Кўп квартирали уйдаги жой мулкдори умумий мол-мулкни сақлаб туриш учун мажбурий бадалларни тўлашдан бош тортяпти. Унинг айтишича, уларни ошириш учун овоз бермаган, шу туфайли умумий йиғилиш қарорига бўйсунмас эмиш. Бошқа мулкдор ҳам бадалларни тўламоқчи эмас, сабаби у ўзини ширкатнинг аъзоси деб ҳисобламайди. Айтишича, таъсисчилар мажлисида иштирок этмаган, уни тузишда овоз бермаган, шундай экан, бадалларни ҳам тўламоқчи эмас.
Янги уй-жой қонун ҳужжатлари бу масалаларни қандай тартибга солади?
– «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши кўп квартирали уйнинг юқори бошқарув органи эканлиги белгиланган (Қонуннинг 20-м.). Ширкатни ташкил этиш тўғрисидаги (шунингдек унинг ваколатига кирувчи масалаларга доир) қарор, агар умумий йиғилишда иштирок этаётган барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50 фоизидан кўпи уни ёқлаб овоз берса, қабул қилинган ҳисобланади (Қонуннинг 31-м.).
Умумий йиғилиш қарори турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари, шу жумладан овоз беришда иштирок этмаганлар ёки қарши овоз берганлар томонидан ҳам бажарилиши мажбурийдир (Қонуннинг 21, 41-моддалари). Яъни кўпчиликнинг қарорига норози бўлган камчлик мулкдорлар кўпчилик томонидан қабул қилинган қарорга бўйсуниши керак.
Ширкат ташкил этилган кўп квартирали уйдаги жойни сотиб олувчи шахслар ўзида жойга бўлган мулк ҳуқуқи юзага келган пайтдан эътиборан ширкат аъзосига айланади. Жой бошқа шахсга ўтказилган тақдирда ширкат аъзоси бўлган унинг мулкдори янги мулкдорни ўзининг ширкат аъзоси эканлиги ҳамда ширкат уставида белгиланган, янги мулкдорга ўтадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт (Қонуннинг 30-м.).
Ширкатга аъзолик қуйидаги ҳолларда тугатилади:
- жойга бўлган мулк ҳуқуқи бекор қилинганда;
- ККУдаги жойлар мулкдорларининг кўпчилиги томонидан ширкатдан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинганда;
- ширкат тугатилганда (Қонуннинг 35-м.).
Янги Қонунда умумий йиғилишда мулкдорлар томонидан қарорлар қабул қилиниши ҳуқуқи бироз торайган. Умумий йиғилиш кворуми мулкдорларнинг 50 фоизидан кўпни ташкил этиши керак. Умумий йиғилишда иштирок этаётган мулкдорларнинг ярмидан кўпи овоз берган тақдирда қарор қабул қилинган деб ҳисобланади. Агар уйда 70 та квартира мавжуд бўлса, умумий йиғилишда 36 мулкдор иштирок этган тақдирда ҳам кворумга амал қилинган ҳисобланади. 19 нафар аъзо овоз берган тақдирда қарор қабул қилинган ҳисобланади. Овоз бермаган ёки йиғилишда иштирок этмаган қолган 51 нафар мулкдор шу қарорга бўйсунади. Бу қай даражада адолатдан?
Айни вақтда Қонунда умумий йиғилишда мулкдорларнинг бевосита иштирокисиз қарорлар қабул қилишнинг бошқа усуллари ҳам таклиф этилаётир: сўровнома ўтказиш йўли билан ёки мулкдорнинг вакили орқали ишончнома бўйича. Бу ўринда кўп нарса ширкат бошқаруви томонидан қарорлар қабул қилишнинг белгиланган муқобил усулларини амалга оширишга риоя этилишига боғлиқ.
Шуни қайд этиш керакки, ўз кучини йўқотган «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда агар ширкат аъзоларининг 50 фоизидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қарор қабул қилинган ҳисобланиши меъёри бор эди. Лекин айнан қайси ширкат аъзолари – умумий йиғилишда иштирок этаётганми ёки умуман ширкат аъзоларими, бу масалага ойдинлик киритилмаган эди. Бу эса мулкдорларнинг тор доирасида қабул қилинган умумий йиғилишнинг айрим қонунга хилоф қарорларининг низолашуви имкониятини туғдирар эди.