Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 35 / Биз яшайдиган уй

Қандай қилиб йирик УМШдан чиқиш ва мустақил рўйхатдан ўтиш мумкинлигининг 11 қадами

 

Йирик УМШ ишидан норози бўлган фуқаролар ундан чиқиб кетиб, мустақил ширкатни тузмоқчи бўлишганикўп учрайдиган ҳолат. Одатда «ажралиб кетиш» оғир кечади. Ҳамма нарса очиқ-ойдин, тушунарли бўлган муваффақият билан ишлаётган ширкатдан-ку, ҳеч ким чиқмайди. Қонунбузарлик устига қонунбузарлик бўлиб турган ширкатдан эса чиқишингизга йўл беришмайди, тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатишади. У ердаги ёндашув аниқ – уйлар қанча кўп бўлса, шунча соз. Савол туғилади: кимлар учун соз? Ҳар ҳолда мулкдорлар учун эмаслиги аниқ. УМШ аъзолари бир қисмининг бундай ҳамжамиятлардан чиқиб кетиши бошқалар учун ўрнак бўлиши мумкин. Уйларда яшовчилар молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумотларни талаб қила бошлашади. Қонунбузарлик билан ишлаётганларнинг сир-асрорлари юзага чиқиб қолиши мумкин. Раҳбарият яшовчиларга бадалларни тўламаётганлари, кредит маблағларини сўндиришнинг имконияти бўлмаётганини рўкач қилади. Фуқаролар эътироз билдиради: «Кредитлар олмаганмиз, бу борада ҳеч нарса билмаймиз, маблағларнинг қаерга кетгани – бизга қоронғу». Майли, шундай ҳам дейлик, аммо битта «лекини» бор-да. Агар йирик ширкатда раҳбариятнинг иши назоратга олинган бўлмаса, яшовчилар ўзларининг пешона тери билан топган пуллари нималарга сарфланганини билмаса, демак, улар ўз маблағларининг бошқалар томонидан ўнгу сўлга исроф қилинишига йўл қўяётган бўлади.  Бу ҳолда янги ширкатларда ўзгаришлар бўлишига умид қилиш мумкинми? Муаммо уйларнинг сонида эмас, одамларда қолган. Одамлар шинам уйларда яшашни қанчалик хоҳлашади, бунинг учун бирор ҳаракат қилишга тайёрмилар-йўқми, гап ана шунда.  Йирик УМШдан асаббузарликлар билан эмас, балки дўстона ажраб чиқиш учун нималарни билиш лозим?

 

Қандай вариантлар бор?

Энг кўп тарқалган вариант – ширкатни қайта ташкил этмаган ҳолда, аъзолар бир қисмининг фаолият кўрсатаётган УМШдан чиқиши йўли билан ташкил этишдир. Бу усул «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатига олиш тартиби ва ҳисобга қўйиш тўғрисидаги низом (10.02.2005 йилдаги ПҚ-3-сон қарорга 3-илова) билан тартибга солинади.

 

1-қадам. Ташаббускор гуруҳни ташкил этиш

Йирик ширкатдан чиқиш мўлжалланаётган уйда фаол мулкдорлардан иборат ташаббускор гуруҳни ташкил этмоқ зарур. Шу гуруҳдагилар яшовчиларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, кўп квартирали уйни бошқариш усуллари, йирик ҳамжамиятдан чиқиб, бир уйли УМШни ташкил этишнинг афзалликлари хусусида тушунтирадилар, одамларнинг бу борадаги масалаларга доир фикрларини аниқлайдилар.

 

2-қадам. Уй ва унда яшовчилар ҳақида ахборот йиғиш

Параллель равишда ташаббускор гуруҳ уйнинг техник ҳолати, турар жой ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари, квартирантлар, ижарада турувчилар ҳақида аниқлайди, боғланиш маълумотларини аниқлаштиради. Уйда электрик, сантехник, бухгалтер, слесарь бор-йўқлигини аниқлайди, уларнинг уйни сақлаб туришда ёрдам бера олишларига эътиборни қаратади. 

 

3-қадам. УМШ таъсис мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўриш

Йирик УМШдан чиқиш ташаббускорлари ширкатнинг устав лойиҳасини тайёрлайди, уни танишиб чиқиш учун мулкдорларга беради. Умумий йиғилиш ўтказиладиган жой, сана, вақт ва унинг кун тартиби тўғрисида мулкдорлар йиғилиш ўтказилгунига қадар 10 кундан кечиктирмай хабардор қилинади.

Бунинг учун уйларнинг ҳар бир йўлагига эълон жойлаштирилади ёки эълон мулкдорларга имзо қўйдириб топширилади. Жойларнинг мулкдорлари бўлган юридик шахслар хабарни буюртма хат билан юридик манзилга юбориш ёхуд электрон хабар қилиш ёки хабарни ваколатли вакилга имзо қўйдириб топшириш орқали хабардор қилинади (Қонуннинг 31-м.).

 

4-қадам. УМШ таъсис йиғилишини ўтказиш

Ширкатнинг таъсис йиғилишида ККУдаги жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50 фоизидан кўпи ҳозир бўлиши керак.

УМШни ташкил этиш тўғрисидаги қарор, агар таъсис йиғилишида иштирок этаётган барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50 фоизидан кўпи уни ёқлаб овоз берса, қабул қилинган ҳисобланади.

Жойлар мулкдорларининг таъсис йиғилиши кун тартиби ширкатни ташкил этиш, унинг уставини тасдиқлаш, ширкат бошқарувининг раиси ва аъзолари, тафтиш комиссиясини сайлашдан иборат бўлади.

Жойлар мулкдорлари таъсис йиғилишининг овоз бериш натижалари ҳамда ёзма шаклда берилган овозлар сони кўрсатилган баённомаси жойларнинг мулкдорлари орасидан сайланган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Баённомага йиғилишда иштирок этган шахсларнинг ҳар бир муҳокама қилинган масала бўйича ўз хоҳиш-истаги ифодаланган ҳолдаги, уларнинг имзолари билан тасдиқланган рўйхати илова қилинади (Қонуннинг 31-м.).

 

5-қадам. Собиқ ширкат раисини хабардор қилиш

Бир қисм аъзолари ундан чиқаётган ширкатнинг раиси мулкдорлар умумий йиғилиши қарори ҳақида хабардор қилинади. Раис умумий йиғилиш баённомасининг нусхасига имзо қўяди (Низомнинг 6-б.).

 

6-қадам. Ташаббускор гуруҳ томонидан УМШни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар пакетини тайёрлаш

У ўз ичига қуйидагиларни олади:

Ø мулкдорлар ваколат берган шахс томонидан имзоланган аризани;

Ø УМШни ташкил этиш тўғрисидаги қарор ва овоз бериш натижаси билан бирга уйдаги квартиралар мулкдорларининг умумий йиғилиши баённомасидан кўчирмани;

Ø ширкатнинг уставини;

Ø УМШни ташкил этиш учун овоз берган уйдаги квартиралар мулкдорларининг рўйхатини, унга паспорт маълумотлари ва манзиллари, квартирага ҳуқуқни ўрнатувчи ҳужжатларнинг номи ва реквизитлари ва мулкдорларнинг имзолари қўшилади;

Ø уйдаги квартиралар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг манзилли рўйхатини;

Ø туман (шаҳар) статистика органлари томонидан берилган фирма номи тўғрисидаги гувоҳномани;

Ø уч нусхада муҳрлар ва штампларнинг эскизларини;

Ø аъзоларининг бир қисми чиқиб кетган УМШ қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилингани далилини тасдиқловчи ҳужжатлар (нусхалари)ни (Низомнинг 4, 6-бандлари);

Ø тақсимлаш баланси (имкон борича).

 

Бу муҳим!

УМШни қайта ташкил этмаган ҳолда амалдаги УМШдан аъзоларнинг бир қисми чиқиб кетиши йўли билан ширкатни ташкил этиш учун Низомда тақсимлаш балансини тақдим этиш назарда тутилган эмас. Шунга қарамасдан уни рўйхатдан ўтказувчи орган талаб қилади. Бу олдинги ширкат таркибига кирувчи уйларни мукаммал таъмирлаш учун олинган кредитларни тўлаш билан боғлиқ масаладир.

Низомнинг 6-бандида аъзоликдан чиқилаётган ширкат билан унинг собиқ аъзолари (квартиралар мулкдорлари) ўртасидаги ижро этилмаган ўзаро мажбуриятлар томонларнинг келишуви билан ёки суд тартибида тартибга солиниши белгиланган. Янгидан ташкил этилаётган ширкат илгари аъзолари ҳисобланган ширкатнинг олдидаги ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис бўлмайди.  Яъни собиқ УМШ собиқ аъзоларнинг мажбурий бадаллари бўйича қарздорликни ундириш бўйича янгидан тузилган ширкатга талабнома тақдим эта олмайди. Собиқ УМШ ўзининг собиқ аъзоларига нисбатан якка тартибда, шу жумладан суд органларига мурожаат қилган ҳолда чоралар кўра олади.  

Томонлар ўртасидаги қарама-қаршиликларни камайтириш учун олдирги УМШнинг раҳбариятидан қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузишни талаб қилса бўлади. Кўп ҳолларда моддий қимматликлар олди-бердиси солиштирилганда истеъфога чиқарилган ширкат ютқизувда қолади.

 

7-қадам. Собиқ ширкатга талабнома

Ташаббускор гуруҳ мулкдорлари чиқиб кетаётган ширкатнинг раисига охирги бир неча йилда уй бўйича ҳақиқатда бажарилган ишлар тўғрисида маълумотларни тақдим этиш талаби билан чиқади. 

 Кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорлари ширкатдан чиққан тақдирда, ширкатнинг ушбу кўп квартирали уйни капитал таъмирлаш мақсадида жойларнинг мулкдорлари томонидан тўпланган маблағлар ҳисобидан шакллантирилган пул маблағларининг тегишли қисми кўп квартирали уйни бошқариш бўйича янги тузилаётган органга белгиланган тартибда ўтказилиши лозим (Қонуннинг 36-м.).

 

8-қадам. Томонларнинг қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузиши

Солиштирмалар ўтказилаётганда шу жумладан йирик УМШдан чиқаётган уйнинг таъмирланишига сарфланган харажатлар кредит маблағларининг қайта ҳисоб-китоби амалга оширилади. Қанча маблағ келиб тушгани, қанчаси сўндирилгани, улар қандай ишларга сарфлангани, тўлаш учун яна қанча қолгани кўрсатилади.

 

9-қадам. УМШни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар пакетини Давлат хизматларини кўрсатиш марказига топшириш

Ширкатни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар пакети УМШни рўйхатдан ўтказаётган Давлат хизматлари марказига уни солиқ ва статистика органларида ҳисобга қўйиш, муҳрлар ва штампларни тайёрлашга рухсатнома олиш,  шунингдек доимий фойдаланиш ҳуқуқида ер участкаларини тақдим этиш билан бирга берилади (Низомнинг 2-б.).

 

10-қадам. УМШни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарор

Ширкатни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қарор ёки асослантирилган рад жавобини рўйхатдан ўтказувчи орган рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кундан эътиборан камида 10 иш куни давомида қабул қилади (Низомнинг 7-б.).

 

11-қадам. Банкда счётлар очиш

Ширкат банкда ҳисобварақ счётини очади, қабул қилиш-топшириш далолатномасини беради, шу далолатнома асосида қолган кредит маблағларини сўндириш тартиби белгиланади.

Прочитано: 120 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика