Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 35 / Биз яшайдиган уй

Қарорлар қабул қилинг – муқобил йўллари бор

 

1 августдан «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ-581-сон) кучга кирди. Қонун 7.11.2019 йилда қабул қилинган бўлса-да, лекин амалга киритилмаган эди, сабаби у республиканинг учта минтақаси – Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Марғилон ва Жиззах шаҳарларида апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказилишини назарда тутар эди.  
Пандемия ўз ишини кўрсатди – кутилган экспериментни ўтказишнинг имкони бўлгани йўқ. Биз Қонуннинг асосий қоидаларини «Норма маслаҳатчи» газетасининг  саҳифалари ва norma.uz сайтида газетанинг электрон версиясида тушунтириб берган эдик. 
Кўп квартирали уйларда (ККУ) яшовчи фуқаролар учун юқори даражада ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатнинг энг муҳим ҳуқуқий янгиликларини яна бир бор эслатиб ўтишни лозим топдик.  
Қонун ККУни бошқаришнинг барча усулларини тартибга солади 
ККУни бошқаришнинг фақат битта усулини тартибга солувчи ўз кучини йўқотган «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонундан фарқли ўлароқ, янги ҳужжатнинг миқёслари кенгроқдир. Унда кўп квартирали уйларни бошқаришнинг барча усуллари учун тартиблар белгиланади.
ККУни бошқариш имкониятлари кенгайтирилган
Қонунда ККУни бошқаришнинг қуйидаги 3 та усули назарда тутилади:
 уй-жой мулкдорларининг ширкати (УМШ) томонидан;
 бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан;
 юридик шахс – бошқарувчи ташкилот томонидан ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган бошқарувчи ташкилот (БТ) томонидан шартнома асосида (кейинги ўринларда бошқарув органлари деб юритилади).
Бошқарувга нисбатан умумий ёндашув аввалгидек қолди: ККУни бошқариш усули ундаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади (Қонуннинг 8-м.).
ККУни бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқаришнинг (УМШни ташкил этмаган ҳолда) тартиби батафсил ёритилган
Бевосита бошқаришда қарорлар қабул қилиш учун кворум ўрнатилган. Олдинлари бунинг учун жой мулкдорларининг 100 фоизлик овози талаб қилинар эди, ваҳоланки амалда бунга эришиш амри маҳол бўлган. Эндиликда қарор кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Бевосита бошқарув усулидан фақат битта ККУда фойдаланиш мумкин.
Бевосита бошқарувда мулкдорлар кўп квартирали уйнинг кенгашини сайлашади.
Уй кенгашининг ваколатлари, кенгаш раисини сайлаш ва унинг ваколатлари белгиланган.
Шартномалар тузиш тартиби келтирилган.
ККУда умумий мол-мулкни сақлашга доир хизматлар кўрсатиш, шунингдек коммунал хизматларни етказиб берувчилар билан шартномалар жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида кўп квартирали уй кенгашининг раиси томонидан тузилади. 
Учинчи шахслар билан муносабатларда кўп квартирали уйнинг мулкдорлари номидан жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши ваколат берган бир ёки бир неча жой мулкдори иштирок этишга ҳақли (Қонуннинг 24-м.).
Бошқарувчи ташкилотлар учун жавобгарлик ва малака талаблари оширилган 
Бошқарувчи (жисмоний шахс) якка тартибдаги тадбиркор сифатида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши ва малака (аттестация) сертификатига эга бўлиши керак.
БТ штатида кўп квартирали уйни бошқариш бўйича тегишли малака (аттестация) сертификатига эга бўлган камида 2 нафар мутахассис бўлиши зарур.
БТ ёки бошқарувчи умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек ККУга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилган ва ишлар бажарилган тақдирда, хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш)га тааллуқли қисм бўйича барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилади (Қонуннинг 27-м.).
БТ билан жойларнинг мулкдорлари ўртасида бошқарув шартномаларини тузиш ва уларни бекор қилиш қоидалари тартибга солинади. 
БТ ёки бошқарувчи ККУни бошқариш шартномаси бекор қилинган кундан эътиборан 3 иш куни ичида ККУнинг техник ҳужжатларини ва уйни бошқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни, қолдиқ пул маблағларини, умумий мол-мулк таркибига кирадиган жойларнинг калитларини ҳамда ККУдан фойдаланиш ва уни бошқариш учун зарур бўлган бошқа техник воситаларни ҳамда асбоб-ускуналарни янги танланган бошқарувчи ташкилотга ёки бошқарувчига ёхуд умумий йиғилиш қарорида белгиланган жой мулкдорига топшириши шарт (Қонуннинг 28-м.).
БТ ёки бошқарувчи жойларнинг мулкдорларига ўз молия-хўжалик фаолиятининг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги, умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича кўрсатилаётган хизматлар ҳамда бажарилаётган ишлар ҳақидаги, хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш тартиби ҳамда шартлари тўғрисидаги, уларнинг қиймати ҳақидаги ахборотдан эркин фойдаланишни таъминлаши шарт (Қонуннинг 29-м.).
УМШни ёпиш тўғрисидаги миш-мишлар ҳақиқатга мувофиқ эмас
Қонунда ККУни ширкат томонидан бошқариш тартиби анча кенг ёритилган. Ундаги янгиликлар нималардан иборат?
Яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари УМШ аъзолари ҳисобланадилар (Қонуннинг 30-м.).
УМШ бошқаруви раиси малака (аттестация) сертификатига эга бўлиши ёхуд у сайлангандан кейин 30 кун ичида тегишли сертификатни олиши керак. Акс ҳолда ширкатнинг умумий йиғилиши 10 кун ичида бошқа раисни қайта сайлайди (Қонуннинг 46-м.).
УМШ аъзолари нафақат умумий йиғилишни чақириш йўли билан, балки мулкдорлар орасида сўров ўтказиш, шунингдек умумий йиғилишда мулкдорнинг вакили орқали ишончнома бўйича ҳам қарор қабул қила олади (Қонуннинг 39, 42-моддалари).
УМШ раисининг ваколатларини тугатиш тартиби ҳам белгиланган. Раисни қайта сайлаш тўғрисидаги умумий йиғилишнинг қарори қабул қилинган санадан эътиборан 3 иш куни ичида у ККУнинг техник ҳужжатларини, қолдиқ пул маблағларини, УМШ муҳрини, жойларнинг калитларини ҳамда уйдан фойдаланиш ва уни бошқариш учун зарур бўлган бошқа техник воситалар ҳамда жиҳозларни ширкат бошқаруви раисининг мажбуриятларини ўз зиммасига олган шахсга топшириши шарт (Қонуннинг 46-м.).
Раис ширкат аъзоларининг талабига кўра ширкат аъзоларининг ўз ҳуқуқларига тааллуқли барча ҳужжатлардан, шу жумладан электрон шаклларидан фойдаланишини, шунингдек эркин фойдаланиладиган ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларини қўллаган ҳолда фойдаланишини таъминлаши керак (Қонуннинг 34-м.).
Ширкат аъзосининг эри (хотини), агар улар бирга яшаётган бўлса, ушбу аъзонинг номидан ширкат аъзолари умумий йиғилишида ишончномасиз иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқига эга.
Агар турар жой умумий мулк ҳуқуқи асосида икки ва ундан ортиқ шахсга тегишли бўлса, ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида шериклардан бири бошқаларнинг розилиги билан уларнинг номидан иштирок этади. Бунда уларнинг ҳар бири ширкат аъзолари умумий йиғилишида бир овоз доирасида овоз беришга ҳақли (Қонуннинг 40-м.).
Қарорлар УМШ аъзолари томонидан нафақат умумий йиғилишни чақириш, балки жой мулкдорлари орасида сўровнома ўтказиш йўли билан ҳам қабул қилиниши мумкин (Қонуннинг 43-м.).
Ер участкалари масаласи қандай ҳал этилади?
Қонунда ККУга туташ ер участкалари мажбурий тартибда жой мулкдорларига ҳужжатли бириктирилиши кераклиги белгиланган. 
Ер участкалари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жой мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. 
Ҳар бир ККУнинг кадастр паспортида ер участкаси тўғрисида маълумотлар, шунингдек ер майдонининг кадастр режаси мажбурий тартибда бўлиши шарт.
Кўп квартирали уйга туташ ер участкаси бўлинмасдир ва мустақил ер участкаларига ажратилиши мумкин эмас. 
Ер участкасини расмийлаштириш учун ККУ бошқарув органи ариза билан ҳокимиятга мурожаат қилади. Ҳокимият мурожаатдан кейин 30 кундан кечиктирилмаган муддатда ККУга туташ ер участкасининг чегаралари ва ўлчамларини белгилаши ҳамда бошқарув органига ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини белгиловчи зарур ҳужжатларни бериши шарт (Қонуннинг 7-м.).
Назорат Уй-жой фонди инспекцияси зиммасига юклатилди
Қонунда Уй-жой фонди инспекциясининг ваколатлари белгиланди.
Уй-жой фонди инспекцияси шу жумладан ижро этилиши мажбурий бўлган қуйидаги кўрсатмаларни беришга ваколатлидир:
 ККУ бошқариш органларига ёки жойларнинг мулкдорларига — ККУни сақлаш ва улардан техник фойдаланиш қоидаларининг ҳамда уларга туташ ер участкаларини сақлаш юзасидан;
 уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларига — хизматларни кўрсатишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан (Қонуннинг 12-м.).
Ҳокимиятнинг аралашуви тақиқланади  
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва улар мансабдор шахсларининг ККУни бошқариш органлари фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ККУни бошқариш органлари томонидан банк кредитларини олишдагина кафил бўлиши мумкин (Қонуннинг 49-м.).
Маҳалла билан қонунчиликка мувофиқ ўзаро муносабатлар 
ККУни бошқариш органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга доир ишларни ташкил этиш ҳамда бошқа масалалар бўйича ҳамкорлик қилади (Қонуннинг 49-м.). Бунда, албатта, ҳуқуқий майдон доирасидан чиқилмайди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ККУ бошқариш органлари ишини мувофиқлаштиради   
Бу иш, хусусан, қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:
 ККУдан ва уларга туташ ер участкаларидан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш бўйича тизимли ишларни самарали ташкил этиш;
 ККУнинг техник ҳолати мониторингини ўтказиш бўйича ишларни ташкил этиш;
 ККУни мавсумий фойдаланишга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш;
 ККУни бошқариш бўйича ахборот ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш;
 ККУни бошқариш органларининг фаолиятини ҳуқуқий ҳамда услубий жиҳатдан таъминлаш;
 бошқариш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
 ККУни бошқариш бўйича мутахассислар малакасини ошириш курсларини ташкил этиш;
 бошқарувчи ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ва бошқарувчиларни, ширкатлар бошқаруви раисларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларга кўп квартирали уйларни бошқариш учун малака сертификатини бериш (Қонуннинг 10-м.).
Янги қурилган уйларни бошқариш: ўзига хос хусусиятлар  
Янги қурилган ККУлар фойдаланишга топширилганда реализация қилинмаган жойларнинг умумий мол-мулкини сақлаш бўйича умумий харажатларда иштирок этиш улуши ушбу жойларга бўлган мулк ҳуқуқи расмийлаштирилган шахснинг зиммасида бўлади (Қонуннинг 16-м.).
 Жойларнинг мулкдорлари ККУ фойдаланишга қабул қилинган кундан эътиборан 3 ой муддатда умумий йиғилишда уйни бошқариш усули тўғрисида қарор қабул қилиши шарт. Бундай қарор қабул қилингунига қадар мулкдорлар умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ мажбуриятлар юзасидан солидар жавоб беради.
Юқорида кўрсатилган келишувга эришилмаган тақдирда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг бўлинмаси 3 ойлик муддатда бошқарув ташкилотини ёки бошқарувчини белгилайди. Агар ушбу муддат мобайнида мулкдорлар томонидан масала ҳал этилмаган бўлса, Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ККУни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказади (Қонуннинг 22-м.).
Бошқарувчилар танлов асосида танланади 
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси ККУни бошқариш бўйича танловнинг ташкилотчисидир.  
Очиқ танлов ўтказиш тўғрисидаги ахборот Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига ва бошқа ОАВга жойлаштирилади.
ККУни бошқариш учун очиқ танлов қуйидаги принципларга асосланади:
 танловда иштирок этиш учун тенг шароитлар яратиш;
 ҳалол рақобат;
 танлов ўтказиш тўғрисидаги ахборотни олиш эркинлиги (Қонуннинг 23-м.).
Умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари бошқа шахсга берилиши мумкин  
Умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари умумий улушли мулкнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарор асосида бошқа шахсга берилиши мумкин. 
Умумий мол-мулк, агар унинг бошқа шахсга берилиши ёки фойдаланиш учун ўтказилиши бошқа мулкдорларнинг ўз мулк ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайдиган бўлса, бошқа шахсга берилиши ёхуд фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин эмас.
Таянч ва тўсиқ конструкцияларни, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ҳамда қурилмалари ва бошқа ускуна ҳамда қурилмаларни бошқа шахсга бериш тақиқланади (Қонуннинг 13-м.).
Йил якунида – мажбурий бадаллар тўланиши ҳисоб-китоб қилинади 
Умумий мол-мулкни, ККУга туташ ер участкасини сақлаш бўйича мажбурий бадалларни ёки тўловларни тўлаш юзасидан якуний ҳисоб-китоб жорий йил тугаганидан сўнг амалда бажарилган ишларнинг ҳажмлари, уларнинг сифати ва бажарилиш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.
Харажатлар асослаб берилганда тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинади: етишмаган маблағлар ҳисобот йилидан кейинги даврда жойлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловларини шакллантиришда ҳисобга олинади, ортиқча маблағлар эса келгуси тўловлар ҳисобига олинади (Қонуннинг 16-м.).
Жой мулкдорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди
Мулкдорлар томонидан:
 умумий мол-мулкнинг, шунингдек ҳар қандай бошқа мулкдор мол-мулкининг бузилишига ёки хавфга дучор этилишига;
 тегишли рухсатномасиз ҳар хил иморатлар ва иншоотларни ўзбошимчалик билан тиклашга;
 ёнғинга қарши ўтиш жойларини, умумий йўлакларни, иҳоталанган пиллапояларни, захира чиқиш жойларини ва уйнинг бошқа умумий жойларини нарсалар ҳамда ускуналар билан тўсиб қўйишга;
 уй ҳайвонларини умумий фойдаланишдаги жойларда: зинапояларда, чердакларда, ертўлаларда, шунингдек умумий фойдаланишдаги ошхоналарда, балконларда ва пешайвонларда сақлашга;
 жойларни қайта қуриш ва қайта режалаштириш бўйича ККУнинг конструктив қисмлари таянч қобилиятини ҳамда зилзилага бардошлилигини бузадиган ишларни ўзбошимчалик билан амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Мулкдорлар ёки улар билан бирга яшовчи шахслар бошқа мулкдорларнинг мол-мулкига ёхуд умумий мол-мулкка етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.
Агар умумий мол-мулкнинг фақат мазкур жойдан кирилиши мумкин бўлган конструктив қисмларини текшириш, таъмирлаш ёки алмаштириш зарур бўлса, мулкдор ККУни бошқариш органи вакилларининг бу жойга киришига рухсат бериши шарт. Бундай ҳолларда мулкдор бу ҳақда олдиндан хабардор қилиниши керак. 
Авариянинг олдини олиш ёки унинг оқибатларини тезкор бартараф этиш зарур бўлган шошилинч ҳолларда олдиндан хабардор қилиш талаб этилмайди (Қонуннинг 19-м.).

 

Кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорлари аксарият ҳолларда кўпчиликнинг овози билан эмас, балки йиғилишда иштирок этаётган камчилик мулкдорларнинг овози билан қабул қилинади. Бу уй-жой қонун ҳужжатларидаги нормаларда белгиланганига айнан тескари ишдир. Негаки мулкдорларни умумий йиғилишга тўплаш бизда доим муаммо бўлган – кимдир йиғилишга келишни истамайди, бошқаси келолмайди, яна бошқалари учун бу ишларнинг умуман қизиғи йўқ.

Натижада демократик тамойил зарур тарзда ишламайди. Кўпчилик мулкдорлар ушбу ахборотни ўз вақтида олишмайди. Баъзида бу хабар уларга умуман етиб бормайди. Уйда яшовчиларнинг УМШ, бошқарувчи компания ёки уй кенгашининг иши тўғрисида хабардор бўлмаслиги – томонлар ўртасида юзага келаётган муаммоларга сабаб бўлаётир. ККУ бошқарув органларига нисбатан норозилик, ишончсизлик уруғлари шунда сепилади. Бунинг оқибати ўлароқ уйда яшовчилар мажбурий тўловларни тўлашдан бош тортишади, уй-жой фондини бошқариш дастаклари ишдан чиқади. Турар жойга оид янги қонун ҳужжатлари мулкдорлар умумий йиғилиши томонидан қарорлар қабул қилишнинг муқобил вариантларини назарда тутади: умумий йиғилишда ширкат аъзосининг иштирок этиши, мулкдорлар ўртасида сўров ўтказиш шулар жумласидан. Ўз кучини йўқотган «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда ҳам бундай вариантлар назарда тутилган бўлса-да, бироқ улар етарлича тартибга солинмаган эди. «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда бу муаммолар бартараф этилди, қарорлар қабул қилишда турар жой мулкдорларининг имкониятлари кенгайтирилди. Бу имкониятлардан фаол фойдаланиш учун нималарни билиш зарур?

 

Ширкат аъзосининг вакили умумий йиғилишда 

Умумий йиғилишда кимлар ширкат аъзосининг вакили сифатида иштирок эта олади?

– Ширкатнинг бошқа аъзоси ёки ширкат аъзосининг оддий ёзма шаклда расмийлаштириладиган ишончномасига эга бўлган учинчи шахс ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида ширкат аъзосининг вакили бўлиши мумкин.

 Ширкат аъзолари бўлмиш жисмоний ва юридик шахсларнинг номларидан бериладиган ишончномаларда фарқланишлар борми?

– Жисмоний шахснинг номидан ишончнома унинг шахсий имзоси билан, юридик шахснинг номидан ишончнома эса раҳбар имзоси билан шу юридик шахс муҳри (мавжуд бўлган тақдирда) қўйилган ҳолда берилади.

 

Ишончномалар нималар ўз аксини топган бўлиши керак?

Ишончномада тегишли кўп квартирали уйдаги ифода этилаётган жой мулкдори ва унинг вакили тўғрисидаги маълумотлар (исми ёки номи, яшаш жойи ёки турган жойи, паспорт маълумотлари) бўлиши керак.

Ишончнома УМШ аъзосининг вакилига қандай ваколатларни беради?

Ишончнома ширкат аъзосининг вакилига ширкат аъзо­ларининг битта ширкат аъзолари умумий йиғилишида ёки ишончномада кўрсатилган вақт давомида барча йиғилишларида ширкат аъзосининг номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб сўзга чиқиш ҳамда битта йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан ёхуд барча ҳолларда овоз бериш ваколатини бериши мумкин.

 

Ишончнома қайси муддатга берилади?

– Ширкат аъзосининг ишончномаси 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у ишончнома берилган кундан эътиборан бир йил давомида ўз кучини сақлаб қолади. Берилган муддати кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.

 

 Ишончнома берилган шахс умумий йиғилишда УМШ аъзоларининг қанчасининг номидан иштирок этиши мумкин?

Бир шахс умумий йиғилишда ширкат аъзоларидан бир нечтасининг вакили бўлиши мумкин. Шундай бўлган тақдирда, унинг овозлари сони у манфаатларини ифодалаётган ширкат аъзоларининг овозлари сонига кўпаяди. Бунда вакил ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида ўзи манфаатларини ифодалаётган ҳар бир ширкат аъзо­сининг номидан алоҳида-алоҳида овоз бериш ҳуқуқига эга (Қонуннинг 39-м.).

Сўровнома ўтказиш орқали қарор қабул қилиш

Ширкат аъзолари умумий йиғилиш қарори лойиҳаси билан қандай танишишлари мумкин?

- Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида сўровнома ўтказиш орқали қарор қабул қилиш учун йиғилиш ташаббускори умумий йиғилиш қарорининг лойиҳасини ширкатнинг ҳар бир аъзосига юбориши шарт. Қарор лойиҳаси ягона ҳужжат тарзида тузилган бўлиши керак.

 

Умумий йиғилиш қарори лойиҳасида қандай маълумотлар бўлиши керак?

Ширкат аъзолари умумий йиғилиши қарорининг лойиҳасида йиғилиш ташаббускори тўғрисидаги маълумотлар, қарор юборилиши лозим бўлган жой ва манзил, овоз бериш учун назарда тутилган, 5 кундан кам бўлиши мумкин бўлмаган муддат, шунингдек бошқа зарур ахборот кўрсатилади.

УМШ аъзолари қандай овоз берадилар?

–  Ширкат аъзолари ҳар бир масала бўйича қарор лойиҳасининг аслига ўз имзосини қўйиш орқали ёзма равишда алоҳида овоз бериши (ёқлаб, қарши ёки бетараф) ва қарорни йиғилиш ташаббускори томонидан кўрсатилган жойга ёки манзилга топшириши шарт.

Қарор қачон қабул қилинган деб ҳисобланади?

– Қарор лойиҳаси бўйича унга ёзма равишда кўпчилик овоз берган тақдирда у қабул қилинган деб ҳисобланади.

Ёзма равишда сўров ўтказиш йўли билан овоз беришда қарор лойиҳасига ўзгартиришлар киритиш мумкинми?

Қарор лойиҳаси бўйича овоз беришда унга қўшимча ёки ўзгартишлар киритиш тақиқланади.

Овоз бериш чоғида қарор лойиҳасига ўзгартириш ёки қўшимча киритиш зарурати юзага келган тақдирда қандай йўл тутилади?

Агар овоз бериш чоғида қарор лойиҳасини ўзгартириш ёки унга қўшимча киритиш зарурати юзага келса, янги лойиҳа тузилиши ҳамда ширкатнинг ҳар бир аъзосига ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сабаблари кўрсатилган ҳолда юборилиши керак. Ўзгартишлар ёки қўшимчалар билан қабул қилинган, ширкат аъзоларига юборилмаган қарор ҳақиқий эмас (Қонуннинг 42-м.).

 

Прочитано: 378 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика