Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 35 / Кадрлар бўлими

Таътилга чиққан ходим касал бўлиб қолса

 

Ходим таътилга чиқди, қайтишда меҳнатга қобилиятсизлик варақасини тақдим этди. Бухгалтерлар ва кадрлар ишини юритувчи ходимлар амалиётда бундай вазиятга кўп тўқнаш келадилар. Бир қатор саволлар юзага келади: бу ҳолда касаллик варақаси бўйича тўловлар суммаси қандай ҳисобланади? Таътил кунларини кўчириш керакми? Иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилган бўлса, нима қилиш керак?

 

«Norma» компаниясининг эксперти Дилором САИДОВА таътил пайтида берилган касаллик  варақалари учун ҳақ тўлашга оид жиҳатлар ҳақида гапириб берди.

– Ходим таътил пайтида касал бўлиб қолган бўлса, меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўлаш керакми? Меҳнатга қобилиятсиз бўлган кунларига тўғри келадиган таътил кунлари кўчириладими? Ушбу саволларга бериладиган жавоблар таътил учун ҳақ тўланиш-тўланмаслигига боғлиқ.

Иккала вариантни кўриб чиқамиз:

 

1. Ходим иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилда

Меҳнатга қобилиятсиз бўлган кунлар иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилга тўғри келиб қолса, меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланмайди (Низом 22-б., АВ рақами 1136, 8.05.2002 й.).

Вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган кунлар ҳисобига узайтирилиши ёки кўчирилиши мумкин бўлган йиллик ҳақ тўланадиган таътилдан фарқли равишда, ўз ҳисобидан олинган таътил касаллик сабабли кўчирилмайди ва узайтирилмайди.

Касаллик даври давом этса – бу бошқа гап. Ўз ҳисобидан олган таътил тугаган, бироқ касаллик варақаси ҳали ёпилмаган бўлса, ходим ишга чиқиши керак бўлган кунлар учун нафақа олиш ҳуқуқига эга.

 

Мисол.Касаллик даври қисман ўз ҳисобидан олинган таътилга тўғри келди  

Ходим 5 кунга – 18–22 май кунлари ўз ҳисобидан таътилга чиқди, бироқ касаллик варақасига қараганда таътилда 7 кун – 21–27 май кунлари касал бўлди. 28 май куни ишга чиқиб, бухгалтерияга касаллик варақасини тақдим этди.

Бухгалтер 23–27 май кунлари учун нафақа ҳисоблаши керак.

 

2. Ходим навбатдаги меҳнат таътилида бўлганда

Бу ҳолда меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади (Низом 14-б.). Ходимнинг иш берувчи билан келишувига кўра меҳнат таътили узайтирилади ёки бошқа вақтга кўчирилади (МК 145-м.).

 

Мисол. Касаллик сабабли таътилнинг бир қисмини кўчириш 

Ходимга 18 иш кунига – 2020 йил 1–21 август кунлари учун таътил берилди. Ходим буйруққа биноан 24 август куни ишга чиқиб, 12–17 август кунлари учун берилган вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасини тақдим этди.

Ходим касал бўлишидан аввал – таътилнинг 9 иш кунидан, касалдан тузалгач таътилнинг 4 иш кунидан фойдаланган. Расмийлаштирилган 18 иш кунининг жами 13 иш кунидан фойдаланган. Демак, ходим дам олишни 5 иш кунига – 24–28 август кунларига узайтириб, 31 августдан ишга чиқиш ҳуқуқига эга. Ёки фойдаланилмаган таътил кунларини бошқа вақтга кўчириш мумкин.

Касаллик сабабли таътилнинг узайтирилишини ёки унинг фойдаланилмаган қисмининг кўчирилишини ходимнинг ёзма аризаси ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси асосида буйруқ билан расмийлаштириш лозим. Иш вақти ҳисобини юритиш табелига ва Т-2 шаклидаги шахсий варақага ҳам ўзгартиришлар киритиш керак.

Прочитано: 752 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика