиз.

Таклиф этилаётган чора қанчалик муҳимлигини Молия вазирлигининг жорий йил 1-чорагида давлат бюджети ижроси ҳақидаги материалида келтирилган иш ҳақи даражасига доир кўрсаткичлар ҳам тасдиқлайди. Вазирлик материалида келтирилишича жорий йил февраль ойида 1 млн 767 минг кишининг, яъни 41,6 фоиз расмий иш билан банд бўлган шахсларнинг ойлик иш ҳақи 1 млн сўмдан ошмаган.

Бу демак, тартиб биринчи вариант бўйича такомиллаштирилса 2 млн га яқин кишининг даромади ойига қўшимча 81 минг сўмдан 120 минг сўмгача миқдорда ошади.

2-вариант. Минимал истеъмол саватчаси қийматига тенг суммани солиқдан озод қилган ҳолда 4 поғонали прогрессив шкалани ўрнатиш.

Ҳисоб-китоблар бу тартибнинг эски тартибдан ҳам, амалдаги тартибдан ҳам афзаллигини кўрсатади. Масалан, ойига 4 млн сўмлик даромадга:

  •  эски вариантда солиқ энг катта сумма – 969 125 сўмни, даромадга нисбатан 24,2 фоизни ташкил қилади;
  • амалдаги вариантда солиқ ўртача миқдорда – 480 000 сўмга тенг, ставкаси 12 фоиз;
  • таклиф қилинаётган вариантда солиқ юки энг кам: суммаси 390 000 сўм, умумий ставкаси 9,75 фоиз.

Даромад 5 млн сўм бўлганда таклиф қилинаётган вариантда 5 млн. сўмдан 25 фоиз тўланиши ҳисобига солиқ юки амалдагига нисбатан бироз – 0,8 фоизга ошиб, умумий ҳисобда амалдаги 600 минг сўм ўрнига 640 минг сўм солиқ тўланади, яъни сезиларли даражада ошмайди.

Айни пайтда (Молия вазирлигининг 2020 йил февраль ойи бўйича келтирилган расмий маълумотларга таянадиган бўлсак) амалда расмий иш билан банд бўлганларнинг 40 фоиздан ортиғи 1 млн сўмдан кам, 90 фоизининг эса ойлик даромади 4 млн сўмга етмайдиган иқтисодий ҳолатда 5 млн сўмдан кўпроқ ойлик даромад олувчилар даромадининг 4млн сўмдан ошган қисмига 25 фоизлик солиқ белгилаш, фикримизча, ижтимоий жиҳатдан адолатли чора ҳисобланади.

Таққослаш учун: даромад солиғининг максимал даражаси Германияда 45, Японияда 50, АҚШда 39,6, Хитойда 45, Ҳиндистонда 31,5, Австралияда 47, Эронда 35 фоизни ташкил қилади.

 

Бутун жаҳон (Россия ва Қозоғистондан ташқари) ва мамлакатимизнинг 2019 йилдан олдинги амалиётидан келиб чиқадики, жисмоний шахсларга прогрессив шкалада солиқ солиниши - бу умумқабул қилинган иқтисодий амалиёт, ҳатто, қонуниятдир.

 

Хулоса...

2019 йилда жорий этилган, паст даромад олувчиларга нисбатан адолатсиз, умумиқтисодий, яъни давлат бюджети манфаатлари - умумхалқ манфаатлари нуқтаи назардан номақбул, дунёнинг деярли ҳеч бир мамлакатида қўлланилмайдиган паст ясси солиқ шкаласидан – бу тартибга ўрганиб, ёмон одатланиб қолмасимиздан олдин – 2021 йилдан бошлаб прогрессив шкалага ўтишимиз лозим.

Президентимиз 9 июнь куни иқтисодий масалалар бўйича ўтказган йиғилиши расмий хабарида айтилишича, «Йиғилишда мутасадди раҳбарлар иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қисқа ва ўрта муддатда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ўз таклифларини билдирди». Демак, мутасадди идораларга ишонч билдирилиб, ташаббус кўрсатган ҳолда фаол ишлашлари талаб этиляпти.

Умид қиламизки, 2,5 йил олдин қўйилган, лекин бажарилмаган, амалиётга «истеъмол саватчаси» меъёрини жорий этиш вазифаси бу гал ушбу идоралар томонидан бажарилади ва шу аснода 2021 йил солиқ концепциясида жисмоний шахсларнинг тирикчилиги учун зарур солиқ солинмайдиган энг кам миқдор умумиқтисодий қоидаси ўз аксини топади.

 

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,

иқтисод фанлари номзоди.

ЎзА.

 

 

ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ

БОЖХОНАЧИЛАР ЭКСПОРТЧИЛАР ХИЗМАТИДА

Пандемия шароитида божхона хизмати ходимлари экспорт-импорт операцияларини соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан амалга ошириб келмоқда. Божхона расмийлаштирувлари тўғри йўлга қўйилгани сабабли товарларнинг республикамиз божхона чегара постлари орқали кириб келиши ва чиқиб кетиши бир зумга ҳам тўхтагани йўқ.

Бугун мева-сабзавотларимизнинг дунёнинг барча нуқталарига етиб бориши, тадбиркорларимиз экспорт салоҳиятининг ошишида мамлакатимизда яратилган бир қатор қулайлик ва имтиёзлар ҳам яхши омил        бўлаётир. Жумладан, деярли барча товарларни, шу жумладан мева-сабзавотларни олдиндан тўлов, аккредитив, банк кафолати ёки суғурта полисисиз экспорт қилишга рухсат берилганлиги маҳаллий маҳсулотларимизни янада қисқа муддатларда ташқи бозорларга олиб чиқиш учун кенг имкониятлар эшигини очди. Ҳисобот йилида амалга оширилган товарларнинг умумий экспортига нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга рухсат берилиши (Президентнинг 19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон Фармони) шундай қулайликлардан бири бўлди.

Яратилган мазкур қулайлик асосида Самарқанд вилоятида рўйхатга олинган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган 48 та корхона томонидан жами 9,6 млн АҚШ доллари қийматидаги 11,9 минг тонна товарлар экспорти амалга оширилди.

Шунингдек, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда молиявий жарималар қўллаш тўхтатилди. Товарлар экспортида бу каби имкониятларга қўшимча равишда божхона органлари томонидан экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви 24 соат давомида туну кун амалга оширилмоқда.  

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида вилоят божхона бошқармаси томонидан 132,7 млн АҚШ долларилик товарлар экспорт қилинган. Шундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 71,2 минг тоннани (50,8 млн АҚШ доллари миқдорида) ташкил этган. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан асосан мева-сабзавот, тўқимачилик, озиқ-овқат, ҳайвонлар учун озуқа, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, фармацевтика ва тамаки маҳсулотлари, калава ип, тайёр оёқ кийимлар экспортга жўнатилган.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи субъектлар томонидан электрон шаклда тақдим қилинган жами 19 066 та божхона юк декларацияси Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими орқали тегишли йўлакларга тақсимланиб, шундан «яшил» йўлак орқали 5 491 та ёки 28,8%, «сариқ» йўлак орқали  7 734 та ёки 40,6% ҳамда «қизил» йўлак орқали 5 841 та ёки 30,6% БЮД расмийлаштирилган.

Агар 1 та БЮДни «экспорт» божхона режимига расмийлаштириш учун ўртача сарфланган вақтни таҳлил қиладиган бўлсак, «яшил» йўлакда 00:29:56 дақиқа, «сариқ» йўлакда 00:48:53 дақиқа ва «қизил» йўлакда 01:47:48 дақиқа сарфланган.

Кўриниб турибдики, авваллари божхона расмийлаштирувига бир кундан ортиқ вақт кетган бўлса, эндиликда бу ишлар бир неча дақиқа ичида амалга оширилмоқда.

Президентнинг «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига (5.06.2020 йилдаги ПФ-6005-сон) кўра,  эндиликда экспорт божхона режимига нисбатан 2021 йил 1 январгача – умумий БЮДларнинг 5 фоизидан кам бўлмаган, 2022 йил 1 январгача – БЮДларнинг 20 фоизи автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.

Бундан ташқари, «Ягона дарча» божхона ахборот тизимининг такомиллаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга, импортда 2 баробарга қисқартиришга эришилди.

ТИФ иштирокчиларига нафақат экспортда, балки товарларни импорт қилишда ҳам божхона соҳасида бир қатор имтиёзлар назарда тутилган. Ўтган давр мобайнида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона расмийлаштирувида жами 694,02 млрд сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.

Президентнинг 2020 йил 18 майдаги ПФ-5996-сон Фармони билан товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини 2020 йил 1 июлгача кечиктиришни қўллаш ҳуқуқи, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи берилди. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда мазкур Фармон доирасида республикамизнинг 7 вилоятида  тадбиркорлик субъектларига 2 млрд сўмга яқин божхона тўловлари 120 кун муддатгача кечиктириб тўланишига имконият берилди.

Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида тадбиркорларга ҳар томонлама шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида Самарқанд вилояти божхона бошқармасида 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи (66) 233-63-00 рақамли «Ишонч телефони» тизими йўлга қўйилган. Тадбиркорлар ўз фаолиятларида мазкур тизимнинг ҳам фойдали эканлигини эътироф этишаётир.

 

Жасурбек ФАЙЗУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Прочитано: 600 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика