Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 35 / Кадрлар бўлими

Бухгалтерни муддатли шартнома бўйича ёллаш мумкинми?

 

Умумий қоидага биноан иш берувчи ходимлар билан номуайян муддатга – муддатсиз меҳнат шартномаси тузиши шарт. Бунда баъзан ташкилотда «вақтинчалик» ходимни ишга қабул қилишга оқилона эҳтиёж  юзага келади. Қонунчилик ҳам бунга қатъий муайян вазиятларда йўл қўяди. «Norma»   компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА қандай шартларда бунинг имконияти мавжудлигини тушунтирди.

 

– МКнинг 75-моддасига асосан меҳнат шартномалари:

  • номуайян муддатга;
  • 5 йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга;
  • муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.

Фақат қуйидаги ҳолларда муддатли шартнома тузиш мумкин:

1) бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш имконини бермаса (ОСПнинг 17.04.1998 й. 12-сон қарори 5-б.).

Масалан:

Ø сизда – мавсумий иш. У тугагандан кейин ходимга бўлган талаб йўқолади. Ёки ходим қандайдир объектнинг қурилиши тугагунга қадар қабул қилинади;

Ø ишнинг ўзи доимий бўлиши мумкин, бироқ уни бажариш шарти муддатли меҳнат шартномаси расмийлаштирилишини талаб этади. Масалан, ходима «декрет» таътилига чиқди, унинг ўрнига сиз ушбу «декрет таътили»га чиққан ходиманинг ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан ёки бола парвариши таътилидан ишга чиқиши муддатига қадар бошқа шахсни вақтинчалик ишга оласиз;

Ø ходимнинг ўзи муайян муддатга шартнома тузилишидан манфаатдор бўлиши мумкин (айтайлик, 3 ойдан кейин бошқа жойга яшаш учун кўчиб кетади ёки 2 ойдан кейин «ўзи орзу қилган компанияга»  ишга жойлашишга келишиб олган ёхуд ўзининг бошқа ҳаётий ҳолатлари). Бу ҳолда ходим ўз аризасида нима учун сизда муддатсиз эмас, балки фақат муайян давр ишлашни хоҳлаши сабабини кўрсатгани маъқул. Бу иш берувчини кейинчалик ортиқча муаммолардан халос этади.

2) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари ёки бош бухгалтерни ишга олаётганда. Корхонада бош бухгалтер лавозими мавжуд бўлмаганда эса – унинг вазифаларини бажарувчи ходимни ишга олаётганда (МК 76-м. 3-хатбоши);

3) қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда (МК 76-м. 4-хатбоши).

Масалан:

  • «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун муддатли меҳнат шартномалари тузишга рухсат беради;
  • «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 79-моддаси шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни бекор қилиш мумкинлиги тўғрисида ҳар йили қарор қабул қилинган ҳолда – АЖ директори ва бошқарув аъзолари билан 1 йил муддатга шартнома тузилишини назарда тутади;
  • Президентнинг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг (24.05.2017 йилдаги ПФ-5052-сон) 6-банди микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига ходимларнинг розилигини олган ҳолда, муайян муддатли меҳнат шартномалари, жумладан, вақтинчалик бир марталик ишларни бажаришга меҳнат шартномалари тузишга рухсат беради. Ушбу норма ўқишни тамомлаган даврдан бошлаб 3 йил ичида биринчи марта ишга кираётган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришда қўлланилмайди.

Ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилишига йўл қўйиладиган ҳолатлар рўйхати – тугал ҳисобланади. Агар ходим МКнинг 76-моддаси қоидалари инобатга олинмаган ҳолда муайян муддатга қабул қилинган бўлса, шартнома муддати тўғрисидаги шарт ҳақиқий эмас ҳисобланади, ходим эса ишнинг биринчи кунидан бошлаб номуайян муддатга қабул қилинган ҳисобланади.

Меҳнат қонунчилиги муддатли меҳнат шартномасининг амал қилиши даврининг энг кўп муддатини – 5 йилни белгилайди (МК 75-м. 3-хатбоши). Қисқароқ муддатга меҳнат шартномаларини расмийлаштиришга тақиқ мавжуд эмас. Бинобарин, муддатли меҳнат шартномалари исталган муддатга, бироқ 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга тузилиши мумкин (1 ой, 3 ой, ярим йил, йил ва ҳ.к.).

 

6 ойгача муддатга ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгилаш мумкин эмас (МК 84-м. 3-қ.).

Амалиётда айрим иш берувчилар ходимларни доимий тараддудда, яъни муддати ўтгач ишдан бўшатиш хавфи остида ушлаб туриш учун уларни деярли барча ходимлар билан 1 йил муддатга расмийлаштирган ҳолда муддатли меҳнат шартномаси тузишни суиистеъмол қиладилар.

Такрорлаймиз: барча ходимлар билан кетма-кет муддатли шартномалар тузиш мумкин эмас. Буни фақат юқорида келтириб ўтилган асослар бўйича амалга ошириш мумкин.

Прочитано: 742 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика